Menu
Categories
Омон Матжон: Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди…
11/01/2020 Адабиёт
Истеъдодли ўзбек шоирларидан бири Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд Давлат дорилфунунида таҳсил олади.
Шўро армиясида хизмат этади. 1969—1980 йиллар мобайнида у Гафур Ғулом помли Адабиёт ва санъат нашриётида бўлим бошлиғи бўлиб хизмат этади. Сўнгра “Ёшлик” ойномасида бош муҳаррир бўлиб ишлайди. Ҳозирги кунда у Ресиублика Президенти девонида масъул вазифани адо этиб келмоқда.
Омон Матжон 60-йиллардан бошлаб матбуотда ўз шеърлари билан кўрина бошлайди. Кейинчалик шоирнинг энг яхши шеърлари унинг «Очиқ деразалар» (1970) «Карвон қўнгироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977) «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи» (1979) «Сени яхши кўраман» 1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламлардан муносиб ўрин олди.
Хусусан «Сени яхши кўраман» тўпламига айрим муҳаббат ҳақидаги шеърлари қаторида аввалги санаб ўтилган мажмуаларидаги энг яхши асарлари сайлаб олинган.
Шунга кўра мазкур шеърий тўпламни шоирнинг кичик «Танланган асарлари» деса ҳам бўлади. Тўпламлардаги «Аму», «Ойбек», «Шуълалардан ҳайратланиш», «Она деган сўз», «Турналар», «Мезон», «Чорлов», «Ўн учинчи эшик» «Умримиз ҳақида» каби шеърлари ҳозирги ўзбек поезияси хазинасидан муносиб ўрин эгаллайди. Бинобарин, шоир шеърияти инсон қалбининг турфа кечинмалари ва жилоларини ранг-баранг ташбеҳларда, жозибали образларда ифодалайди.

Омон Матжон ижодида унинг «Чўлдагилар» номли достон-хроникаси, айниқса, «Гаплашадиган вақтлар» номли шеърий қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди. Унда шоир қайд этганидек, асарнинг янгича шакли, оҳанги китобхон эътиборини тортади. Қолаверса, қиссада юксак инсоний эътиқод, маънавият ва қадриятлар ҳақида жонли баҳслар давом этади. Хусусан, ҳар қандай қирғин урушлар, зулмнинг ҳар қандай кўриниши лаънатланади. Яна муҳими, унда муҳаббат тасвири асарга, характерларга янгича руҳ, яигича файз бағишлайди. Шуларнинг ҳаммаси шоир камолатига хизмат этади, китобхон билан муносабатини янада мустаҳкамлайди.

Омон Матжон таржимон сифатида қардош ва чет эллар адабиётларидан кўплаб асарларни ўз она тилига маҳорат билан ағдара олган. Хусусан, Ф.Шиллер, Ш.Боддер каби жаҳон классикларидан қилган таржималари эътиборга лойиқдир. У адабиёт олдидаги ана шундай самарали ҳиссаси учун Ёшлар мукофоти, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори бўлган.

Ҳа, халқ шоири (1993) айтгандай:
«… бошқа жуда муҳим гап ҳам айтилмоқчидай, жуда муҳим, жуда янги… гаплашадиган» вақтлар келишига яна бир бор ишонса бўлади.

ОМОН МАТЖОН ШЕЪРЛАРИ

* * *

Одам бир кун
Ғўла ихтиро этди.
Тешик топди ўйлаб,
Ўқ ҳам биркитди.
Яна неларнидир
Топиб у аранг,
Арава кашф этди.
Кашф этиб,қаранг,
Ўз йўлига яна
Пиёда кетди.
1968
ФИРУЗА
Келмадинг.
Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.
Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.
Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.
Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!
1968
* * *
Кўзларингни яширгин мендан,
Ўтиб кетай ёнингдан бефарқ,
Ўтиб кетай ёнингдан бедард,
Кўзларингни яширгин мендан.
Борлигимни пайқама,майли,
Бурчакларда,майли, қайрилма,
Мени деб тинчингдан айрилма,
Борлигимни пайқама,майли.
Номим бўлса қалбингда агар,
Отиб ташла,майли,тупроққа.
…Ҳар куни ўт шу йўлни топтаб,
Номим бўлса қалбингда агар.
1967
ЭШИГИНГДАН ЎТАМАН…
Куз ёйса ҳам йўлларга хазон,
Қор кўмса ҳам борлиқни бутун,
Кўклам келиб,урса ҳам хандон,
Эшигингдан ўтаман бир кун.
Сочларингга тушса ҳамки оқ,
Пешанангни босса ҳам ажин,
Кирганда ҳам гавдангга титроқ,
Эшигингдан ўтаман бир кун.
Майли,шунда танимасанг ҳам,
Ёки десанг кўрмайин турқин,
Ёшим ютиб,бошим қилиб хам,
Эшигингдан ўтаман бир кун.
Мени демай юмсанг ҳам кўзинг,
Хонанг қолса зулматга тутқун,
Хотирангга шам бўлиб ўзим,
Эшигингдан ўтаман бир кун.
Вақтим этиб чиқса бу жоним,
Дардларимга ясалса якун,
Бу дунёни тарк рате оним
Эшигингдан ўтаман бир кун.
1965
“СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН” ТУРКУМИДАН
4
Кўп кезма дарахтзор боғлар ичинда,
Дарахтлар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Чорласанг келолмас,ёниб қучолмас,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.
Кўп қолма жаранг сув булоқ бўйинда,
Булоқ ҳам дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Қайнашим чашмадан теран жойдандир,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.
Кўп титма муҳаббат китобларини,
Китоблар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Бу ишқнинг тарихи менинг қалбимда,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.
10
Умр ўтар,вақт ўтар,
Хонлар ўтар,тахт ўтар,
Омад ўтар,бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг,сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг,ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг,пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг,ўша келишларинг…
1979
* * *
Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.
Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.
Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.
Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.
Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.
Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.
Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагангни ил, вақтинг бўлди.
* * *
Ўртамизда биргана олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.
Ўртамизда биргана олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.
Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.
Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза…
* * *
Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»
Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»
Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй, сен денгиз тубин долгалатувчи?!
Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқтсир, нур ўчса — йўқман,
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклантирувчи!
Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман — яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартиргувчи!
Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»
  “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*