Menu
Categories
Алишер Айматли ижодидан: САЛОҲИДДИН АКА…
11/08/2020 Бош мақола

Салоҳиддин ака

Тўра Сулаймоннинг таъбири билан айтганда, мен ҳам таҳририятда катта итлардан бири эдим. Кунлардан бир куни эшикни тақиллатиб хонамга бир аёл кириб келди. Бир аёлки, бир қултум сув билан ичиворгудек текис ва гўзал, жилмайганда эса Шерозий янглиғ бир-иккита шаҳарнинг баҳридан кечиб юбориш мумкин бўлган даражада латофатли.
– Мен Салоҳиддин акани излаб келгандим,- деди жувон табассум билан.
Х Х Х
Салоҳиддин Муҳиддинов “Халқ сўзи” бош муҳаррирининг муовини эди. Илгари у “Совет Ўзбекистони” газетасида Совет қурилиши бўлимининг мудири бўлиб ишлаган, тажрибали журналист.
Мен Салоҳиддин акани 1989 йил “Совет Ўзбекистони”га ишга кирганимда таниганман. Бу даврда менинг ижодий фаолиятим анча шаклланиб қолган эди. Сайлов демократияси мавзуида бир муаммоли мақола ёзгандим, шу бўлимдан ўтказишинг керак, дейишди. Фақат эҳтиёт бўл, жуда инжиқ одам, ҳар бир сўзингни элакдан ўтказади, дейишди. Иккинчи куни Салоҳиддин ака олдига чақириб, мақолани яхши ёзганлигимни, фақат бир-икки жойидаги гапларга асосингиз, борми, деб сўради. Иккаламиз тўплаган фактларимни кўриб чиқдик ва Салоҳиддин ака мақолага имзо чекди.
– Салоҳиддин акадан ўтдингми, демак, ишлаб кетасан, дейишди шу ердагилар. Дарҳақиқат, мақолани саҳифада ўқиган бош муҳаррир Ўктам Усмонов(Аллоҳ раҳмат қилсин) ҳам мени хонасига чақириб, яхши сўзлар айтди, биз сиз билан ҳали узоқ ишлаймиз, деди. Афсуски, бевақт ўлим уни бир ойга қолдирмасдан олиб кетди.
Мен “Халқ сўзи”га ўтиб кетдим. Орадан 4-5 ойдан кейин тўрва халтасини кўтариб, Салоҳиддин ака ҳам келиб қолдилар. Парламент ва ижтимоий-сиёсий бўлимлари бир каааатта хонага жойлашдик. Худо раҳматли Мухторов бу хонани иғво анқийдиган хоналар сирасига киритганди. Нега? Ҳанузгача ақлим етмайди.
Салоҳиддин ака сиёсатнинг жуда нозик томонларини яхши фаҳмлайди, сиёсий зукко одам. Гапнинг чегарасини теран англайди. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, матндаги ҳар бир тиниш белгисининг вазифаларигача чуқур ҳис қиладиган журналист. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтмасам бўлмас.
Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, 1992 йил баҳорида Ўрта Осиё Мусулмонлари идорасининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. “Халқ сўзи” газетаси ҳам икки сонда қурултойолди Ўктам Ҳакималининг мақоласини эълон қилди. Мақолани бош муҳаррирнинг ўзи кўриб, босмахонага тушириб юборган. Шу куни газетага Салоҳиддин ака навбатчилик қилган. Мақолани ўқиб ҳурраси учиб кетган. Мақолада Саудия Арабистонидан ҳадя этилган Қуръонлар Мусулмонлар идораси томонидан сотилганлиги ва пуллар изсиз йўқолганлиги ва бошқа кирдикорлар ҳақида баён этилган. Салоҳиддин ака мақолани бош муҳаррирнинг олдига олиб киради ва ўз мулоҳазаларини билдиради. Бош муҳаррир эса индаманг, кетаверсин, ҳамма жойда шу гап, дейди.
