Menu
Categories
Таъзия – Абдул Воҳид——-: Ҳақ сафаринг бахайр, оғам!
09/19/2020 Бош мақола

Тожикистондаги ӯзбек адабиётининг йирик вакили, Советлар замонасидаёқ ӯзининг “Қуюн” номли қиссаси билан буюк мужоҳид Иброҳимбекни адабиётга олиб кирган атоқли ёзувчи Эшмуҳаммад Донохонов фоний дунёни тарк этди.
…Эртасига жарроҳлик бӯлиши керак бӯлган куни телефон қилдим.
–Мансуров клиникасининг ҳовлисидаги дарахтлар соясида бир неча соатдан бери Абдулвоҳид билан суҳбатлашиб ӯтирибмиз, — дедилар жуда кӯтаринки руҳда.
–Устоз ҳар ким билан бундай узоқ гаплашмайди, чӯтидан кепсиз, шекилли… –ҳазиллашдим Абдулвоҳидга.
–Биламан, шериклари йӯл бермайди,–деди Абдулвоҳид кулиб.
Абдулвоҳиддан “Шериклари” сӯзини эшитгач, Эшмуҳаммад аканинг қудсий шериклари томонидан бошқариладиган ботиний оламига кириб борганини англаб қувондим. Демак, ҳаммаси жойида: суҳбатлар самимий, маънавий, табиий ва заминий…
Эшмуҳаммад ака ӯтди. Бу оламда кимдир унинг етмиш йил давомида бошидан қӯймаган дӯпписини кӯрди, кимдир бир оз чапани, аммо жуда содда феъл-атворини кӯрди, кимдир одамийлик қиссаси бӯлган битикларини ӯқиди, кимдир қишлоқ аҳлига хос соддадиллигига кулди, ор-номус ва одамийлик ӯртага тушганда лақайга хос шижоатидан кимлардир ҳадиксираб юрди, аммо бу фариштали инсоннинг қудсий оламига кириб борганлар нақадар бахтиёр… Иймон нуридан ҳарорат касб этган, саррин саболари маърифатнинг хуш буйини уфуриб турган, жаннат мисоли тароватли, чексиз ва мусаффо, Илоҳий маърифат нури ила мунаввар бӯлган маърифатли одамнинг қудсий олами…
Устоз Донахоновнинг ӯлими улкан йӯқотиш эди. Бу воқеа адабиёт муҳиб ва мухлислари, шогирдлар ва дӯстлар қалбини ларзага келтирди. Ҳали бу мавзуда жуда кӯп нарсалар ёзилади. Бир нима дейишга ботинолмай юрувдим…
Абдул Воҳиднинг марсияси сукутни синдирди.
Абдуллоҳ Зуҳур

Ҳақ сафаринг бахайр, оғам!..
Одам ӯтди, ӯлим айирди,
Алам ӯтди, одам айрилди,
Ёвқур қалам эй воҳ, қайрилди.
Синов очун азалий бир кам…
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..

Дӯғдонадан бир тумор эдинг,
Бутун асли, номус, ор эдинг.
Нобопга ёт, мардга ёр эдинг.
Соя солди дилларга алам,
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..

Мард ӯғлидан эли кечмайди,
Ҳаёт—тилсим, ҳар ким ечмайди.
Манглайдаги битик ӯчмайди.
Қақшаб қолди соҳир бир қалам,
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..

Кӯнгил мулки интиҳо топди,
Бағирлади муборак гӯша.
Ватан хоки лаҳадин ёпди,
Қисмат деймиз, топамиз малҳам.
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..

Умри азиз ӯтди пурсамар,
Ҳақдир азал қазою қадар.
Ёрлақасин Аллоҳу Акбар.
Синов очун азалий бир кам…
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..
Ҳаққа сафар бахайр, оғам!..
Сафар бахайр, оғам…

Абдул Воҳид,

Тожикистон Республикаси

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*