Menu
Categories
Азамат Суюнов хотиралари: Сафардаги “дашном” (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
11/05/2020 Бош мақола

Сафардаги “дашном”

Раҳматли Маҳмуд Сатторов қачон сафарга чиқадиган бўлса, албатта мени ўзига ҳамроҳ қилар, аксарият ҳолларда машина рули (чамбараги) ни менга ишониб топширарди. Хизмат тақозоси билан ҳатто қўшни республикаларга ҳам чиқиб келганмиз.

Қайсидир йили Маҳмуд ака устози Наримон Ҳотамовни ва унинг яқин салафларидан бири тиббиёт соҳаси профессори Омон ҳожи Ўринов ҳамроҳлигида Шаҳрисабзга тўйга борадиган бўлишибди. Маҳмуд акага шофёр муаммо эмас, дарров менга телефон қилади. Каминага малол келмайди. Негаки, улар билан сафарга чиқиш мен учун мароқли, маънавий озиқ олиб кетаман, баъзида ҳазил-мутойиба авжига чиқади, гоҳо йўлларда тўхтаб, “бир пиёла чой” баҳонасида “чигалёзди” қилиб ҳам оламиз, зерикиш йўқ.

Сафар тараддудига шайланиб, Маҳмуд аканинг оппоқ, оҳори тўкилмаган янги “Ласетти”сини дарвозадан чиқариб, “Нексия” машинамни унинг ўрнига қўйиб, ташқарига чиқдик. Йўл-йўлакай аввал Наримон акани, ундан кейин профессор Омон ҳожини олиб сафарга отландик. Икки-икки ярим соатлар юриб, Жиззахнинг бепоён далаларига етиб келдик. Машинани йўлнинг четига қўйиб, бир нишаброқ жойга чиқиб кўкаламроқ ерда “чигалёзди” қилиб олдик. Баҳорнинг салқин насими юзга майин урилар, қуёшнинг заиф нурлари баданга илиқлик бахш этарди. Ярим соатлар чамаси тоза ҳаводан нафас олиб, яна йўлга чиқдик. Тушдан кейин Шаҳрисабзга етиб келдик. Мезбонлар меҳмонларни илиқ табассум билан кутиб олиб, ҳурматимизни жойига қўйишди. Тўй яхши ўтди.

Эртаси куни пойтахт томон йўлга чиқдик. Сирдарёнинг Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган ГАИ постида ЙПХ ходими менга тўхташ ишорасини қилди. Тўхтадим. Ҳужжатларимни сўради. Шу заҳоти менинг ҳужжатларим “Нексия” машинамда қолиб кетгани эсимга тушди. Ноилож, Маҳмуд аканинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва машинанинг техпаспортини тақдим этдим. Ҳужжжатни кўриб, Маҳмуд ака, бир минутга мумкинми?, деди менга қараб. Дарҳол тушдим. Нариги ён эшикни очиб, Маҳмуд ака ҳам кела бошлади. Шунда ЙПХ ходими сиз ўтираверинг, ҳайдовчи билан гаплашаман, деганида чақирганингиз учун келяпман, мен Маҳмудман, деди. Мен ходимни чалғитиш мақсадида иккаламиз “адашмиз” дедим. Ҳужжатлар “жойида” эканлигига ишонч ҳосил қилди, шекилли қўйиб юборди. Сезмаганидан хурсанд бўлиб яна машинага ўтирдим. Маҳмуд ака, нега мени ҳужжатларимни олиб кўрсатасан, ўзинг “праванг”ни олиб юрсанг бўлмайдими, ҳалиям сезмай қолди, билиб қолганда иш расво бўларди, дея минғирлай бошлади. Бу таънаю дашномлар менга сал тегса ҳам, “права”ни “Нексия”дан олиш эсдан чиқиб қолибди, деб ўзимни айбдордай ҳис қилиб индамай кетавердим.

