Menu
Categories
Шодмон Отабек: ВАТАНПАРВАР, МИЛЛАТПАРВАР АДИБ ЭДИ
11/18/2020 Адабиёт

ВАТАНПАРВАР, МИЛЛАТПАРВАР АДИБ ЭДИ

Одамзод ҳаётда ҳамма нарсага кўникади. Мана, пандемия−тожливирус офати туфайли кетма−кет рўй бераётган катта йўқотишларга, аламли жудоликларга ҳам кўникаёздик. Мажбурий “уй қамоғида “ зерикиб, сиқилиб ётган кунларнинг бирида Сабоҳат уйимга телефон қилиб, отасининг (ёзувчи Мамадали Маҳмудов−Эврил Турон) вафот этганини айтганда худди бошимга гурзи урилгандек гангиб қолдим.

Ич−ичимдан аламли бир хайқириқ отилиб чиқди: “Вой, нега ўлади? Нега? Ахир у яшашга ҳаммадан кўра кўпроқ ҳақли эди−ку! Ҳали қиладиган ишлари, орзу умидлари кўп эдику!”…

Кутилмаган мусибат пайтида айтиладиган “Оллоҳнинг иродаси”, “Ҳеч ким бу дунёга устун бўлмайди” деган таскинлар ҳам кор қилмай қоларкан. Сабоҳатдан ўша совуқ хабарни эшитган заҳотим томоғимга тошдай бир нарса қадалди, кўзларимдан шашқатор ёшлар оқди, овозим қалтираб, гапиролмай қолдим…

Сабоҳат отаси ҳақида хотира китоби чиқаришмоқчи экани, отасини яхши биладиган жасур, фидойи журналист Шароф Убайдуллаев ёрдам бермоқчи эканини айтганда “Савоб иш бошлабсизлар, Оллоҳ ўзи қўлласин! Раҳматли отангнинг ҳаёт йўли ҳаммага ибрат бўларлидир! Мен ҳам хотираларимни албатта ёзиб бераман!” дедим.

Ўзинг яқиндан биладиган одаминг ҳақида ёзиш бир қараганда жуда осондай туюлиши мумкин. Айрим зўрма−зўраки ёзилган хотиралардай “Нимасини ёзаман?” дея бош қотириб ўтирмайсан. Биз раҳматли Мамадали билан жуда яқин, сирдош дўст эдик. У ҳақда қирқ кеча−ю қирқ кундуз тўхтамай гапиришим мумкин. Фалакнинг гардиши билан раҳматли дўстим ҳақида хотира ёзарман деб ўйлабмидим?!..

Ҳар қандай одамнинг тийнатини, характерини белгилайдиган муҳим, асосий жиҳатлар бўлади. Мамадалининг характеридаги бу етакчи хусусиятни белгилайдиган фазилатларни мен ушбу хотиранинг сарлавҳасига иккиланмай, дадил олиб чиқдим: ВАТАНПАРВАР, МИЛЛАТПАРВАР! Афсус−надомат билан қайд этиш кераккки, шўро замонида ушбу залворли сўз−тушунчаларнинг қадру қиймати пасайди, гўё ҳеч кимни ВАТАНПАРВАР, МИЛЛАТПАРВАР ДЕБ айтиш мумкин эмасдай… Лекин ҳаётда Мамадали каби инсонлар саноқли бўлса−да бор эди−да…

Хўш, Мамадалининг ватанпарварлиги, миллатпарварлиги асосан нималарда намоён бўлар эди? У аввало ёзувчи эди. Катта ёзувчи бўлишни орзу қилиб яшади. 8−синфда ўқиётганида “Босқинчиларга қарши қурол билан эмас, қалам билан курашаман!” деган фикр миясига қаттиқ ўрнашиб қолган эди. Ёзувчининг қуроли –сўз! Мамадали ҳам аввало имконияти даражасида ўз ғояларини, ВАТАН ва МИЛАТ туйғуси ва ғоясини асарларида акс эттирди.

