Menu
Categories
Бош прокурор диққатига: Самарқанддаги “Мафия” нега ҳануз фош этилмаяпти?
12/16/2020 Бош мақола

Куни кеча Самарқанд вилояти прокуратураси, Ички ишлр бошқармаси ва Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг айрим масъул ходимлари томонидан содир этилган қонунсизликлар ҳақида қисман гапирган эдик.

Яъни, Самарқанд вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Эшқувватов Сирожиддин, вилоят ички ишлар бошқармаси тергов жиноят ишлари бўлими бошлиғи Ашрапов Рамазон, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Қодиров Тўлқин деган масъул шахслар фуқаролик ишини асоссиз равишда жиноят ишига айлантирганликлари ҳақида баъзи фикрларни айтган эдик.

Яъни дугоналар ўртасидаги процентга олинган қарз олди-бердиси атайлаб жиноят ишига айлантирилган.

Бу иш судда узил-кесил якунлангач, қўлимиздаги далилларни, аризаларни, ҳуқуқ-тартибот идоралари айрим ходимларининг ёзиб олинган овозлари ва бошқа далилларни эълон қиламиз.

Ким кимга дўсту, ким кимга қандай оғайнилиги ёки қандай яқинлиги, қанчалик яқинлигини ҳам керак бўлса, айтамиз.

Кеча “Исмат Хушев билан юзма юз” теледастурида бу ҳақда бонг урганимиздан сўнг Самарқандда Алимжанова Шаҳноза устидан асоссиз қўзғатилган жиноят ишини Ўзбекистон Олий суди ўз қарамоғига олибди. Бунинг учун уларга раҳмат, албатта.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий суд кейинги пайтларда кўп адолатсизликларга чек қўйди. Айнан Ашрапов, Қодиров, Эшқувватовларга ўхшаб одамларни қон қақшатганлар тўқиб чиқарган жиноят ишлари бўйича қамалганларни бирин кетин оқламоқда. Олий суд раиси Козимжон Комилов оғир бўлса-да, судлардаги қонунсизлик ва адолатсизликка қарши сабот ва матонат билан курашиб келмоқда. Алимжанова билан боғлиқ жиноят иши ҳам адолатли ҳал бўлади, деб ўйлаймиз.

Аммо ҳозир Бош прокуратура ва уларнинг Самарқанддаги ходимларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз:  

Биринчидан, фуқаролик иши бўйича Самарқанд шаҳар суди (судья Рустамов) чиқарган қонуний қарорни вилоят прокуратураси бекор қилдиришига ва бу ФУҚАРОЛИК ишни ЖИНОЯТ ишига айлантирилишига нима сабаб бўлди? Даъвогарлар аризаси, деб баҳона қилманг, чунки ҳар қандай даъвогар қанча югурмасин, қонун талабини бузишга ҳаққингиз йўқ эди. Фуқаролик иши сизнинг хоҳишингиз билан жиноят ишига айланмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Бир сабаби бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деган мақол бекорга айтилмаган. Ёки шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди…

Иккинчи савол: Бундан тўққиз ой олдин – 2020 йил 8 январда Алимжанова юрак хуружи тутиб, касалхонада даволанаётганида нега у қамоққа олинди? Унинг юраги операция бўлгани, юрагига 2 та стенд қўйдиргани, руҳий азобланиш, асабийлашиш унинг ҳаётини хавф остига қолдириши тўғрисида тиббий хулосаси терговчи, судга тақдим қилинишига қарамай, 82 яшар касалманд онаси, 3 ёшли эмизикли боласи борлигига қарамай, нега аёл киши қамоққа олинди? Президентнинг аёллар ва хотин қизларга ғамхўр бўлшимиз ва уларни авайлаб асрашимиз ҳақида жон куйдириб қилаётган инсонпарварлик сиёсатига қарши бориш эмасми бу?  Президент сиёсатини дунё олдида шарманда қилиш эмасми бу?  Нима, Самарқандда ўзингизни хон, кўланкангизни майдон ҳисоблаяпсизми? Кўзингизни шунчалар ёғ босганми, оёғингиз ердан шу қадар узилганми?

Вилоят суди судьяси Қодиров Тўлқин жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси бўлиб 10 йил ишлган. Самарқанддда танилган машҳур одам. Айтишларича, вилоят суди раисига ҳам таъсир кўрсата олади. Укаси шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи. Ака-ука бир-бирини қўллаб кўп иш қилган бўлиши мумкин. Кеча айтганимдек, ака-ука бир шаҳарда ҳуқуқ-тартибот, суд идорасида ишлаши тажрибасига чек қўйиш вақти келмадими?  

Учинчи савол: Алимжонова ишини судда кўрган шаҳар суди судьяси Олтибоев жуда катта босим остида қолса-да, адолат тамойилига амал қилиб  8 ой ҳибсда ўтирган аёлни қамоқдан озод қилди. Бўйинидаги қарзларини тўлашга 8 ой муҳлат берди. Аммо вилоят прокурори биринчи ўринбосари Эшқувватов талабномаси, ташаббуси билан орадан икки ой ўтиб, Алимжонова яна қамоққа олинди. Нега бундай бўлди? Яна даъвогарлар жанжали, талабини баҳона қилманг. Ишни қонун доирасида кўраш керак эди.

Тўртинчи савол: Нега Алимжановага ҳеч қандай повестка – чақирув қоғози юборилмай, шанба – дам олиш куни кечқурун 8-10 нафар милиция ходими унинг уйига юборилди?