Машина салонининг орқасида Наримон ака билан ёнма-ён келаётган профессор Омон ҳожи Ўриновни “Медгородок”ка тушириб, Хадра томон Наримон аканикига қараб ҳайдадим. “Эски жўва” бозори чорраҳасида турган ЙПХ ходимларидан бири тўхташ ишорасини қилганида “правам” йўқлиги сабаб тўхтамай, тезликни баттар ошириб қоча бошладим. Шу заҳоти ЙПХнинг икки ходими зудлик билан ўтириб, “Ласетти”нинг томидаги “мегалка” чироқларини ёқиб қува бошлади. Мен ҳам бўш келмай, машинани шунақа тез олиб қочдим-ки, улар анча орқада қолди. Тезкор хабар берилган эканми, бошқа ЙПХ автомашинаси йўлимни тўсди. Бетон тўсиқ билан уларнинг машинаси оралиғидаги тор жойдан чипиллаб ўтиб кетдим. Улар ўтолмайди, деб ўйлашганди. Энди икки “Ласетти” ҳам орқамиздан қува бошлади. Хадранинг машиналар гавжум чорраҳасидан бир амаллаб ўтиб, Наримон аканинг уйи йўлагига келиб тўхтадим. Устоди калон, уйингизга келдик тушинг, деб орқага қарасам, Наримон ака жим, кўзларини юмиб олган. Қайта такрорладим. Шунда Наримон ака синиқ овозда: Ҳамма соғ-саломатми, машина бутунми, ҳушимдан кетиб қолибман, қочганингни биламан, уёғини эслолмайман, ҳозир мадорим йўқ, неварамни чақиринглар, етаклаб мени уйга олиб кирсин, деди. Наримон аканинг невараси бобосининг қўлтиғидан авайлаб, секин етаклаб олиб кетди.

Ёнимга қарасам, Маҳмуд ака ҳам жим, кўзини чирт юмиб олган, қорамағиз юзи докадек оқариб кетганди. Куннинг ғира-ширасида Маҳмуд аканинг ҳовлисига етиб келдим. Маҳмуд ака юролмади, кўтариб зўрға олиб кирганимда янгам эрини кўриб қўрқиб кетди. Хафа бўлманг янга, деб бўлган воқеани айтиб бердим ва мана машина, калити, ҳамма ёғи бус-бутун, деб хайрлашиб, ўзимнинг машинамда уйимга кетдим. Шу-шу Маҳмуд ака илтимос билан менга қайтиб телефон қилмайдиган бўлди.

Анча ҳовуридан тушган шекилли, йил ўтиб Маҳмуд ака бир жойга бориб келишимизга тўғри келяпти, деб яна қўнғироқ қилди. Фақат “праванг” эсдан чиқмасин, секинроқ ҳайдайсан, ЙПХ ходими тўхтатса, машинани олиб қочмайсан, у ёғини ўзим гаплашаман, деб шарт қўйди. Шу воқеадан кейин ўнлаб узоқ-яқин сафарларга чиқдик. Ҳужжатларим жойидалигини билгандай бирорта ЙПХ ходими тўхтатмаса денг.

Наримон Ҳотамов билан ҳар гал учрашганимда шу воқеалар эсга солиб, аслида Маҳмуднинг мазасини қочирган сен бўласан, деб қўяди. Бўлиб ўтган шу воқеани ёзмоқчи эмасдим, Наримон ота Ҳотамов (Оллоҳ раҳмат қилсин) ва Абдуқодир Раҳматовларнинг қистови билан қоғозга туширдим.

Ласетти”нинг давлат рақами ҳам антиқа бўлиб, 01 884 МАА эди. Мен ҳазиллашиб, МААМаҳмуд Аканинг Автомобили, деганимда машинани шунча йил ҳайдаб бунга эътибор бермаган эканман, деганди раҳматли устоз.

Шу “пойга” воқеасидан кейин “Ласетти” машинасига бўлган “меҳрим” яна ўн чандон ошди. Бундан аввалроқ “Тахтиқорача” довонидан зўриқмай, чиппилиб тортганида ҳавасим ортган эди. Менга ҳам шунақа кучли, тез юрадиган улов бўлсайди, деб ният қилгандим. Яхши ниятга фаришталар ҳам омин, дейди деганлари рост экан. Орадан кўп ўтмай, онам Америкадан келадиган бўлиб қолди (Икки укам шу мамлакатда оиласи билан яшайди). Аэропортда кутиб олиб, уйимга олиб келдим. Эртаси куни онам менга қараб: “Нексия”нгни устига қанча қўшсак, “Ласетти” беради”, деб сўрадилар даб-дурустдан. Икки минг “кўки”дан берсангиз етади, дедим ҳазил аралаш. Раҳматли онамнинг озгина далдаси билан “Ласетти”лик бўлиб қолдим.

Азамат СУЮНОВ

Маҳмуд Сатторов билан
Суратда “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Сатторов (ўнгдан – иккинчи), Бош муҳаррир Исмат Хушев (ўнгдан – учинчи), адабий ходим Суюн Қораев (ўнгдан – биринчи), адабий ходим Азамат Суюнов (чапдан биринчи), Бош муҳаррир ўринбосари Алишер Таксанов (орқа планда – чапдан биринчи),  Бобир Раҳимов (учинчи) директор – ишлар бошқарувчиси, Шуҳрат Соҳибов – масъул котиб ва Дилшод Қосимов (таржимон, адабий ходим) лар Бош муҳаррир кабинетида.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*