Menu
Categories
Алишер Айматли: Исмат ака (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
12/06/2020 Бош мақола

Исмат ака

Агар адашмасам Исмат ака Тошев Қашқадарёнинг Касбисидан. Афсуски, у инсон бугун ёнимизда эмас. Нариги чин дунёга рихлат қилганига йигирма йилдан ошди, чамамда. Бу ўзбек журналистикаси тарихида энг катта фожеа эди. Қашқадарёдан Тошкентга ўз машинасида хотини билан отланган Исмат ака Ғаллаорол ҳудудида аварияга учрайди. Исмат Тошев жойида ҳалок бўлади. Хотини касалхонада жон беради. Тўртта фарзанд чирқираб ортда қолиб кетади.

Назаримда, Исмат ака иккита қизини узатган эди. Уйида битта ёш қизи билан ўсмир бола қолади. Бизда ишлайдиган Фурқат Санаев Исмат аканинг қариндоши эди. Фурқатни ўзи ишга жойлаштирган, иссиқ-совуғидан хабар олиб турарди. Кейинги воқеаларни, эҳтимол, Фурқат яхши билар. Ҳозир Фурқат ҳам жуда катта одам бўлиб кетган – Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг бошлиғи. Олдига олдиндан ёзилиб, навбат билан кирилади, дейишади. Балки унинг ҳам вақти бўлмаётгандир. Айниқса, пандемия бошлангач, уларнинг ҳам қўли-қўлига тегмайди.

Исмат аканинг вужудида икки хил одам яшарди. Биринчиси, ақлли, илмли, зукко ва пишиқ одам. Иккинчиси, шаҳарда туғилган, осмондаги бедананинг тухумини олиб, савдо-сотиқ қилишни орзулайдиган учар. Салоҳиддин ака ҳай-ҳайламаса, таҳририятнинг мўъжазгина ҳовличасини ҳам қўйхонага айлантириб юборишга чоғи бор эди.

Мен билмайман, у инсон даставвал, аспирантурада ўқиганми, ўқимаганми ёхуд номзодлик диссертацияси устида мустақил ишлаганми, ҳарқалай, озроқ илм билан шуғулланган. Маматқул Жўраев менинг жўрам бўлади, бирга илм қилганмиз, деб қоларди. Биз яхши суҳбат қилардик. Аммо суҳбатимиз узоққа чўзилмасди. У адабиётдан гапиратуриб, қўйчиликка, фойда-зиённинг зарарию, афзалликлари мавзусига ўтиб кетарди. Кейин мен эснай бошлардим.

У мароқ била гапирар эди. Унинг ҳар бир вақти, соат ва дақиқалари ҳисобланган эди. У бизга ўхшаб осмонга қараб юрмасди. У ерга қараб юрарди ва ҳаётдаги ҳар бир нарсага фойда ва зиён нуқтаи назаридан қарар эди. Тушликка чиққанда ҳам кечаси(у масъул котиб ўринбосари бўлиб, бир кун кеч оқшомгача ишлар, бир кун дам олар эди) қайтаётганимда шу ернинг ўтини ўриб кетаман қўйлар учун дерди. Мабодо ишга хоҳ машинада, хоҳ велосипедда келсин, ёнида ҳамиша қоплари ва ўроғи бўлар эди. Тасаввур қилинг: журналист ишга қалами билан келади. Исмат аканинг ёнида эса қалами билан бирга ўроғи ҳам бўларди. 5-10 та қўй озмунча хашак ейдими?

Ҳаммасини семиртиб, сотиш, ўрнига озғин қўзилар сотиб олиш, тинимсиз парвариш, ем-хашак муаммоси, унча-мунча одамнинг ҳаётини издан чиқариб юборади. Лекин Исмат ака ҳам ишни, ҳам рўзғор ташвишларини биргаликда бараварига олиб борар эди. Айтяпману, биз осмонга қараб юрамиз деб. Исмат ака кейинчалик Ахборот бўлимига ўтди. Ўрнига сурхондарёлик Юсуфжон Ҳамидов деган бир йигит келди ва бу жойнинг ёғлилигини билиб, кейин ҳеч кимга бермади.

Мустақиллик бўлгандан кейин тадбиркорнамо инсонларнинг куни туғди. Қаердан бир нима чиқадиган бўлса, ўша жойга ўзини уриб кўришди. Икки-уч йилда иши юришмаса, ўзларини яна бошқа бизнесларда синаб кўрдилар. Кўпчилиги банкрот бўлиб, қамалиб ҳам кетишди. Айримлари уч-тўрт сўм фойда ҳам қилишди.

Ана шундай алғов-далғов замонда Исмат акамиз ҳам ўзи туғилиб ўсган Касбида янги бизнес бошлади. Менимча, ер олиб тегирмон қурдимией, аниқ менинг эсимда йўқ, хуллас, бизнес бошлади. Бир-иккита мол ҳам харид қилдим, дегандай бўлганди. Дарҳақиқат, бу одам тиниб-тинчимас эди. Бизнесларининг ҳисоб-китобини қилар, ўша келажак кунларнинг нашъаси билан юрарди.