Ушбу сатрлар муаллифи мазкур қурултойда қатнашаётган эди. Қурултойни Тожикистоннинг ўша даврдаги имоми Тўражонзода бошқариб борарди. Иккинчи куни эрталаб ҳали қурултой бошланмасидан Тўражонзода “Халқ сўзи”ни кўтариб, газета бутун Ислом оламига туҳмат ва бўҳтондан иборат мақола чоп этганлигини эълон қилди. Зал жунбушга келди, муаллиф ва бош муҳаррир келиб тавба қилишлари керак, деб туриб олди. Мен бунақа йиғилишни кўрмаганман ва кўргулик ҳам қилмасин. Муаллиф келмади, аммо бош муҳаррирни зудлик билан олиб келдилар ва минбарга чиқардилар.
Аҳмаджон Мухторов табиатан моҳир нотиқ инсон эди. СССР халқ депутати сифатида Кремлда ҳам унинг кўп нутқларини эшитганмиз. У ўзбек ва рус тилларида баравар нутқ ирод этишга қодир инсон эди. Хуллас, минбарда ҳеч тап тортмасдан гап бошлади. Аммо сал ўтмасдан Тўражонзода унинг гапини бўлди ва газетани кўрсатиб, манавидан гапиринг, деди. Озгина вақт ўтиши билан зал оёққа туриб кетди. Раис яна аралашди. Мухторов тушундики, бу ерда яримта гап ҳам ортиқча ва тавба қилиб, минбарни тарк этди.
Қурултойни тамомлаб, таҳририятга боришимиз билан бизни Мухторов чақириб олди. У жудаям афсусда эди. Кимдир айтган бўлса керак, таҳририят бланкасига Мусулмонлар идорасидан кечирим хати ёзилган, уни эртага олиб бориб бериш менга топширилаётган эди. Салоҳиддин менга айтди, деганди Мухторов ўшанда, мен ишга андармон бўлиб, унинг гапларига яхши эътибор бермадим. Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси яхши бўлади.
Эрталаб таҳририятга келсак, ҳаммаси яхши бўлмаган экан. Кечаси Мухторовдан ишдан бўшаши ҳақида аризаси олинибди. Эртасига таҳририят олдида пикет бошланди.
Х Х Х
– Салоҳиддин ака ажойиб инсон экан,- гапида давом этади жувон. – Йўқса бизни танимасада, ёрдам берди. Бўлмаса кўчада қолардик. Биз Самарқанддан келганмиз. Мана энди илмий ишларимиз ҳам охирлаб қолди. Бизга Вузгородокдан ётоқхона оберди. Битта телефон билан ҳал қилди, барака топгур. Энди эса комендант чиқасанлар, деб ўтирибди. Сал чидасин, бизнинг иссиқ жойимизни совуқ қилмасин. Агар ўғил туғсам, исмини Салоҳиддин қўяман.
Шунда аёлнинг ҳомиладор эканлигини пайқадим. Аёлнинг гапларидан кўнглимга гумон тушди. Салоҳиддин ака баъзан-баъзан иш вақтида кўринмай қоларди, ўша ёққа кетармикин?
Х Х Х
Муҳиддиновлар тўртта ака-ука. Буни нафақат мен, ярим Тошкент билса керак ўзиям. Каттаси Салоҳиддин ака. Қолган учтасининг қайси катта, қайси кичиклигини билмайман. Ҳаммаси бир хил – доим қўллари кўксида, ҳамиша хизматга шай. Дарвоқе, Зоҳириддин дегани Сирдарё вилояти ГАИсининг бошлиғи бўлиб ишларди. Кейин Тошкент шаҳри ГАИсига муовин бўлиб ўтди. Тўғриси, Самарқандга рулда кетаётсам ГАИ ушласа, Зоҳириддин аканинг олдига кетаётган бўламан, қайтишда ушласа, Зоҳириддин ака кузатиб юборган бўлади. ГАИлар честь бериб қолишади. Хуллас, тўрт-беш йил маза қилганман. Лекин бирор марта олдига юмуш билан кирмаганман. Бизга у одамнинг ўша постда ўтириши катта қолқон эди. Афсуски, қирчиллама ёшида у одамга кўз тегди. Тасодиф туфайли дунёдан ўтди. Ҳаммага яхшилик улашган, доимо эл хизматида бўлган инсон эмасми, жанозаси куни кўчага одам сиғмай кетди.
