Menu
Categories
Абдулла Орипов: “Юзма юз” достонининг тўлиқ нашри (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
08/21/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла Орипов
ЮЗМА-ЮЗ
Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Сўзлашиб олайлик очиқ, юзма-юз.
У йироқ истиқбол мавзумиздир, бас,
Демакким, истиқбол борасида сўз.
Келингиз, дўстларим, келинг, бир нафас
Шу кўҳна дафтарни очайлик яна.
Эриш туюлмасин ташбиҳларим, бас,
Ҳозир дабдурустдан дейманки: ана, –
Мамонтлар тўдаси чиқди ўрмондан,
Шимол кўчкинидай ваҳший ва сармаст
Ва лекин ваҳшийроқ тўда ҳар ёндан
Бостириб келдилар гурас ва гурас.
Яна тўқнаш келди инсон ва ҳайвон,
Яна ҳаёт учун жанг кетди узоқ.
Яна ғолиб келди ваҳший оломон.
Яна шўрлик мамонт енгилди, бироқ
Ўша кун бузилди азалий удум,
Уни инсон ўзи бузиб ташлади.
Кундузги ошкора ўғрилардай у
Ўлжасин уй-уйга торта бошлади.
Бизнинг бошимизни боғлаган зулмат,
Нотиқлар тутақиб сўккан зулм, қон,
Дунёдаги неки ёмонлик, кулфат,
Барчаси бошланган эди ўша он…
Йўқ, ҳавас қилмайман, маймунга ҳечам,
Иштонсиз аждодни қўмсамоқ нега?
Аммо ўлжасини талашган одам
Йўлдан адашгандай кўринар менга.
Мен бир тажрибасиз, ғўр йигит , нечун
Адашдинг деяпман дунёга, ҳайҳот.
Абдулла, ханжарни ўзингга ургин,
Сен ўзинг адашмай ўсдингми, наҳот?!
Ҳа, ёшликда мен ҳам бир оз адашдим,
Қотил бўлганим йўқ, аммо ҳар қалай…
Дунё ҳам бир вақтлар мамонт талашиб,
Адашиб кетганди йўлидан мендай.
У шўрлик илк бора ўрмонга қочди,
Қулдорнинг калтаги қонатди бурнин,
Спартак бўлиб сўнг ҳаққин талашди,
Зевс сиймосида ахтарди ўрнин.
Мангу экзотика – Римни у кўрди,
Бироқ тиёлмади кўзда ёшини:
Юрагига Цезарь найзасин урди,
Чингизхон чўқмори ёрди бошини.
Асрлар шундайин тентиб ўтдилар,
Ер узра ҳукмрон ғам бўлди фақат!
Кимларки яхшилик донин экдилар –
Ёмон деб ном олди ўзи оқибат!
Наҳотки дунёда ҳақсизлик мангу,
Наҳотки одамзот қилингандир оқ?!
Наҳот ўша Фрейд ҳақ бўлса, ёҳу,
Наҳот қотил бўлса ўсиб чақалоқ?!
Одамлар бир замон энг буюк маъни –
Ёшлик софлигига қўйганлар сарҳад.
Ёшлик софлигига ким қайтмас, қани,
Адашган йўлидан ким қайтса, шу мард!
Ер юзида кечган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку охир чириб ва қариб.
Фақат У истиқбол – ул эзгу ният
Инсонга софлигин берар қайтариб.
…Ўжар муҳолифлар , сал пастга тушинг,
Оғирроқ бўлинг сал, сиз ҳам , жўралар.
Эй, нозик ўқувчим, учмасин ҳушинг,
Буюк мақсад сари етса мисралар.
Фарёд солманг тағин, қизил гап, дея,
Элга фарзанд инсон элнинг гапин дер.
Сизга бир жуфт савол айлайин ҳадя:
Мавзуда нима айб, ғализ бўлса шеър?
Осон қутуламиз мавзудан баъзан,
Хаспўшлаб ўтамиз, урра-урралаб.
Сўнгра дод соламиз: – Фалону пистон,
Қулоққа ёқмайди деймиз – ўша гап.
Ҳолбуки, ўзимиз ахтарган бахтлар,
Бўғзимизда турган ҳар эзгу армон –
Барчаси бир сўзда жамланди, агар
Ёқмаса топингиз бошқа бирор ном!
Ҳа, мен истиқболни куйлайман, балли,
Унда халқ йўлига туташар йўлим.
Бироқ урраларни севмайман ҳали,
Урра демоқликка қисиқдир тилим!
Баъзи одамларни кўрсатиб ҳали,
Қийиндир соф инсон, дея атамоқ.
Гарчи инсон зоти бўлолмас пари,
Бироқ ҳали бордир шайтонга ўртоқ.
Қора булут ёғмай кетса-да магар,
Тиниқ кўзгуларга тўшаб ўтар нам.
Ҳали осмонларда булутлар учрар,
Ҳали найзалар бор, баъзан менга ҳам
Шундайин тиканлар санчилар гоҳо…
Шунда ҳамдард бўлар ширин меҳнатим.
