Шунча ўлимларни эшитаётгандим. Аммо бунисини қабул қилиш қийин.
Абдураҳмон ака, Жойингиз жаннатда бўлсин!
АЛВИДО, АБДУРАҲМОН АКА…
Тошкент ирригация институти ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги университети профессори Абдураҳмон Ражабов кеча дорилфанодан дорилбақога риҳлат қилдилар.
Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмуд)нинг қиёматли дўсти, синфдоши эдилар.
Дарвоқе, Форишнинг Боғдонидаги ўша биргина синфни битирганлардан 10 (ўнта) профессор ва битта ёзувчи чиққан.
Етмишдан ошиб, саксонга сакраётган синфдошларнинг суҳбатига кўп гувоҳ бўлганман. Иккови ҳам ўта самимият билан бир-бирини сансирашар, ҳазиллашар эдилар.
Эврил Туроннинг инжиқларини кўтарадиган дўст эдилар, Абдураҳмон ака…
АБДУРАҲМОН РАЖАБ ХОТИРАСИГА
Хабар эмас, кадар етди,
Кўнгилга мунг, хатар етди,
Эврил Турон жон-жон дўсти
Абдураҳмон Ражаб кетди…
Қора эди бу тор осмон,
Портлаёлмай булут сарсон,
Хабар мушти тушди ларзон,
Абдураҳмон Ражаб кетди…
Боғдон қишлоқ бор Форишда,
Машаққат мўл йўл боришда,
Чайнагайсан сабр тишда,
Абдураҳмон Ражаб кетди…
Ўн фан доктор бир синфдан
Чиққан қутлуғ тасодифдан,
Эврил Турон ҳам шу ипдан,
Абдураҳмон Ражаб кетди…