Menu
Categories
Малика Салимова: Сиз ўша, Суймаган ёрини қучиб, ишқнинг оловида эримаган муз…
08/02/2020 Адабиёт
Мен ўша,
Ёшликнинг ён дафтарида,
Ярими кесилган суратдаги қиз.
Мен ўша бир қадам сиздан нарида,
Бахтга етолмайин яшайман ёлғиз.
Сиз ўша,
Бир бора йўлимни пойлаб,
Ё қўшни боладан йўлламаган хат.
Сиз ўша ёр-ёрни тинглаган йиғлаб,
Севги деганига ўқилган лаънат!
Мен ўша,
Қисматга жим эгилган бош,
Ва ота измига кўнган палаҳмон.
Мен ўша,
темирдан ясалган бардош,
Ва қирқта бўлакка майдаланган жон!
Сиз ўша,
Суймаган ёрини қучиб,
ишқнинг оловида эримаган муз.
Сиз ўша ёлғондан қасамлар ичиб,
Кимнинг кўз ёшига аралашган туз!
Мен ўша,
Ҳаттоки ҳаёлларида,
Сизни ўйламоқни ҳиёнат билган,
Мен ўша ҳар тонгда қурисин дея,
Ётган ёстуғини қуёшга илган!
Сиз ўша,
заҳ ерга бағрини бериб,
Тўрдаги балиқдек тўлғанаётган,
Сиз ўша
ҳар кеча бир ҳил туш кўриб,
Исмимни шивирлаб уйғонаётган.
Мен ўша,
Исмингиз қўйиб ўғлига,
Бешикни қучоқлаб аллалар айтган.
Мен ўша баҳорга етмасдан туриб,
Кузнинг хазонидек тўкилиб кетган!
Сиз ўша,
Бир бора севдим, демаган…
Мен ўша,
суймасдан тегдим, демаган…
Малика Салимова
Leave a Reply
*