Menu
Categories
Асрор Мўмин ижодидан: ҚОЯЛАРГА БЎЙЛАШГАН ЎЛМАС ҚОЯ
11/16/2020 Адабиёт

ҚОЯЛАРГА БЎЙЛАШГАН ЎЛМАС ҚОЯ

Мен Мамадали Маҳмудов билан учрашишдан илгари асарларини ўқиганман. Айниқса, унинг “Боғдон қашқири” қиссаси ўчмас таассурот қолдирган. Бу асар тасвирларидаги ўзига хос бўёқлар, қаҳрамонларнинг ҳаётийлиги, суҳбатлардаги сўзларнинг халқчиллиги мени мафтун этган. Шундан кейин Мамадали Маҳмудов имзоси билан чиқадиган асарларни кутадиган ва диққат билан ўқиб борадиган бўлдим. Унинг “Бугун ва эрта” сарлавҳали публицистик мақоласини ўқиганимда, Мамадали Маҳмудовнинг маҳоратли ёзувчигина эмас, етук публицист эканлигига ҳам ишонч ҳосил қилдим(кейинчалик сарлавҳаси ёқиб қолгани учун шу номда шеър ҳам ёзганман). Муаллиф кенг қамровли мақоласида юртимиз келажагига парвоз қилганди.
1987 йил кузида устоз Азим Суюн уйига янги иш масаласида маслаҳатлашгани бордим. У бу масалани Мамадали ака яхши ҳал қилади дедиларда, кеч бўлишига қарамай уйи томон бошлади. Мамадали ака бизни очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Танишдик, бироз суҳбатлашгач, Азим ака мақсадга кўчди.
– Асрор, ишга кирмоқчи экан.
– Ҳозирча ишлаб туринг, бир ҳафталарда сизга мос иш жойи топамиз, – дедилар Мамадали ака менга қараб.
– Ишдан бўшаб бўлган, – деди Азим ака тезда.
– Унда бизда ишлаб турасиз, – дедиларда манзилни тушунтирдилар.
Суҳбатимиз ҳар хил мавзуларда давом этди. Бирдан жўшиб дедилар:
– Яқинда менга ота-боболаримиздан мерос янги яктак ва чолвор ҳадя этишди.
Бошқа хонага чиқиб кетдилар ва бизни лол қолдириб, оқ яктак ва чолворда чиқдилар, курсида чордона қуриб ўтириб, Азим акага дедилар:
– Ота-боболаримиз давраларда шундай савлат тўкиб ўтиришган.
Кейин менга қараб дедилар:
– Бу одам ишхонада ҳам шунақа бўлса керак деб ўйламанг. Мен дам олганда яйраб дам оламан. Ишхонада темир интизом, қаттиқ ишлаймиз.
Эртаси куни Мамадали ака раҳбарлигидаги Агросаноат редакция-нашриётида таржимон бўлиб иш бошладим. Ишим берилган қўлёзмаларни таржима қилиш. Мамадали ака билан аҳён-аҳёнда учрашиб қолардик. Чунки хонаси одамлар билан гавжум бўларди, доим иш билан банд эди. Катта қўлёзмаларни таржима қилиш учун уйга бериб юборишарди. Уч ҳафтача шундай қўлёзмалардан бирини уйда таржима қилдим. Ишхонага борсам, худди ташкилот кўчиб кетгандек ҳувиллаб ётибди. Хонамизда ҳамкасбимни учратдим. Мамадали ака Ёзувчилар уюшмасининг Тарғибот марказига директор этиб тайинланибди. Айримлар у билан бирга кетиб бўлибди. Мен бир-икки ҳафта ҳувиллаб қолган ишхонага келиб-кетиб юрдим, кейин ишдан бўшадим ва Тарғибот маркази қайдасан деб йўлга тушдим.
Мамадали ака кутиб тургандек, жилмайиб қарши олдилар, дарҳол ариза ёздириб, ташкилотчи мухбир лавозимига ишга қабул қилдилар. Вазифангизни бошқаларда сўраб оласиз дедиларда, қабулхонада навбат кутаётган одамни чақирди. Биз учун ажратилган хонага кириб, мендан эртароқ келган Комилдан вазифамни сўрадим. У қисқа жавоб берди: “Ташкилотдан пул кўчириб келасиз, кейин учрашув ўтказасиз” ва қўшимча қилди: “Қанча пул кўчириш ва учрашув ўтказиш керак бўлса, устознинг ўзи бир зумда ҳал қилади…” Қўл қовуштириб ўтиришга одатланмаганим учун ишга киришдим. Бир ташкилотдан пул кўчириб, учрашув ўтказдим. Тегишли ҳужжатларни ҳисобхонага топшириш учун кетаётганимда Мамадали акани учратдим.