Тарихда босмачилик харакати деб юритилаётган ва қаттиқ қораланган харакатни “Боғдон қашқири” деган қиссасида миллий−озодлик харакати дея талқин этишга журъат этди. Кейинроқ эса “Шарқ юлдузи” журналида (1981) чоп этилган “Ўлмас қоялар” романида Ўрта Осиёнинг Россия таркибига тарих китобларида, расмий сиёсатда йиллар давомида таъкидланаётган катта ёлғонни фош этиб, Ўрта Осиё Россияга куч билан, қонлар тўкиш эвазига зўрлик билан қўшиб олинганини рўй−рост ёритиб берди. Унинг тарихга, тарихий шахсларга қараши ҳам ўзига хос эди, расмий қарашлардан анча фарқ қиларди. Юртимиз тарихини ва жаҳон тарихини мустақил равишда, пухта ўрганган эди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин ҳам Ўрта Осиёнинг босиб олингани ҳақидаги тарихий ҳақиатни тан олгиси келмай, тайсаллаган олимлар борлигини назарда тутсак, адибнинг катта журъати, тарихий хизмати янада яхшироқ аён бўлади. ”Ўлмас қоялар” романи “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгандан кейин катта шов−шувларга сабаб бўлди, хорижий юртларда, хусусан Германия, Туркия ва Францияда ҳам нашр этилади. Ўзимизда эса муносабат мутлақо салбий бўлди. Қизил мафкура ҳукмрон бўлган тузумда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Роман босилган журнал ҳам йиғиштириб олинди.

Ватан мустақиллигини кўриш Мамадалининг энг катта орзуси эди. СССР деб аталган улкан империянинг таркибида бўлган Ўзбекистонда қарамлик, юқорига тобелик, бир сўз билан айтганда мустамлакачилик бошқача тарзда давом этаётгани ҳар бир мустақил фикрлайдиган одамга яхши аён эди. Мустақиллик орзуси, истиқлол соғинчи юракларнинг энг тубига чўктирилган эди. Мустақиллик ҳақида ҳатто орзу ҳам қилиб бўлмас эди. Раҳматли тарихчи олим Бўрибой Аҳмедов шундай бир ғаройиб воқеани менга гапириб берган эди. Самарқандда тарихчи олимларнинг халқаро симпозиуми ўтказилади. Бўрибой ака ҳам иккита олим ҳамроҳи билан анжуманга боришади. Тушликда уччовлон шаҳарнинг бир четидаги чойхонада чой ичиб ўтиришганда ўзаро гурунглашиб қолишади. Шунда улардан бири шундай деб қолади:

Эҳ! Қанийди Тошкентда Карл Маркс ҳайкали ўрнида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилса! (илгари Амир Темур ҳайкали ўрнида Маркснинг баҳайбат ҳайкали бўлганини ҳозирги айрим ёшлар билмаслиги мумкин)

Э зўр бўларди−да!

−Ҳар қандай империя ҳам бир куни қулайди. Худо хоҳласа ўша яхши кунларни ҳам кўрармиз.

−Илоё айтганингиз келсин!..

Олимлар Тошкентга қайтишгач, ҳар бири Давлат ҳавфсизлик идорасига чақиртирилиб, сўроқ қилинади:

−Хўш, Сизлар Амир Темурга қаерда ҳайкал ўрнатмоқчисизлар?

“Ҳайрон бўлганмиз− ким сотган бўлиши мумкин? Ахир ўшанда кўкнори хаёл суриб орзу қилганимизда ёнимизда уччовимиздан бўлак кимса йўқ эди−ку? Демак, мустақилликни ўша даврда ҳатто орзу ҳам қилиб бўлмас эди−да!” − деган эди Бўрибой ака ҳайратланиб.