Шунингдек, шаҳарда қўйлари ҳам бўйига, ҳам энига ўсарди. Биз ҳазиллашардикки, келажакда бойиб кетсангиз, “Халқ сўзи”ни сотиб олиб, Фурқатни бош муҳаррир этиб тайинлайсиз, бу ердаги безделникларни ярмини ҳайдайсиз, газетани арзон нархда чиқарса, бўлади. У эса катта корпорациянинг президенти сифатида бизнинг таклифларимизни маъқулларди. Чунки ўзининг энергияси ниҳоятда кучли, унча-мунча ишни иш демас, таҳририятга келиб мудраб ўтирадиганларни жини суймас, фақат ишлаш керак дер эди.

Машинада йўл-йўлакай кетаётиб, радиодан яхши янгиликларни эшитар, керак бўлса машинани тўхтатиб, фактларини ёзиб оларди ва уни қайта ишлаб, эртаси куни Абсамат аканинг олдига ўн-ўн бешта ахборотни тахлаб қўярди. Имзо чекдириб, котибиятга олиб тушарди. Мана, 10 та ахборот, беш сўмдан бўлганда эллик сўм (ўша пайтда катта пул эди) ишладим тушгача дерди. Биз ҳам ҳазиллашардик, нақдми ёки табел орқалими? Нақд бўлса, озроқ тушасиз, дердик.

Ана шундай ҳазиллар билан кун ўтиб кетаверарди. Биз эса ҳеч нарсани сезмасдан, эртага нималар бўлишини билмасдан катта орзу-ниятлар билан кунни ўтказаверардик. Исмат ака Тошкентдан уйланган, Профессорлар шаҳарчасида ҳовли-жойи бор эди. Эсимда, мен биринчи марта бозордан машина олганимда, Исмат ака келиб, уйига олиб кетганди. Ҳатто машинани қўйишга жойим ҳам йўқ эди. Ўшанда унинг ҳовлисини кўрганман. Исмат ака ҳовлисининг ёнидаги мачитни кўрсатиб, чала-мулла имомларнинг саводсизликларидан нолиганди. Худонинг ўзи кечирсин у одамнинг гуноҳларини, азон айтаётганларни бевақт қичқирган хўрозга ўхшатарди. Ўша пайтда энди истиқлол боис динга эркинликлар берилаётган пайт эди. Ҳаммамиз ҳам шўролар мамлакатининг динсиз ўсган даҳрий фуқаролари эдик.

Хуллас, фожиа рўй берди. Нафақат бир инсон, бир оиланинг тақдири кунпаякун бўлди. Исмат аканинг не бир орзулари бор эди. Мустақил мамлакатга ана шундай ақлли, тадбиркор, фақат бугунни эмас, эртани ўйлайдиган, куч-қувватга тўла инсонлар сув билан ҳаводай зарур эди. Афсуски, ҳамма иш тескари бўлиб кетди. Шу сатрларни ёзаяпману Исмат аканинг фарзандлари нима бўлдийкин, қандай ўқиди, қандай яшади экан, деган саволлар бағримни ўйиб бораётир. Ўлган ўлиб кетди, ортида қолганларга қийин. Исмат ака республика Журналистлар уюшмаси аъзоси эди. “Халқ сўзи” газетасининг меҳнаткаш ходими эди. Бу иккита ташкилот ҳеч бўлмаганда улуғ байрам кунлари, ҳайитларда етимларнинг бошини силадими, ҳеч қурса, оёғига калиш, бошига дўппи олиб бера олдими? Афсуски, йўқ.

Биз нега эртани ўйламаймиз? Ошхонада бир байрам ўтказиш учун бир дунё пулни сарфлаймиз, бечораларни, етим-есирларни, ўзимизнинг нафақадаги ходимларни нега унутиб қўямиз? Уларга кўп нарса керак эмас, эътибор керак, жамиятда борлигини, зарурлигини эслатиб туриш керак, холос. Бугунги бош муҳаррир, раис ва муовинлари ҳам эртага нима бўлишини билмайди. Лекин улар биладики, эртага нафақага чиқиб, уйда ўтирадилар. Кимдир уйига бориб “Мен сизнинг ишхонангиздан келдим байрам билан табриклашга”, десалар боши осмонга етмайдими?

Бундай онни, бундай мафтункор лаҳзаларни билиш ва ҳис этиш учун бирор курсни битириш, махсус сертификатга эга бўлиш шарт эмас. Юмшоқ креслолар, мансабу мартабалар ўткинчидир, одам ўткинчидир, одамийлик эса барҳаёт!

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

 

Leave a Reply
*