– Устоз(у кўпчиликка исми билан эмас, устоз деб мурожаат қиларди), биринчи учрашув ўтказганингиз билан табриклайман.
– Раҳмат!
– Ҳужжатлар пухтами? – дедилар қўлимдаги қоғозлар қараб.
– Ҳа.
– Ишни шундай пухта қилинг, – дедиларда одамлар кутаётган қабулхонага кириб кетдилар.
Унинг ҳузурига ҳар хил одамлар ёрдам сўраб келишарди. Бир кишининг ишини битириб кузатиб чиқдилар. Иши битган киши қайта-қайта раҳмат айтарди, қайта-қайта хайрлашарди.
– Сизга яна қандай яхшилик қилсам экан, – дедилар Мамадали ака самимий.
– Шу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман, – деди у ва қайта-қайта раҳмат айтди, қайта-қайта хайрлашди.
– Йўлда эҳтиёт бўлиб кетинг.
– Нега? – деди у ҳайрон қолиб.
– Жуда кўп хайрлашиб юбордингиз.
У бошқаларнинг қочиримли гапларини тез илғаши билан бирга ўзи ҳам керак пайтда нозик сўзларни ажойиб тарзда айта оларди.
Ишларимиз бир маромда давом этарди. Мамадали ака кейинги ёзда Бўстонлиқ туманидаги сўлим қишлоқдан дала ҳовли сотиб олдилар. Мени, Комил ва Маматқулни хонасига чақириб: “Дала ҳовлимда бир ҳафта дам оласизлар ва қараб турасизлар”, – дедилар. Кейин менга қараб қўшимча қилди: “Қурувчи бўлиб ишлагансиз, сувоқчиликни билсангиз керак?” Дам олишга “йўлланма” нақд бўлиб турганда, нима ҳам дердим: “Сувоқчиликни қотириб ташлайман”.
Дала ҳовлига кетар эканмиз табиатан меҳрибон бўлган Мамадали ака йўлда бозор-ўчарни меъёридан ошириб қилдилар. Бозор-ўчарнинг чўғини кўриб учаламиз роса хурсанд бўлдик. Манзилга етиб, сувайдиган тош деворни кўрганда эса учаламизнинг ҳам ҳафсаламиз пир бўлгани рост. “Устоз, сизларга раҳбар”, – дедилар Мамадали ака “ишчи”ларимга мени кўрсатиб ва Тошкентга қайтиб кетди. Раҳбарлик маза-да, “ишчи”ларимга сувайдиган жой яқинига зина қўйдирдим, цемент ва қумни олиб келишди. Шу билан “ишчи”ларим кечки овқатни бошлаб юборишди. Кечликдан кейин айвонни саҳна қилиб, учаламиз навбатма-навбат шеър ўқидик. Юлдузлар чарақлаган сокин қишлоқда шеър ўқиш завқ беради. Мушоирамиз узоқ давом этди. Кейин чарчаганимиз учун уйқуга кетдик.
Эрталаб илитмани тановул қилгач, яхшилаб керишдик ва ишга киришдик. Цемент ва қумни 1х3 нисбатда аралаштириб, қоришма тайёрладик. Мен бу вақтда сувайдиган жойга сув сепдим. Қоришма солинган челакни олиб, сувашни бошлади. Қоришма тош деворга ёпишмади, кўчиб тушди. Қоришмага яна бир челак цемент қўшиб, аралаштиришни буюрдим. Бу қоришма ҳам деворга ёпишгиси келмади. Қоришмага яна бир челак цемент қўшиб аралаштирдик. Бу қоришмани бир амаллаб деворнинг тўрт қаричча жойига чаплаб, андаваладим. Бироз дам олдик. Ўша бироз дам олган вақтимизда, сувоқ деярли қуриганди. Зинага чиқиб, сувоқни текширдим. Қўлим тегиши билан бир жойи кўчиб тушди. Оғир лойли меҳнатдан кейин ювиниш керак. Учаламиз кўлга йўл олдик. Сувоқни қандай бажарганимиз баҳоси ҳозирча бизга ноаён, лекин чўмилишни қотирдик. Кечки овқатни тайёрлаш керак бўлгани учунгина дала ҳовлига қайтдик. Кечликдан кейин мушоирамиз бошланди. Кун тартибимиз қатъий изга тушди: эрталаб туриб илитмани бемалол еймиз, яхшилаб керишгач, кўлга борамиз, кечликни тайёрлаш учун қайтамиз, кечликдан кейин мушоира. Роса чарчаганимиз учун мириқиб ухлаймиз.