Мамадалининг ватанпарварлиги, миллатпарварлигини жуда катта кўламда, кенг роқ маънода ангамоқ лозимдир. У фақат истиқлол соғинчи билан чегараланиб қолмаган эди, у бутун дунёда туркий халқларнинг бирлиги ғоясининг ашаддий тарафдори, толмас тарғиботчиси эди. Эврил Турон деган тахаллусни ҳам бежиз танламаган эди. Қизларидан бирига бежиз Ватан дея исм қўймаган эди” Онам Самарқанд этагидаги Каттатурк қишлоғида туғилган, тоза турк уруғидан” (адибнинг қўлимда сақланаётган таржимаи ҳолидан. Раҳматли дўстимнинг онаси Саодат аяни ҳаётлигида кўп марта кўрганман) дея ўз шажарасидан фахрланган, мен туғилган Ширмонбулоқ (Андижон вилояти) аҳлининг ҳам турк уруғидан эканини билгач, менга меҳру ихлоси янада ортганини сезганман.

Мамадалининг “Ўлмас қоялар” романи худди ёзда янграган мамомақалдироқдек катта шов−шувларга сабаб бўлди. Ёзувчига турли тазйиқлар бошланди. Ишдан ноҳақ бўшатилди. Бу “сиёсий хато”дан унумли фойдаланиб қолишга уринган кимсалар ўша пайтдаги Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Сарвар Азимовга ҳам ҳужумни кучайтириб юбордилар. Бу ғаламислар орасида айрим Халқ ёзувчиларининг ҳам борлиги таасуфланарлидир.

1981 йили Мамадалининг мошинасида хотини Гулсара, уч нафар фарзандлари билан Қирғизистон, Қозоғистон бўйлаб саёҳатга чиқдик. Мамадали менга қаттиқ ишонар, шунақа олис сафарга чиққанда мени ҳамроҳ қилиб олар эди.. Мен ҳам унинг бу ишончини оқлашга ҳаракат қилар эдим. Биз ”Шарқ юлдузи”да босилган “Ўлмас қоялар”ни ҳам олиб олгандик. Мамадали романини Чингиз Айтматовга ўқитиб, фикрини билмоқчи, маслаҳатини олмоқчи эди. Афсуски,Чингиз оға биз борганимизда сафарга кетган экан, тарихий учрашув бўлмади. Кейин, Олмаотага ўтиб кетдик.У ерда Мамадалининг қозоғистонлик таниш ёзувчилари билан учрашиб, гурунглашдик. Медео деган хушманзара тепаликкка чиқиб томоша қилдик. Мамадали ўша кезларда ўзича ҳовлиқиб, чиройли, манзарали жойлардан битта далаҳовли сотиб олмоқчи ҳам бўлди. Мен унга “Энди яна қачон келасизу бу ёқларга, қўйинг бу гапларни!” дея аранг шаштини қайтарганман. Сафардан Тошкентга катта таасуротлар билан қайтдик.

Мамадалининг туғилган юрти− Форишга, Боғдон қишлоғига ҳам кўп марта бирга борганмиз. Тоғда, дўлана ғарқ пишганда Мамадали асарларидан бирига “Қора дўлана” деб сарлавҳа қўймоқчи эканини айтди. Мен бу фикрни маъқулладим. Дўстим ўз юртида яйраб−яшнаб юрар, қариндош−уруғлари, ҳамюртлари билан осонгина тил топиша олар, гурунги дилтортар эди.

Тақдир Мамадалини кўп аёвсиз синовларга дучор қилди. У маданият жамғармасида ишлаётганида биринчи марта қамоққа олинади. Орадан йиллар ўтгач, у иккинчи марта “Эрк” партиясининг аъзоси деган сохта, тутуриқсиз айб билан қамоққа олинади. Бу гал ҳибсхонада 17 йилдан зиёдроқ ўтиради.

Рус тилида” пародокс” деган сўз –тушунча бор, маъноси − тескари ҳақиқат деса ҳам бўлади. Юрт мустақиллигини ҳаммадан кўп орзу қилган, шу йўлда ижоди билан ҳам, амалий фаолияти билан ҳам баҳоли қудрат курашган одам мустақиллик йилларида икки марта қамалиб чиқди!.. Бунга қандоқ чидаш мумкин? Шу қадар адолатсизлик бўлиши мумкинми?