Дўстлар даврасидан кетаман ҳатто,
Олис юлдузларга кўчар хилқатим.
…Юлдузлар, юлдузлар, сиз менинг учун
Софлик ва маъсумлик бўлиб ёндингиз.
Борим шудир, дея жовдираб секин
Оқ кўнгил фарзандим бўлиб қолдингиз.
Йўқ! Йўқ! Мен сизларга термулиб бедор
Фалак сафарини ўйлаганим йўқ.
Юлдузлар, мен сизга боққанда хумор,
Қалбимда ер ишқи бўлади тўлиқ.
Юлдузлар, билмайсиз менинг халқимни,
Бундайин заҳматкаш ер юзида кам.
Елда тиним бордир, унда йўқ тиним,
Шундай ишпарастдир у мунисгинам.
Мен уни ўйлайман тун-кечаларда,
Она халқим, дейман, меҳрим оқар жим.
Кўзимга баъзида кўринса жанда
Кўнглим тўлиб кетар, инграйман, халқим…
Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,
Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.
Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,
Юлдузни кашф этиб ном олдинг -авом!
Ўтганга ачинмоқ одатим йўқдир,
Беҳуда мотамлар теккандир жонга
Ва лекин тош отмай иложим йўқдир
Фурқатни бадарға этган замонга.
Мени кечирингиз, оддий одамлар,
Сизни эсга солар ҳар машъум тақдир.
Оранигизда ўтди қанча фурқатлар,
Безгакка чалинди қанча Алишер!
Ер юзида кезган зулмату ваҳшат
Чекинар-ку ахир, пок бўлар дунё!
Фақат У истиқбол – ул эзгу ният
Халқимга бахтини айлар ҳадя.
II
Мезонлар учмоқда, ҳаво биллурдан…
Яна ҳисларимга кел, деб ёлбордим.
Хазонлар тўкилди, мен ҳам қалбимдан
Бадбин ўйларимни қувлаб юбордим.
Ажойиб фасл бу: ўйчан, баркамол –
Қиздай маъюсгина туради куйлаб.
Мен кузни севаман, кезаркан хушҳол
Олтин Ўзбекистон тупроғи бўйлаб.
Бўғзимга ҳисларим тиқилар яна,
Танҳо тентирайман, билмайман, нечун.
Куйлагим келади, тунлар жимгина,
Гулгун шафақларнинг соғлиги учун.
Кумушранг йўлларда от суриб юрсам,
Шимирсам шабнамдан, куйласам сармаст.
Сўнгсиз водийларга термулиб турсам,
Бепарво оҳуда қўзғасам ҳавас.
Аммо кечалар мен кезсам-да бедор,
Оҳулар қўйнимга кирса-да қиздек,
Менинг нигоҳимни тортади такрор,
Миллион эгатларга сочилган ўзбек.
Гарчанд пахтазорга боқаман мен ҳам
Ва лекин дилимда ташвиш бор менинг.
Майлига, шўх қўшиқ янграсин тилда,
Рангпар сингилгинам, ўйлайман сени.
Кузги райҳондайин маъюс ўсдинг сен,
Табиат бермади билагингга куч.
Ўзингдай одамга қаллиқ тушдинг сен,
На соғлиқ, на ёрдан ялчимадинг ҳеч.
Мен сени ўйласам, синглим – рангпарим,
Гоҳо тўлғонаман сўзсиз, ҳасратда.
Сен унда тер тўксанг, синглим, жигарим,
Мен нечун юраман ахир ишратда?!
Йўқ, рангпар бўлмасин ҳеч ким ҳам, йўқ, йўқ!
Сингиллар полвондай юрсинлар бардам.
Ва лекин табиат бермайди ҳуқуқ
Полвон деб уларни унутмоққа ҳам…
Сенинг қаторингда она халқ бордир:
Сен каби меҳнаткаш, сен каби суюк.
Унинг ташвишини унутмоқ ордир,
Уни унутганлар – тўнкадир, куюк.
Сингилга – халқимга боқсам доимо
Улуғ келажакни айладим орзу.
Дедим: истиқболдан бахт топар дунё.
Дедилар: гўдагим, тўғри йўлинг шу.
Қўлимдан тутди-ю, шу улуғ имон,
Менинг ҳам кўнглимда жўшди тилагим,
Аммо баъзиларга дуч келсам бир он
Аччиқ изтиробга тўлар юрагим.
Рост-да, бировларни этади шайдо,
Ўз айби турганда ўзга бир чирой.
Кулгу аримасин лаблардан, аммо –
Тақдир эркалатди бизни ҳар қалай…
Сокин кечаларда келар ёдимга
Қанчалаб жувонмарг йигит қисмати.
Дейман, қани ёнса авлод қонида
Ўша оталарнинг буюк шиддати.
Худбин тенгдошимга қарайман ғамгин,
Кўлмак давра қурсам эзилар кўнглим.
Халқим, келажагинг ўшалармикин,
Халқим, шундайларга қолмасин кунинг.