Баъзида “ишчи”ларим “Устозга нима деймиз?” дейди ва бу саволни дарҳол унутади, юқорида таърифланган “зарур” ишга киришади. Ниҳоят, Мамадали акани олиб келган машина эшик олдида тўхтади. Кайфияти чоғ келган одам сувалган жойга кўзи тушиб хуноби ошди. Жуда меҳрибон одамнинг жаҳли ҳам жуда ёмон бўлар экан.
– Уч киши бир ҳафтада уч қарич жойни сувадингларми?..
Ичимизда уч қаричмас, тўрт қарич дейдиган мард топилмади. Раҳбарлик маза, аммо унинг масъулияти ҳам бор. Жавоб беришни зиммамга олдим:
– Бу тош деворга қоришма ёпишмас экан. Ана қаранг, кўчиб тушди(сувоқ кўчган жойга ишора қилдим). Биз сизнинг цемент ва қумингизни исроф қилмаслик учун ишни давом эттирмадик. Бу деворни суваш учун олдин металл тўр қоқиб чиқиш керак. (Қандай тежамкормиз, қандай ақллимиз?!)
– Шундайми? – дедилар Мамадали ака ва ўзи билан олиб келган қурувчи устага қаради.
– Металл тўр қоқмаса, тош деворда сувоқ турмайди, – деди уста.
Устанинг бу гапидан кейин учаламизга жон кирди, бир зумда дангасадан тежамкор қаҳрамонга айландик. Буйруқ берилгандай қаддимизни ростладик. Мамадали ака уста билан айланиб, қурилиш ишларини режалаштирди. Кейин олдимизга келиб дедилар:
– Таътилдасизлар, бир ҳафта қолиб ҳовлига қараб турмайсизларми? Агар кимнинг иши бўлса, машинага чиқсин, олиб кетаман.
– Қоламиз! – дедик баравар. (Бундай маза жойни ташлаб кетадиган номард ҳали дунёда туғилмаган, дедик ичимизда).
– Унда мана бу пулга ўзларинг бозор-ўчар қилинглар, – дея 25 сўмлик пулни узатдилар.
Комил пулни ўша заҳоти чўнтагига жойлади.
– Бу жойлар кечаси қўрқинчли бўлар экан, – дедим салмоқ билан мен. Мамадали ака ҳайрон бўлиб менга тикилдилар. Фурсатни бой бермай давом этдим: – Биз учаламиз бўлганимиз учун қўрқаётганимиз йўқ. Лекин сиз берган 25 сўмлик ёлғиз бўлгани учун Комилнинг чўнтагида бир ўзи роса қўрқса керак. Ўртоғини ҳам беринг, улар Комилнинг чўнтагида қўрқмасдан ҳасратлашиб ётишади.
Мамадали ака мириқиб кулгач, “Шундайми?” деганча чўнтагини кавлади ва 10 сўмликни чиқариб Комилга узатди. Мен дарҳол тилга кирдим:
– Ўртоғини берсангиз яхши бўларди, майли, “ука”сини бердингиз. Энди “ака-ука” Комилнинг чўнтагида гурунглашадиган бўлди.
Ҳаммамиз яйраб кулдик ва Мамадали ака яхши кайфиятда Тошкентга қайтиб кетдилар. Аслида, ўша даврда 25 сўм бизга бир ҳафтага етиб ортарди. Буни у ҳам яхши биларди. Лекин яхши сўзни қадрлайдиган Мамадали акадай саховатли одам менинг сўзларимни мукофотламаслиги мумкин эмасди. Биз бир ҳафта давомида ўзимиз тасдиқлаб олган кун тартибига қатъий риоя қилдик. Афсуски, яхши кунлар кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Кейин мен тош деворга металл тўр қоқилганини, чиройли сувоқ қилинганини кўрдим. Яхши жойнинг харидори кўп бўлади. Мамадали ака дала ҳовлини қандай тез сотиб олган бўлса, шундай тез сотиб юборди. Бундан ўша дала ҳовлига мазахўрак бўлиб қолган бизгина ростакамига афсусландик.