Мамадали ўша−иккинчи марта қамалган куни бизнинг уйга келаётган экан. Менга телефон қилиб, уйимга ош устида шахмат ўйнаш учун келмоқчи эканини айтган ва мен бу ташрифдан жуда қувонган эдим. Афсуски,ўша машъум кунда у билан кўришиш насиб этмади. Дўстим йўлга чиққанида ташқарида уни пойлаб турган ҳавфсизлик идорасининг ходимлари бошига қоп кийгизиб олиб кетишади. Албатта, ундан сўроқ пайтида қаёққа кетаётганини сўрашган, у меникига келаётганини айтмаган, албатта. Умуман, у сўроқ ва қийноқларда ҳеч кимни сотмаган. Раҳматли шундай мард, қўрқмас, жасур инсон эди.

Раҳматлининг қамалиш сабабларини ҳар хил талқин этиш мумкин. (Бу ихчам хотирада тафсилотларни баён қилиш шарт эмас деб ҳисоблайман) Мен ўзим кузатган ва гувоҳ бўлган айрим ҳолатларга қараб айтишим мумкинки, Мамадали ўзини эҳтиёт қилишни мутлақо билмас, тилига жуда эҳтиётсиз одам эди. Гоҳо дўст ким, душман ким –ажратолмай қолар, анчайин соддалиги ҳам бор эди. Қаерда қандай гапни айтиш мумкину қандай гаплардан тийилиш даркор –бу ҳақда мутлақо ўйламас, қалтис гапларни дуч келган жойда айтаверар, унинг гапларини қўшиб чатиб, бўрттириб керакли жойларга етказиб қўядиганлар ҳам бўлиши мумкинлигини ҳисобга олмас эди. Ахир ”Тил югуриги бошга” деган мақол бежиз айтилмаган−ку! Шунингдек, унинг юқорига ёмон кўриниб қолишида катта идорада хизмат қиладиган айрим қаламкаш биродларларимизнинг ҳам “алоҳида хизматлари” йўқ эмас… Мен бунга шубҳа қилмайман.

Мамадалининг меҳнат фаолиятида кўзга яққол ташланадиган яна бир фазилати шуки, унда жуда катта ташкилотчилик қобилияти бор эди. Мамадали атоқли адиб Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмасига раҳбар бўлганида ташкилий ишлар бўйича унинг ўринбосари эди. Дўрмондаги Ёзувчиларнинг ижод уйи ва унинг теварагида адибларга ажратилган уй−жойлар, Юнусободдаги Ёзувчиларга қурилган махсус уй, Чорвоқдаги етмишдан ортиқ ёзувчига берилган дала ҳовлиларнинг ҳукуматдан ундирилишида Мамадалининг жуда катта ҳиссаси бўлган.

Мамадали ўзи ихлос қўйган одамларга садоқатли эди. Кекса адиблардан Шукрулло акага, Одил Ёқубовга ихлоси баланд эди. Ўзидан ёшлари улуғроқ қаламкашлардан Маҳкам Маҳмудов, Шароф Убайдуллаев, Ҳалима Худойбердиева, Мавлон Умурзақов, Раҳмат Худойбердиевлар билан ҳамкор−ҳаммаслак эди. Номи Иттифоқ миқёсида ҳам маълум ва машҳур бўлган таниқли олим Раматуллин ҳақида,  Р,Худойбердиев билан ҳамкорликда китоб ҳам ёзган эди. Мен уларнинг бу асарини республика радиосида махсус эшиттириш тарзида эълон қилган эдим. Айни чоғда Тошкентга келган Раҳматуллин билан ҳам учрашиб, суҳбатини олиш насиб этган.

