Menu
Categories
Абдулла Орипов ижодидан: ЎЗБЕК ҚОМУСИ…
12/07/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Орипов
ЎЗБЕК ҚОМУСИ
Мен бечора бир одамман,
Эртанги куним,
Не бўлишин билмайдиган ожиз бандаман.
Еру осмон ўртасида топмаган қўним,
Ботинимда ботмон тошу зоҳир хандаман.
Ёлғизликнинг рутубатли кўчаларида,
Не-не олтин фаслларим ўтди жунжикиб.
Шеъриятнинг тунд қоронғу кўчаларида
Йироқ-йироқ юлдузларга боқдим энтикиб.
Иғво, ҳасад, фитна билан тўлган бу ҳаёт,
Ҳар онимда мингта этди бир ҳасратимни.
Хира туман орасида буткул коинот,
Ғира-шира илғар эдим мамлакатимни.
Эслар эдим Бухорийни, Яссавийни ҳам,
Ҳа, ҳа, айри тушмаганди хотиротимдан,
Фақат улар чалинарди кўзимга мубҳам,
Лекин сира кетмас эди хаёлотимдан.
Ҳам Темурбек, ҳам Улуғбек, Алишер, Бобур,
Сизлар тузган ул салтанат — Салтанат бўлди.
Улуғ тарих Туркистонга чўнг гувоҳ эрур,
Давлат эдик, давлат эдик, у давлат бўлди!
Эмукдошим, ай, қардошим, қулоқ тут менга,
Ушбу кўҳна каҳкашонда мағрур тутгин бош
Сен заминга лойиқдирсан, замин ҳам сенга,
Сеникидир энди бу ер, сеники қуёш.
Қўлингда эрк, бошда ялов, тилингда сурур,
Ватанинг бор, бола-боғчанг, ор-номусинг бор,
Ўзбекистон деб аталган муқаддас ҳудуд,
Ўз Давлатинг, Мамлакатинг, ўз Қомусинг бор.
1992 йил 8 декабрь
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Leave a Reply
*