Дунёдаги энг ақлли эркак ҳам барибир хато қилади, дея бежиз айтилмаган экан. Хуллас, уйланиш тараддудига тушдим. Тўй куни яқинлашса ҳам бепарво юрганимни кўрган Мамадали ака ҳузурига чақирдилар. Худди ўғлини уйлантираётгандек безовта бўлиб, тўйга тайёргарлигим тўғрисида суриштирдилар. Албатта, жавобларимдан қониқмадилар.
– Сиз ҳеч қаёққа кетмай туринг, ҳозир бир кишини чақираман, бирга бориб ўзингизга костюм-шимни, келин сарпоси ва совғаларни ҳал қиламиз.
1990 йилда келин сарпоси эмас, оддий кийим-кечакни дўконлардан топиб бўлмаслигини ёзиш ёдимдан чиқибди. Мамадали ака ҳузурларига чақирдилар, ёнидаги киши билан кийим-кечаклар омборига бордик. Мудир никоҳ уйидан қоғоз олиб келганимдан кейин танлаган кийимларимни махсус дўконга ўтказишини ва ўша жойдан олишимни айтди. Шу тариқа ҳавас қилса арзийдиган келин сарпоси тайёрланди. Яна қандай яхшилик қилсам экан деб ўйлайдиган Мамадали ака тўйгача бир неча марта мени чақириб, бирор муаммо бўлса тортинмасдан келаверинг, ҳал қиламиз, дея далда бериб турдилар.
Бирга ишлаган давримизда Мамадали Маҳмудовнинг машҳур “Ўлмас қоялар” романи “Шарқ юлдузи” журналининг икки сонида босилиб чиқди ва қўлма-қўл ўқилди. Бир нечта публицистик мақолалари тилга тушди. Унинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида саккизта мухтасар ва мукаммал ҳикоялари чоп этилгани эсимда.
– Устоз, газетада чиққан саккизта қиссамни ўқидингизми? – дея жуда кўтаринки кайфиятда мендан сўрадилар.
– Бутун дунё ўқиётган қиссаларни қандай қилиб мен ўқимаслигим мумкин?! – дедим кўтаринки оҳангда.
Ҳа, у биринчи навбатда ижодкор эди. Ҳар бир ҳақиқий ижодкор каби ёзганлари олам юзини кўрганда боши осмонга етиб қувонарди.
Кўп ўтмай Мамадали Маҳмудов Ёзувчилар уюшмаси котиблигига тайинланди. Мен бир муддат Тарғибот марказига келиб-кетиб юргач, “Спорт” газетасига ишга ўтдим. Шу тариқа бизнинг йўлларимиз айрилди. Лекин унинг ҳар қандай шароитда ҳам ижодини давом эттираётганини эшитиб, кўнглим таскин топди. Ҳаёт синовлари уни синдира олмади, аксинча, иродасини тоблади, кучига куч қўшди, ижод эса қанот бағишлади. 2019 йилда “Адабиёт” ва “Ишонч” газеталарида кейинги йилларда ёзган ҳикоялари эълон қилинди. Саҳрода узоқ вақт қолиб кетган йўловчи чашмага дуч келганда қандай мириқиб сув ичса, мен бу ҳикояларни шундай қониқиш билан мутолаа қилдим, ҳайратга тушдим, ўйга толдим. Ҳикоялар ҳар қандай мақтовга муносиб эди.
Қазо ҳақ, бу дунёдан пайғамбарлар ҳам, даҳолар ҳам кетади. Мамадали Маҳмудов ҳам мангулик сари йўл олди. Ундан бизга яхшилик, тантилик, саховат, ажойиб асарлар қолди. Тўғри, у ўзида кўплаб фазилатларни мужассам этганди. Бироқ, аввало у машҳур “Ўлмас қоялар” романини ёзган бетакрор адиб эди. Шу боис Мамадали Маҳмудов дейилганда “Ўлмас қоялар”, “Ўлмас қоялар” дейилганда Мамадали Маҳмудов кўз олдимизда гавдаланади. Бундай буюк бахт дунёдаги сараланган адибларгагина насиб қилади.
Қоялар – жим турган буюк ҳақиқат, дейилади ҳикматларда. Энди буюк ҳақиқатни ичида сақлаб жим турган қоялар сафида Мамадали Маҳмудов аталмиш Ўлмас қоя ҳам бор. Бу Ўлмас қоя ҳам бизни эзгуликка, огоҳликка чорлаб, ҳар бир қадамимизни кузатиб туради, керак пайтда олислардан руҳан қўллаб-қувватлайди.

Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*