Мамадали ҳаёт йўлида жуда кўп одамларга яхшилик қилган. У телефон орқали ишни битира оладиган амалдор ҳам эмасди. 1968 йили “Саодат “журналининг бош муҳаррири Зулфия опа уни ишга таклиф этганидан буён шу таҳририятда ишлаб келаётган эди. Мамадали журналнинг фаол муаллифларидан эди. Оддий лавҳа, очеркларни ҳам худди бадиий асардай ўқишли, қизиқарли қилиб ёзгани учун Зулфия опадек улкан ижодкорнинг назарига тушган эди. Журналга ишга келгандан кейин ҳам анча самарали меҳнат қилди. Таҳририят топшириғи билан юрт кезди, далаларда офтобдан куйиб, аёвсиз шамолларда озиб тўзиб кетган оддий халқнинг туриш−турмуши оғирлигини кўриб, юраги эзилди, уларнинг тезроқ рўшнолик кўришини орзу қилди.

Мамадали ҳаёт мактабида обдон тоблангани учунми, қўлидан кўп иш келар, одамлар билан осон тил топишар, ҳамма ерда таниш –билишлари кўп эди. Ҳаётий масалаларда биронта муаммомиз чиқиб қолса, ҳаммамиз унга мурожаат қилардик. Шоҳруҳ Акбаров деган курсдошим, ёзувчи, журналист ўртоғимиз ҳарбий хизматдан сўнг Тошкентда ишлаб қолмоқчи бўлганда паспортини прописка қилиш масаласида Мамадалининг одига чопдик, У ҳамма ишини йиғиштириб, елиб−югуриб Шоҳруҳнинг ишини битириб берди. Худди шу масалада менга ҳам катта ёрдам берган эди. Университетни битиргач, ётоқхонанинг вақтинчалик пропискаси билан республика радиосида иш бошладим. Лекин ҳали доимий пропискам йўқ эди. Ҳар куни радионинг кадрлар бўлими бошлиғи мени кўрса пропискани сўраб, зуғум қилиб қоларди. Ўша даврларда прописка масаласи жуда катта муаммо эди.1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентга прописка масаласида чекловлар жорий этилган эди. Шунга қарамай устозим, машҳур адиб Мирзакалон Исмоилий мени ўз ҳовлисига прописка қилиш харакатига тушган эди. Хуллас, менинг пропискам масаласига ўша кезлардаги ички ишлар вазирининг аралашуви зарур бўлиб қолади. Мамадали сўраб –суриштриб, журналист Ҳамид Нурийнинг министр билан яхши оғайни эканини аниқлайди. Ҳамид ака билан ака−укадай бўлган дўстим дарҳол масалани кўндаланг қўяди. Хуллас, Ҳамид аканинг аралашуви билан ички ишлар вазирининг махсус кўрсатмасига биноан устозим Мирзакалон Исмоилийнинг (раҳматли адиб ва таржимон менинг ҳақиқий устозим эди, мен бу буюк зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзганман) уйига доимий прописка қилиндим. Устоз ҳар гал кўришганимизда “Уй ўлгур тезроқ бузилсайди, шунда уй олар эдингиз” дер эди. Кунлардан бир кун устознинг айтгани бўлди. Прописка бўлган жойим бузиладиган бўлди ва мен ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликсиз Қорасув даҳасидан тўрт хонали уй олдим. Албатта, бу хайрли ишнинг бошида раҳматли дўстим Мамадали турганини ҳеч қачон унутмайман. Шундай қилиб, Мамадалининг ўша яхшилиги туфайли пойтахтдан биринчи марта уй олганман. Тошкентни “забт” этиш учун келган мен каби ижарада турадиган ижодкорлар учун пойтахтда уйли−жойли бўлиш жуда катта омад эди!…

Мамадалининг одамларга қилган яхшилиги ҳамиша беғараз, беминнат бўлар эди. Бирон марта, бирон жойда фалончига яхшилик қилганман деганини эшитмаганман. Фақат ўзининг юртидан чиққан иккита таниқли ижодкорга қилган яхшилиги мутлақо оқибатсиз бўлганидан куйиниб гапирган эди. Чунки адабий муҳитда маълум мавқега эга бўлишган ва кетига андак жир битган ўша ижодкор дўстлар Мамадали билан оддий салом−аликни ҳам йиғиштириб қўйишганди. Уларнинг ҳар иккиси ҳаётдан кўз юмиб кетишди, Оллоҳ уларни ҳам раҳмат қилсин.

