Menu
Categories
А.Орипов: Ўртага айрилиқ, зор тушса тушсин, Ва лекин ҳеч қачон ағёр тушмасин…
08/02/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла Орипов

ТУШМАСИН

У йироқ тоғларга қор тушса тушсин,
Сенинг боғларингга зинҳор тушмасин.
Ўртага айрилиқ, зор тушса тушсин,
Ва лекин ҳеч қачон ағёр тушмасин.

Мен секин кузатдим шитоб дунёни,
Нечоғ омонатдир одамзот жони.
Қўлинг энди ошга етгани они,
Бошингга ногаҳон чўқмор тушмасин.

Биров тингламаса сухан не керак,
Ҳар кимга буюрсин сирдош бир юрак.
Агарда бор бўлса содиқ дўст-тиргак,
Орага туғаноқ – девор тушмасин.

Учрагай дунёда турфа хил армон,
Гоҳи ғолибдурсан, гоҳ мағлуб, нолон.
Кўниккай барига ҳаётда инсон,
Лекин ғам устма-уст , такрор тушмасин.

Тепангда бор экан Парвардигоринг,
Магарки элу юрт номус ва оринг,
Ватанни куйламак бўлса шиоринг,
Дилингга бошқа ҳеч қарор тушмасин.

Leave a Reply
*