Menu
Categories
Ҳамроқул Асқар шеърияти: Дўстим Исмат Хушевга
11/04/2020 Муаллиф ҳақида
ҲАВОЙИ ОРЗУЛАР
Дўстим Исмат Хушевга
Билмайман бу қўрқув., қаердан келиб,
Ногоҳ, зирқиратди юрагимизни.
Кўринмас бир пайкон елкага тегиб –
Бурдалаб ташлади курагимизни.
Дўстим орзуларинг бағоят яхши,
Бу девлар хуш кўрмас тилакларингни.
Улар дарвеш шоир, ё эмас бахши –
Синдириб яйрайди билакларингни.
Дунёнинг зўрлари бари ҳамтавоқ,
Уларни бошқарур сирли ҳукамо.
Буни англамайди фақат ғўр, аҳмоқ,
Ёки, тафаккурдан ақли мосуво.
Бу жаҳон нимталаб бўлиб олинган,
Шуларга боғлиқдир кечмиш исматинг.
Тақдиру азалнинг қулфи солинган –
Гар, шукр қилмасанг зиндон қисматинг!
Ризқин териб юрган чумчуқдек ночор,
Гоҳо қорни тўйса, гоҳо оч наҳор.
Ғарибу саргардон, қанча қавминг бор,
Шўрликлар қувонар келди деб баҳор!
Эски яраларнинг чуқур илдизи,
Олис мозийлардан келар унлари.
Асли, миллатингнинг сўнган юлдузи –
Улуғлар бир – бирин сотган кунлари!
Қонингда ваҳима кўпирган чоғлар,
Кесиб ташлайсанми томирларингни?!
Дарёлар қуриса, бош эгса тоғлар,
Қандоқ сақлагайсан бовурларингни?!
Шоҳаншоҳ падари қочганда четга,
Жалолиддин чиқди қиличин сермаб,
Чингизхон тан берди бул ёвқур зотга,
Уни қўлламади на турк, на араб?!
Улуғбек фитналар қурбони бўлди,
Фалакларда қотди буюк армони.
Темур салтанатин юлдузи сўнди,
Кўзи оч бекларнинг келгач замони.
Китоблар ёқилди, хор бўлди санъат,
Маддоҳлар золимга бағишлар достон.
Қани Темур тузган буюк салтанат,
Нимта – нимта бўлди улуғ Туркистон!
Шулми адолатнинг талъати, нархи,
Насли пок инсонлар хору – зор бўлса?!
Мардларни хор этса бу зулм чархи –
Чинорлар кесилса, чечаклар сўлса?!
Энди бизга нажот фақат Ўзидан,
Бошимиз эгадир кўҳна иллатлар.
Улуғлар тонмасин лафзи, сўзидан
Ўзини танисин қондош миллатлар!
Хамроқул Асқар
21 АСР
"1" Comment
  1. Рустам Нажмиддин

    Ҳақиқатдан дўстона, пурмаъно, ниҳоятда чуқур ўйланган фикрларнинг назмий ифодаси. Раҳмат, яхши ёзилган.

Leave a Reply to Рустам Нажмиддин
*