Кузатишимча, биздаги кўпгина хотираларда қаҳрамонлар идеаллаштирилади, фазилатлар бўрттирилади, камчиликлар ҳақида деярли гапирилмайди. Мамадали ёлғон ҳамду саноларга муҳтож инсон эмасди. ”Дўстнинг яхшилигини тошга ёз, Камчиликларини қумга ёз!” деган нақл бежиз айтилмаган.

Мен Мамадалини ҳаётда ҳар хил ҳолатларда кўп ва хўп кузатганман. Унда одамларни худди гипнозчидай ўз таъсирига оладиган қандайдир бир сеҳру қудрат бор эди. Бу ҳусусият унинг овозидаги ўзига ҳос оҳангда ҳам зоҳир бўлиб турарди. Йўқ, у ортиқча сўзамол, нотиқ эмасди, аммо қисқа гаплари таъсирли ва маъноли бўлар эди. Гоҳо менга фалон тумандан келган райком секретари хаммомга кирганимизда орқамни ишқалаб қўйди деб мақтаниб қоларди.

Раҳматли дўстим билан бирон бир масалада баҳслашиш, тортишиш жуда қийин эди. Ўз фикрини кўр−кўронна маъқуллаб тураверарди. Мабодо муҳолифи фикридан қайтмаса¸ жаҳли чиқиб, тўнини тескари кийиб олар, агар ўшанда мошинасини бошқариб кетаётган бўлса, баҳслашаётган кимсани мошинасидан тушиб юбораверар эди. Шундай ғаройиб воқеаларни унинг ўзи гапириб берган эди. Бизнинг муносабатларимиз ҳам ҳамиша сип−силлиқ, бир зайлда бўлмаган. Дўстимнинг мураккаб феъл−атворидаги ҳазм қилиш қийин бўлган айрим қусурлар туфайли у билан аразлашиб, бир неча йилгача гаплашмай юрганимиз ҳам ҳақиқат. Ўшандай кунларда у менга кутилмаганда телефон қилиб қолар, аммо мен рўйхушлик бермас, шунда у алам билан “Эҳ, пакана!” дея мени камситиб телефонни узиб қўяр, мени соғиниб қолгани аён сезилиб турар, мен эсам унинг бурнига кўпроқ сув киришини истаб, арқонни узунроқ ташлаб қўяр эдим. Орадан кунлар ўтгач, барибир яна ярашиб олар эдик.

Мен Мамадалининг яқин дўсти сифатида иккита “хобби” сидан яхши хабардорман. У ҳаётдан завқланиб, маза қилиб яшашни ёқтирарди. Хотин−қизларга ўчроқ эди. У аёлларга ёқар, буни ўзи ҳам яхши билар, улар билан мулоқотда тортиниб−қимтиниб ўтирмас, дадиллиги кўпинча қўл келар эди. Қизлар билан танишганда эса ҳамиша ёшини яшириб айтар, шу тариқа йиллар ўтган сайин у тобора ёшариб бораверар эди. Бир куни у менга шундай дегани эсимда қолган. ”Ҳақиқий ёшимни яшириб айтавериб, ўзим ҳам неча ёшда эканимни билмайман!” Биз ҳам унинг неча ёшда эканини билмас эдик.

Илгари ҳозирги Амир Темур майдонида бир ресторан бўлар эди. Кунлардан бир кун ўша ерда бир гуруҳ дўстлар билан ўтириб қолдик. Мамадали ён –атрофимизда жуфт−жуфт бўлиб ўтиришган қиз –йигитларга ҳавас билан қараб−қараб қўяр, қизларсиз ўтиришганимизни айтиб афсусланар эди. Бир маҳал у кутилмаганда бизга қараб туриб шундай деб юборди: ”Эҳ, қанийди ҳозир сеҳргар бўлиб қолсаму, ҳаммангни бир суф билан қиз болага айлантириб қўйсам!”. Ҳаммамиз кулиб юбордик.

