Menu
Categories
ЭВРИЛ ТУРОН: КЕШДАН ЧИҚҚАН БУЮК ЖУРНАЛИСТ (Исмат Хушев ижоди ҳақида)
08/07/2020 Ватандан хабарлар
ЭВРИЛ ТУРОН
КЕШДАН ЧИҚҚАН БУЮК ЖУРНАЛИСТ
(Исмат Хушевнинг 60 йиллиги)
Бировларни қоралашни, орқасидан гап қилишни ёмон кўраман. Лекин кўпчиликнинг бир гапига қўшиламан: Юртга Исмат Хушевдек журналистлар керак. Шундагина Ўзбекистон газета, журналлари ўқимишли бўлади.
Мавлон Умрзоқов,
Иқтисод Фанлари доктори,
профессор, шоир.
Ўзбекистон журналистларига қарайман. Исматбекка ўхшаш журъатлисини кўрмайман. У дунёда ҳам кам учрайдиган журналист ва фавқулодда юракли инсон.
Шароф Убайдулла.
Исмат Хушев дунёни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила оладиган қалам эгаси…
Карим Баҳри.
Исмат Хушев қалами билан бутун дунё ўзбекларини забт этди.
Абулқосим Мамарасул.
Чорак асрдан ортиқ давр ичида чоғдош қалам аҳли оқни оқ демакдан қўрқиб, ёлғон ёзишга ўрганиб қолишган. Бундан Исматбек айро. У ҳақиқат, фақат ҳақиқатни ёзади.
Тўра Мирзо.
Мен бу йўлдошларимдан ўзиб, Исматбекка таъриф беришга ожизман. Эл ойдинларининг эътирофларини тўғри, деб билман: У бирон ўзбек журналисти қилмаган ишни қилди. Ўзбекистондан тақрибон 15 минг чақирим узоқликда ( Канада, Торонто) туриб, “Дунё ўзбеклари” газетасини очди. Унда ҳақиқат, ҳақиқат ва фақат ҳақиқат ёритилмоқда. Ўзбек давлатини инқирозга юз туттирган, элни қон қақшатган ИК газандалари: амалдорлару генералларнинг кирдикорларини фош этди.
Бу билан “ Дунё ўзбеклари” мамлакатни даҳшатли ҳалокатдан сақлаб қолишда буюк хизмат қилди.
Бу билан “ Дунё ўзбеклари” ўғирланган миллиардларни $ давлат хазинасига қайтаришда муҳим рол ўйнади.
Бу пайтда ўзбек ОАВлари ва телерадиолари “Сичқоннинг ини минг танга“ деганларидек, ўпкаларини қўлтиқлаб турдилар.
Жасорат бўлмаган ерда нураш бўлади, қулаш бўлади”, дерди Одил Ёқуб.
Менинг назаримда, Исмат Хуш ўлимдан қўрқмай, жасорат кўрсатди. Халқ орасида: “Исмат Хушевга Ўзбекистон қаҳрамони унвонини бериш керак” деган гап бежиз қанот ёзмаган.
Ўттизинчи июн куни юзлаб ойдинлар Исматбекнинг олтмиш ёшга тўлган кунини нишонлаш учун Темурдек тенгсиз очуноларни берган Кеш водийсига боришди.
Жумладан биз ҳам (Шароф Убайдулла, Тўра Мирза, Шуҳрат Барлос, Бердиёр жума, Содиқ Иброҳим, Мирёқуб Қобул, Равшан Латиф, мен…) бордик. Шунда Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо, Мирзо Бедил, Хусрав Деҳлавий, Мирзо Ғолиб, Зебунисобегим, Ҳусайин Байқаро каби даҳолар кўнглимдан ўтди. Бир – бир ўтди. Уларнинг ҳам этник ватанлари шу муқаддас юрт –Кеш водийси бўлган. Муқаддас Кеш (энг қадимги Кеш шу Китоб тумани ўрнида, Оқдарё бўйидаги Узунқир ёқасида жойлашган. Муқанна замонида у ҳозирги Шаҳрисабз ўрнига силжиган) кўз ўнгимда ой қадар юксалди.
-Гўзал диёр!- деди беихтиёр ёзувчи дўстим Мирёқуб Қобул.
-Гўзал диёр Исмат оғадек буюк фарзандларини берган,- қўшимча қилди Шуҳрат Барлос.
Осмон билан тиллашган тоғлар, булутларга санчилган чўққилар ва ўлмас қоялар билан ўралган Мингчинор ресторани ташида, ҳайбатли чинорлар кўланкаларидаги кўркам майдонга давра қурдик. Бениҳоя –сулув манзара. Муздек шаббода, япроқлар шивири, минг хил емак, куй- қўшиқлар, табриклар…
Таниқли ёзар, шоир, олим, давлат арбоблари туғилган кунлари, кечаларида бўлганман. Лекин, рости, бундай тантанани кўрмаганман. Буюк журналист Исмат Хушга ўнлаб тўнлар кийдирилди.
-Ўрта Осиё оқсақоли Нурсултон Назарбойевга кийдирилган чапонлардан-да ноёб чапонлар!..-деди ҳавас билан Тўра Мирзо.
Кеча саккиз соат давом этди.
-Бирон шаҳаншоҳ юбилей ҳам мунча узун ва зўр шавқ –завқ билан ўтмагандир, – деди профессор Содиқ Иброҳим.
Мен ичимда унга қўшилдим.
-Тангри насиб этса, Исматбекнинг 70 ёшини ҳам шу Мингчинорда ўтказамиз, – деди буюк журналист Шароф Убайдулло.
Оқшом тушаётганда биз кўтаринки руҳ билан Тошкентга қайтдик.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*