Menu
Categories
Тожикистонлик ўзбек шоири вафот этди – Ёднома
08/23/2020 Адабиёт

ТОЖИКИСТОНЛИК ЎЗБЕК ШОИРИ ВАФОТ ЭТДИ

Тожикистонлик таниқли ўзбек шоири Ибод Саъдулло вафот этди.
Ибод Саъдулло 1960 йилда Тожикистон Республикаси Ёвон районидаги Бошқайнар қишлоғида дунёга келган. 1982 йили Хўжанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини битирган.

Шоирнинг «Атиргулим», «Бубулнинг чамани», «Латиф туйғулар», «Кўнгил уйи», «Менинг дунём», «Ҳаёт фалсафаси» шеърий тўпламлари нашр этилган.
Шоир Ибод Саъдулло қаламига мансуб «Атиргулим, атринг қайга таралади…» шеъри Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Қодир Мирашуров томонидан маромига етказиб ижро этилган.

Ибод Саъдуллонинг сўнгги шеъри

Сўнгги бор оламга суқланиб боқдим,
Энг сўнгги нафасни симирмоқда тан.
Боқий у оламнинг эшигин қоқдим,
Беҳол вужудимни тарк этмоқда жон.
Махфират айлагин, эй қодир Оллоҳ,
Бандам де, сўрайди Ибод Саъдулло.

Яшадим дунёда ёруғ юз билан,
Бу кемтик оламнинг йиртиғин ямаб.
Айтолмадик дардни гаҳо сўз билан,
Улус армонларин кўнгилга қамаб.
Маҳфират айлагин, эй қодир Оллоҳ,
Бандам де, сўрайди Ибод Саъдулло.

Мен севган Бошқайнар сизларга қолди,
Сизларга қолдирдим сўнгги сўзимни.
Дунёга тўймаган кўзларим толди,
Йўлга ростлайин мен энди ўзимни.
Махфират айлагин, эй қодир Оллоҳ,
Бандам де, сўрайди Ибод Саъдулло…

**

ОҚ ТУРНА, ҚОРА ТУРНА….

(Шоир Ибод САЪДУЛЛО хотирасига)

(Қайнар йиғлаб қолди шоир болам, деб…..)
Искандар Маҳмадалиев.

Битта гулга битта хор, тикан,
Яъни билгин улу бул надир.
Яхши шоир оқ турна экан,
Ёмон шоир қора турнадир.

Қора ва оқ ранг орасида,
Ул на эди ва бул на эди?
Шеъриятнинг минорасида
Ибодулло оқ турна эди.

Кунда осмон, қуёши,
тунда,
Юлдузию ойи бор эди.
Бу курраи замин, очунда
Унинг ўрни, жойи бор эди.

Юрагимда жўшди пўртана,
Вужудимни аламлар қучди.
Кўкка учди оқ турна ана,
Қора турна заминга тушди.

Сайфулло ҚУЛАЕВ.

Тожикистон Республикаси Ҳукумати нашри – «Халқ овози» газетаси таҳрир ҳайъати ва “Дунё ўзбеклари” халқаро нашри ҳам шоирнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, ушбу мусибатли лаҳзаларда уларга Парвардигордан чиройли бир сабру жамил тилайди…

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Аҳли Расул Муҳаммад

    Ўзидан тирик шеърлар қолдирган шоирни Оллоҳ раҳмат қилсин. Омин.

Leave a Reply
*