Мамадалининг иккинчи “хоббиси”−шахмат эди. Илгари у билан деярли тенгма−тенг дона суришардик. Фақат қамоқдан чиққандан кейин у кўпроқ ютадиган бўлди. Назаримда, ҳибсхонада шахматни кўп ва хўп машқ қилган бўлса керак. Мабодо ютиб қолгудай бўлса, рақибининг устидан маза қилиб кулар эди.

Мамадали гарчи ҳибсхонада узоқ йиллар ўтириб, қамоқ муддатини ўтаган бўлса ҳам олдинги режим уни қамоқдан озод қилгиси келмас эди. АҚШ давлат секретари Хиллари Клинтон хоним, Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича курашувчи ташкилотлари ҳамда ўзимиздаги инсон ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилот вакиллари, жумладан шоира Дилором Исҳоқова каби фидойиларнинг саъй−харакатлари билан ҳибсда азоб чекиб ётган кекса адиб озодликка чиқарилади.

Қамоқдан кейин ёзувчининг ёруғ кунлари бошланади. 2018 йили Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланади. Кўпгина асарлари хорижий давлатларнинг расмий сайтларида босила бошлайди. Ўзимизнинг “Шарқ юлдузи” журналининг бир қанча сонларида унинг “Ой нур” романи босилади. Бу асар ”Академнашр” нашриётида чоп этишга тайёрланмоқда. “Жаҳон адабиёти” журналида ҳам асари босилди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвнинг шахсий эътибори туфайли унга пойтахтнинг Юнусобод даҳасидан икки хонали янги уй берилади.

Афсуски, қамоқхонада ўтказилган узоқ муддатли азоблар изсиз кетмаган, кекса адиб ўз соғлигини йўқотган эди. Юраги уч марта инфаркт бўлади. Ошқозонида ҳам яра ва ўсма борлиги аниқланади. Урологик касалликлар ҳам дард устига чипқон бўлди. Юрагига стимулятор ўрнатиш зарур бўлиб қолади. Тирикчилиги ҳам бутунлай издан чиқади. Давлат ишларида 40 йил ишлаган бўлишига қарамай аввалига унга жуда кам миқдорда (179 минг сўмлик ) пенсия тайинланади. Шундай кезларда у “аламини” ижоддан олади. Қамоқхонада қоралаган кўпгина асрларини қайтадан жиддий кўриб чиқади, таҳрир қилади.

Мамадали Маҳмудовнинг ижодий меросини асраб−авайлаш ва ҳозирги авлодларга етказишга бурчлимиз. Заҳматкаш адиб қамоқхонанинг тиконли симлари ортида ҳам тинимсиз ижод қилган. Кўпгина асарлари хорижда босилган. Масалан, “Бу тоғлар улуғ тоғлар” (роман, Париж,Франция). “Туманли кунлар” ((қисса, Лондон, Англия,) ”Кишанланган қалблар” (Норвегия,) “Омонсиз йиллар” (эссе, АҚШ). ”Бўз бўри”, “Ой нури” роман. “Дунё ўзбеклари” нашри – Канада, Англия, АҚШ ва бошқа кўпгина асарлари дунё юзини кўради.

Агар Мамадали Маҳмудов ҳаёт бўлганида шу кунларда ўзининг саксон ёшини нишонлаётган бўлар эди. Ҳақиқий ВАТАНПАРВАРЛИК ва МИЛЛАТПАРВАРЛИК нима эканини ўз ҳаёт йўлида ва ижодида кўрсатган, туркий халқлар бирлигини орзу қилган, катта ШАХС бўлган дўстимизни Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!

Шодмон Отабек,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

.

Leave a Reply
*