Умуман, Муҳиддиновлар оиласида тўй бўладими, маросим бўладими, ҳамиша шундай – одам гавжум бўлади, бизга ўхшаган хонанишин мухбирлар Президент девони, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлисда ишловчи раҳбару ходимларни ушбу маросимлардагина кўриб қоламиз. Телефонда гаплашган бўлишимиз мумкин, аммо ўзларини “Бу ким-бу ким?”дан кейин таниймиз.
Демоқчиманки, Тошкентда бундай ҳурматли оилалар саноқли. Ана шу нуфузнинг аввалида Салоҳиддин ака туради. Укаларининг барчаси шу закий инсоннинг этагидан тутиб катта бўлишган. Салоҳиддин ака кўп йиллар маҳалла қўмитаси саркори ҳам бўлиб ишлаган. Шу боис уни ёшу қари баравар танийди. Мен ҳали бу оиланинг нуфузи даражасидаги бошқа оилани кўрмаганман. Тўғри, бўлиши мумкин, аммо уларнинг кўпчилиги амал ёки бойликка келиб тақалади.
Салоҳиддин ака укаларига ҳам, фарзандларига ҳам, ҳаттоки шогирдларига ҳам одам фақат ҳалол меҳнат орқали обрў топиш мумкинлигини қайта-қайта уқтиради. Ҳалол йўлдан тойдингми, балчиққа ботасан, дейди. Бу балчиқдан озод бўлиш, табиийки, осон кечмайди. Салоҳиддин ака бош муҳаррир ўринбосарими, адабий котибми ва ёки бўлим муҳарририми, фарқи йўқ, мақоланинг охирги нуқтасигача ўқийди, керак бўлса тузатади ва сўнггина имзо қўяди. Ҳеч қачон мен шошиб турибман, демайди. Унинг табиатида шоқалоқлик йўқ. Салоҳиддин ака мавзуга ҳар тарафлама келиб ёндошади:
– Кўпчилик машинамни авария қилдим, айб менда эмас, у келиб урди, мен асосий йўлда эдим, – дейди, бот-бот такрорлайди Салоҳиддин ака. – Одам рулда бўлгач, ҳар томонлама ҳушёр бўлиши керак, сен асосий йўлда бўлсанг, бошқа йўлларга қарамайсанми, кўраяпсан, ёрдамчи йўлдан бир ахмоқ шошилиб келяпти, сен машинангни унга тутиб бериб, ахмоқ бўлишинг керакми, бироз шошма, ўтказиб юбор, олам гулистон. Менинг айбим йўқ, деб машинангни ремонт қилишга қанча вақтинг, асабинг кетади. Мен кўпинча рулдаги кишига қарайман, ёш бўлса ўтказиб юбораман ва ундан узоқроқ ҳайдайман, кексароқ бўлса, биламанки, кўп шошмайди. Аслида ҳаётда ҳам шу. Энг аввало, ўзингга эҳтиёт бўл.
Х Х Х
Аёлнинг гапларидан қандай хаёлга бормайин, устоз, барибир, устоз. Ҳозир у киши меҳнат таътилида эди. Агарки у кишининг таниши бўлса, албатта, ёрдам бериш керак. Ўша пайтда таҳририятга бир йигит келганди, анча талантли йигит. Дарров яхши мақолалари билан кўзга ташланди. Хўжандданмиди, ёки Хўжанд институтини битирганмиди, ҳозир эсимда йўқ, бош муҳарриримиз Аббосхон Усмоновнинг таъбири билан айтганда, кирчимол йигит эди. Ўшани чақириб, опанинг муаммоси билан шуғулланинг, дедим. Улар бироз гаплашиб, муаммони жойида ўрганиш учун адреслар алмашишган.