Мен ўзим нимаман? Аслида, балким
Энг нўноқ одамдан, нўноқман фақат,
Фақат бир нарсани яширмас қалбим:
Менинг юрагимда бордир Муҳаббат!
Сени, она халқим, севаман жондан,
Сенинг ташвишингни ташвишим дейман.
Нима қилолардим? Фойдам ҳам гарчанд,
Бироқ мен ўзимча ғамингни ейман.
Дилдан қувонаман, қирларда пода –
Яғрини ялтираб юрганин кўрсам.
Дилдан қувонаман, тошлоқ ерларда
Буғдойзор шовиллаб турганин кўрсам.
Суюниб кетаман мактаб боладай,
Сонсиз мўриларда кўкарган тутун.
Ана, таниш уйда доғ бўлмоқда мой,
Шивирлайман: – Синглим, насибанг бутун!
Куйлаб замондошнинг қадду камолин
Эркиннинг шўх сози таратса жаранг,
Дейман, У истиқбол – ул мунис толе
Халқимга шўх қўшиқ бермоқда, қаранг.
Тўю тўйхонани кўрсам, ҳамма вақт
Улуғ замонага айтдим шукрона.
Аммо инсон умри тўй эмас ҳар вақт,
Олддадир ҳали энг гўзал замона.
Истайман, қора ранг қолмаса жиндай,
Истайман, ботмаса шу рангин қуёш.
Аканинг сингилга ачинганидай
Инсон инсон учун тўка олса ёш.
Она халқ бахти деб ҳар вақт, ҳар қачон,
Истайман, бир сафда турса одамлар.
Сокин кечаларда қалбни ногаҳон
Қуршаб олганида шундай оҳанглар –
Сизга талпинам, одамлар, яна,
Ўтмиш муҳаббатга талпингандай жон.
Аммо баъзи маҳал қоламан якка
Севгиси рад бўлган ёш Вертерсимон.
Йўқол, эй беҳуда мағрурлик ҳисси,
Йўқол, эй беҳуда самовий дамлар.
Ўзимни сизлардан ажратсам сўзсиз
Таважжуҳ этмангиз дейман, одамлар!
Дўстларим, мен сизга талпинган дамда
Қалбимда бўлади ёлғиз бир раъйим:
Хиёнат бўлмаса дейман ҳеч кимда,
Дўстларнинг имони бут бўлса доим.
Дейдилар: дунёни кураш айлар бир,
Инсон жанг-жадалда бўлар жуфту тоқ.
Ахир қон оқиши шартмикан, ахир,
Бу кураш қайси бир жангдан осонроқ?!
Деймизки, оламни буғдойзор боссин,
Ер юзида фақат янграсин кулги.
Ахир, буғдойзорни ўзи унмаским,
Дилдан кула билиш осон эмас-ку.
Ҳа, буюк жанг бу ҳам, қошида хомуш –
Не ўжар одамлар бош эгмоқда жим.
Шу метин сафларни ким бузолур, хўш,
Шу эзгу курашдан четда турар ким?!
Қани, ҳей дўстларим, тинглангиз сўзим,
Бир сўзким, оддийдир хақиқатсимон.
Дейманки: Истиқбол – тарихнинг ўзи, –
Келмоқда кимга дўст, кимга беомон.
Ҳайқиряпман ҳозир… Баъзида лекин
Заиф шамолларга бўйсунар созим.
Юрагим, юрагим, миттисан-ку сен,
Ҳайқириш аслида сенгами лозим.
Биламан, ортимдан кимдир ўқрайиб,
Қараб ўтирибди худди шу замон.
Қани, ҳей, бу йўлдан бўлмасин тойиш,
Қани, ҳей, Истиқбол , янгра беомон!
Майлига созимни севмас давралар,
Ошиқлар сатримдан чекмаслар фарёд.
Менинг ҳаёлимни ҳозир етаклар
Фақат Истиқболни эслатган ҳаёт.
Ана, йўл четида борар қурилиш,
Ғишт терувчи йигит дорбоздай юрар.
Отга қамчи урар керосинфуруш,
Бир кампир энгашиб кўча супирар.
Ана у таниш жой – анҳор қирғоғи,
Пивога кўп хумор талаба дўстим,
Мен сенинг исмингни билмайман, соқий,
Буюр мен учун ҳам майли бир жуфтин.
Уларга боқаман, қалбимда ўқтин
Бир ҳушнуд ҳиссиёт кўтарар елкан.
Ўзгаларнинг ғами йиғлатса, нечун,
Нечун иқболлари қувнатмас экан?!
Ахир инсоф билан ўйласанг-ку рост,
Ўшалардир бугун соҳиби замон.
Ҳеч кимнинг ҳеч кимдан тили қисиқмас,
Чегарадир фақат инсоф ва виждон.
Қани, ҳей, дўстларим, ташланг бир қадам
Шу эзгу Истиқбол ҳимоясига.
Мен сизни кутаман, ушбу шеърим ҳам
Ўшанда етади ниҳоясига!
1964
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*