Menu
Categories
Ҳамроқул Асқар: Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан (Каримов давридаги шеър)
08/06/2020 Адабиёт

ЭРКАКЛАР БОШ ОЛИБ
КЕТМОҚДА ЭЛДАН…
(Ислом Каримов даврида ёзилган шеър)
Қишлоқларга борсам шўр босган дала,
Тераклар қирилган ёмғирдан, селдан.
Дўстларни сўрасам., дер Холиқ домла–
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Бу халқ ҳам ўйнаса, кулса бўлмасми,
Борини баҳам еб, юрса бўлмасми,
Юрт ҳақин еганлар ўлса бўлмасми –
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Ҳуррият! Бунчалар нонларинг тахир,
Аёллар юк ташиб елкаси яғир,
Зулмлар, зулматлар, бўлмади охир-
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Жувонлар мардикор, эрлар мардикор,
Бу қандай қисматдир, қандоқ кирдикор?!
Бир бурда нон учун эзар бадкирдор –
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Йигитлар кетмоқда олис Сибирга,
Қозоқ даштларига, Саҳро Кабирга,
Ҳеч кучим етмади тузук таъбирга-
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Юртни ёв босган йўқ, келган йўқ вабо,
Оҳу фарёдларга тўлди-ку ҳаво,
Ичимиздан чиқди, бир дажжол бало –
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Маддоҳ мунофиқни мақтайди яйраб,
Маст жаллод қутурар, пичоғин қайраб,
Бир ҳовуч мечкайлар қолди-ку яйраб-
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Жонларга тегди бу қама-қамаси,
Золимлар қўлида ўлди Онаси,
Юртида тиланчи бўлди боласи-
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Истиқлол шу бўлса., тушимми, ўнгим,
Қўшиқларинг ёлғон эй, Юлдуз синглим,
Машҳур шоирдан ҳам қолди-ку кўнглим –
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Хуш нохуш хабарлар гоҳ, ўнгу сўлдан,
Ўзбек шоирлари қолганмиш тилдан!
Жиловни ўғрилар олганмиш қўлдан –
Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!
Қишлоқлар ҳувуллаб қолди эркаксиз,
Эй, гўзал келинлар кимга эрмаксиз?
Фарзанд отасига бўлди кераксиз-
Аёллар бош олиб кетмоқда элдан!
01.09.02. Тошкент – Чимкент
"1" Comment
  1. Азизбек

    Ассаалому алайкум Исмат оға! Мана шу гастарбайтерликнинг аччиқ, хурликли, зурликли нону- тузини мен хам тотганман!!! Каримов даврининг энг йирик ва шармандали РАМЗИ эди мардикорлар!!! Биз бир булак нонимизни мусофирликда ХАЛОЛ топиб, КУЗ ЁШЛАРИМИЗ билан қушиб едик!!! Хозирчи, Исмат ака??? Карантин тугашини кутиб утирибмиз!!! Яна уша мардикору – мусофирликнинг аччиқ қисмати кутмоқда! Адолатсизлик, порахурлик, мансабдорларнинг золимлиги ва зуравонлиги кучаймоқда! 2016 йилнинг кузида қалбимизда уйғонған УМИД нихоллари ” чатоқ атрофнинг” қақшатгич “зарбаларидан” улиб булди!!! Шоирларимиз яна қайғу- изтиробга тула шерларини ёзаверишса буларди!!! Интернетга кириб бир қаранг, йиғлаб юрган узбекни курасиз!!!✋

Leave a Reply
*