Menu
Categories
Ватанни ёзув билан севмайдилар! (Тошкент шаҳар ҳокимига очиқ хат ўрнида)
12/06/2020 Бош мақола
ВАТАННИ ЁЗУВ БИЛАН СЕВМАЙДИЛАР!
ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИ ЖАҲОНГИР ОРТИҚХЎЖАЕВга
ОЧИҚ ХАТ ЎРНИДА!
Бугун эрталаб Қўйлиқ тарафдан, яъни бутунлай янгича қиёфага кираётган Фарғона йўли кўчасидан келаётиб, катта йўл устида яна шундай беъмани ёзув ўрнатилганини кўриб асабларим бузилди!
Биламан, бу мавзу кўп бора кўтарилди, “Халқ сўзи”дан тортиб бизнинг “XXI asr” ва бошқа ўнлаб нашрлар, радио-твларгача қанча танқидий чиқишлар бўлди. Номдор зиёли, ижодкорлар, мутахассислар миллий маданиятимизга бутунлай зид бўлган ушбу сунъий шиорча, яъни “замонавийлик” ёки “дунё билан бўйлашиш” деган сохта ниқоб шаклидаги ёзув баҳонасида ғарбона арт-композицияларга кўр-кўрона тақлид қилиб, уялмасдан “нусха” кўчираётганимиз, хўш, халққа нима беради? Бу каби “оммавий ташаббус”лар бутун республикани 3-4 йил ичида қамраб олганлиги маънавият ва маърифатимизга масъул этиб белгиланган идоралар, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мутасаддиларини нега огоҳликка чорламаётир?
Баъзан ўйлаб қоласан киши, қош қўяман деб кўз чиқарилаётган ушбу шармандали ташаббус ортида айрим пултопармонларнинг моддий манфаатдорлиги бордирки, ҳаммаёқни босиб кетган “I love …” кампанияси ҳамон тўхтамаяпти, аксинча авжига чиқаётгани шубҳали. Аёнки, бу ёзув-лавҳалар ҳеч қачон теппа-текин ўрнатилмайди. Балки бюджет пули ёки ҳомийлар ҳисобидан барпо бўлаётгандир, лекин шугина бемаза ёзувчага сарфланган мўмайгина маблағ бошқа савобли ишларга ишлатилса, дуолар остида қолардингиз, Жаҳонгир ака!
Пойтахтни қўяверинг, ҳатто олис шаҳар ва туман марказлари, қишлоқларгача кириб борди ана “юракча”лар. Фақат минг бора узр-ку лекин, катта трасса ё шаҳар ичидаги ва “метанзаправка”лардаги баъзи ҳожатхона ва узоқ-яқиндаги катта-кичик қабристонлар тепасига ҳам шу тутуруқсиз безакни қўйдирсак, кейин кўнглимиз жойига тушармиди…
Биламан, мендан кўра сиз кўпроқ дунёни айлангансиз, жаҳонгашталик қилгансиз, тўғрими, энди айтинг-чи, Лондон ёки Токиода, Сеул ёки Истанбулда, қўйингки, исталган пойтахт шаҳарларда кўрганмисиз, инглизча матнларда биздагидек дуч келган жойга “Мен севаман Тошкентни” ёки Сирдарё, Қарши, Термизни дея ёзишганини? Кўрмагансиз, улар ўз она тилларида ёзган бўлсалар тўғри, лекин икки дунёда ҳам биздагидек ўзга, бошқа хорижий тилда ўз туғилган гўшасини севаман дейишдан ор қилади, уялади! Ватан сохта сўз ва тасвирлар билан ёзиб, чизиб севилмайди, балки жимгина, ортиқча шиорларсиз, кўксимизда уриб турган митта юраккинамиз билангина севилади ахир!
ЭНДИ БИЛМАСАНГИЗ БИЛИБ ҚЎЙИНГ:
“…Арт-объектдан мустаҳкам жой олган “юракча” тимсоли бир пайтлар шўро тузуми ёшларининг “эркин муҳаббат” рамзи эди: уни дарахтларга, дафтарларга, симёғочларга ўйиб ёзишарди.
Бу тимсол, аслида авлиё Валентин куни тимсоллари билан чамбарчас боғлиқ. Биз Валентин кунининг, умуман, бу хил “муҳаббат изҳорлари”нинг миллий менталитетимизга ёт эканини гапириб, тарғиб қилаётганимизда шаҳримиздан (Тошкент назарда тутиляпти- Н.Ж) ташвиқотимизга, қолаверса, МАФКУРАВИЙ СИЁСАТИМИЗга зид бўлган арт-композициялар жой олаётганига нима дейсиз? Бир кунда бу “юракча”лар ёнидан Валентин куни руҳини бошдан кечириб, нечта йигит-қиз ўтади, улардан қанчасининг кўнглига бу “юракча” ўз таъсирини ўтказади экан?..”
Мен таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг ўтган йили “Халқ сўзи” газетасида босилган “Шаҳарларимиз қиёфасида ўзлигимиз намоён бўлсин!” мақоласидан бежиз иқтибос келтирмадим. Кўр-кўрона, бошқа ажнабий тилларга ҳурмат кўрсатиш баҳонасида миллий меросимизни унутиб, ҳатто замонавий безакларни ҳам бачканалаштириб, ғариб аҳволга солишдан мақсад нима ўзи?
Ўйламанг, бундай ясама ёзувлар орқали биз она Ватанимизни дунёга танита олмаймиз. Аксинча, чет эллик сайёҳлар Осиёнинг юраги деб ҳисоблайдиган азим Тошкент кўчаларида “I love …”ларни кўриб, устимиздан кулишлари аниқ. Шунинг учунам уларнинг аксарияти қадим шаҳарларимиздаги кўҳна обидалар, зиёратгоҳлардаги, ва табиийки шарқона чойхоналаримиздаги миллий осори атиқаларни томоша қилиб ҳайратга тушадилар-да.
ТАКЛИФИМ:
Агар шу бачкана, маъно-мазмунсиз сунъий арт-объект-композиция ўрнига жўялироқ шиор тополмаётган бўлсангиз, марҳамат, “Хуш келибсиз Ўзбекистонга!” ёки “Ўзбекистон – Ватаним маним!” деган яна ўнлаб ҳикматли, жарангдор сатрларни ёздиринг. Ана шундагина дунёнинг турли бурчакларидан Ватанимизга ташриф буюраётган сайёҳ-меҳмонлар қадим Туркистоннинг қайси жаннатмонанд ўлкасига қадам ранжида қўйганликларини англаб етадилар.
Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси
Leave a Reply
*