Ҳозир ўша воқеаларни эслаяпману кўнглим беҳузур бўлиб бораётир. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, ўша опа телефон қилаётир. Маълум бўлишича, кеча кечқурун мухбир йигит ётоқхонага боради. Қоравул бабушкадан опани сўрайди, ўзини таништирадию, йиқилиб тушади. Қоравул онахон уни бир амаллаб, коридордаги диванга ўтқазади. Кейин ўзи иккинчи қаватга кўтарилиб, опани чақиради. Опа келиб не кўз билан кўрсинки, мухбир йигит диванга роса қайд қилган, уст-бошларигача қусуқ, ухлаб қолган эди.
Шунда опа қоравул онахоннинг қўлига пул тутқазади, илтимос, шу йигитнинг ён-атрофини тартибга келтиринг ва таксига ўтқазиб, айтган жойига жўнатворинг. Пул етмаса, мен сизга яна бераман.
Эртаси куни опа телефон қилди. Ҳамма воқеани оқизмай-томизмай айтиб берди. Мен эса жойимда ўтиролмай қолдим. Имо -ишора билан йигитларга ўша мухбирни чақиринглар, деб айтдим. Ҳали ишга келмабди экан. Яхшиям келмабди экан. Важоҳатим ерга кириб кетгудек эди. Кейин опага тасалли бердим, ҳечқиси йўқ, Салоҳиддин ака эртага ишга чиқади, келиб учрашасиз.
– Мен у кишини танимайман, – деди опа. – Индинига менинг эрим ҳам сафардан қайтади. Аввалгидек, ўзлари бориб келадилар.
Ё Раббим, ўзинг кечир, устоз ҳақида ҳар хил хаёлларга борганим учун! Салоҳиддин акани яхши билардим, нега унақа хаёлларга бордим, бу сенмидинг, Жамолмиди ёки Хушматмиди, ҳечқурса Тўхли акамидики, сумкасига бир шиша солиб дўмпайтириб кетадиган. Салоҳиддин ака босиқ, етти ўлчаб бир кесадиган, бунақа ишлардан ҳазар қиладиган инсонку, ахир. Эҳҳе, менга ўхшаган шогирдларининг қанча-қанчасининг оғирини енгил, мушкулини осон қилмаган, дейсиз? Прописка оғир пайтларида бизнинг қариндошларимизгача гоҳ у, гоҳ бу жўрасини кўндириб, паспортларини уйларига расмийлаштирган, ижарага квартиралар топиб берган, хуллас, нималар қилмаган, дейсиз! Э сенинг хаёлларингга ҳам, стадионингга ҳам…
Х Х Х
Фатхиддин “Тошкент ҳақиқати”да бош муҳаррир эди. Ўша йиллари газета жуда қизиқарли чиқа бошлади. Фатхиддин кексаларга бирданига жавоб бермади, уларнинг тажрибаси керак эди. Ёшларнинг эса шижоати! Иккаласи уйғунлашиб, газета қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўша йиллар вилоят газетасининг мухбири “Халқ сўзи” бўлим муҳаррири билан баравар маош оларди. Улар ҳафтада уч марта чиқарди, биз эса ҳар куни ярим кечгача ўтирардик. Алам қиларди, албатта. Фатхиддин кейин Президент девонига кўтарилиб кетди. Ҳозир, эҳтимол, пенсиядадир. Қаерда бўлмасин, ўз ишини билиб қиладиган инсон. Салоҳиддин ака уларни шундай тарбиялаган. Уларнинг ҳаммасига ҳавасим келади. Салоҳиддин аканинг Қўйлиқ бозорида ҳам бир укаси бор. Исми ҳозир эсимдан чиқди. У билан кўп ҳамсуҳбат бўлмаганман. Ҳарқалай, унинг ҳам бозор барометри бўлишига имоним комил. Салоҳиддин аканинг насиҳатларини олган инсон унинг галактикасидан чиқиб кета олмайди.
Биз “Халқ сўзи”да ишламаётганимизга ўн йилдан ошиб кетди. Лекин вақт топдик, дегунча бир-биримизга интиламиз, Салоҳиддин ака, Михли акаларнинг суҳбатини олишга шошиламиз. Бу суҳбатларда беғуборлик бор, бу суҳбатларда бизнинг тани-жонимизга куч ва меҳр берувчи қудрат бор!

Leave a Reply
*