Нега шанба куни кечаси Алимжонова мажбуран вилоят прокуратурасига олиб келинди? Нега шанба куни кечаси шаҳар суди судьяси Зарифа Аҳмедова уйидан чақиртирилиб, кечаси соат 11-12 лар атрофида суд маҳкамаси уюштирилди ва Алимжоновани иккинчи марта яна қамоққа олинди? Бунга нима зарурат бор эди?  Нега вилоят прокуратураси, шаҳар суди қонунга зид иш тутди? Судья Зарифа Аҳмедова нега ўз қасамёди ва бурчига хиёнат қилди? Нега кўра била туриб қонунсизликка йўл қўйди? Қўрқдими, қўрқса, судьялик қилмасин эди. Қўрқоқ судья одамларни қандай ҳимоя қилади? Бу ўринли саволларга ҳам баҳона ахтарманглар.

Алимжонова хавфли жиноятчи эмас. Ўғрилик ва ё қотиллик содир қилмаган. Фавқулодда жиноят содир этмаган. Гарчи қамоқдан чиқарилган бўлса-да, даъвогарларни қўллаган терговчи бўйнига асоссиз, ҳужжатсиз равишда кўп қарз қўйганидан норози бўлиб, айрим эпизодлар атайин қасддан киритилганидан норози бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига ариза ёзиб, қайта суд терговини кутиб уйида ўтирган эди. Уни яна қамашга зарурат йўқ эди-ку.

Биламан, вилоят прокуратураси бу бурода ўзини оқлаш учун турли баҳоналар тўқийди. Лекин энди бу ўйинлардан фойда йўқ.

Асосий гап шундаки, бир гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идораларининг нопок ходимлари бирлашиб, хавфли, ёвуз кучга айланди. Улар унча-мунча одамни йўқ қилиб юборишлари мумкин. Улар Қонунсизлик ва адолатсизликдан қўрқишмайдими? Бу борада уларни янада руҳлантириб турган куч ким ва у қаерда: Тошкентдами ва ё Самарқанднинг ўзидами? 

Самарқандлик юқорида номлари тилга олинганлар ўйламанглар, билганимизни қиламиз, деб. Ўзбекистонда давлат бор, қонун ва Конституция бор. Президент бор!  

Сизлар бугун амалда ўтирган бўлсангиз, халқнинг хизматкорисиз, ҳалол хизмат қилинг, акс ҳолда сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолиши мумкин. Думингиз албатта тугилади. Бу амал сизга абадий берилмаган. Бойвачча оғайнингиз Равшанбойнинг кличкаси “Алпачино” экан. Америка киносидаги бош ролни ўйнаган актёр. Уддабурон, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетадиган актёр. Ҳар ҳолда 4 та элитний магазини ва ҳамшамдор ресторани бор одам олдида эгилиб букилиб хизмат қилаётганларингизни бутун самарқандликлар кўриб билиб туришибди. Уялмайсизларми? Ор-номус борми ўзи сизларда? Касбингиз ва бурчингизни сотаяпсиз-ку. Уят эмасми?

Охирги масала – Мавжуда Раҳимова деган тиллафуруш аёлнинг ижтимоий келиб чиқиши билан ҳам керак бўлса, Миллий хавфсизлик хизмати шуғулланиб кўрса, кўп нарсалар ойдинлашади. Бу ҳақда бизга ахборот ва маълумотлар кела бошлади. Самарқанд – Дубай Ҳаво йўллари орқали Дубайга кўп йиллар давомида қачон, нима иш билан боргани, яшагани ва ҳоказоларни ўрганиш керакка ўхшаяпти. Шунингдек, тилла буюмлар қайси пуллар эвазига олинган? Бу пайтда Раҳимова қаерда ишлаган, қанча ойлик маош олган?

Тилла буюмларни қандай йўллар билан ҳужжатсиз Арманистон, Дубай ва Туркиядан олиб АҚШга олиб бориб сотган? 

Раҳимовадан жабр кўрган ёки ундан алданган кишилар, хусусан, хотин-қизлар бўлса, бизга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Биз бу воқеа доирасида, яъни Алимжоновага нисбатан очилган жиноят иши юзасидан журналист текширувини давом эттирамиз. Асосий материалларни суд узил-кесил бир қарорга келгач, эълон қиламиз.

Даъвогар опа-сингиллардан бири Зарина Қаландарованинг ўғли Парфез Маматқулов Самарқанддан Мексикага, Мексикадан АҚШга қандай йўллар билан кетганини ҳам аниқлаймиз. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилаяпмиз. Парвез Маматқуловнинг визаси қонунийлигини аниқлаш мақсадида. Зарина Қаландарова ҳам Самарқанд шаҳри марказидаги 3 қаватли магазинни нима ва кимнинг ҳисобидан қургани билан ДХХ каби тегишли идоралар қизиқиб кўриши керак. Азиза Қаландарованинг ҳам шаҳар марказида икки қаватли кийим-кечак магазини бор экан…

Опа-сингилларнинг учинчиси – Наргиза Қаландарованинг (Равшанбойнинг хотини) эр-хотиннинг тўртта магазини, битта ресторани бор. Кўриниб турибдики, бу оиланинг Самарқанд шаҳри марказида жами еттита “элитний кўпқаватли магазини” ва бир дона антиқа ресторани бор экан. Майли, тўғри ишлашаётган бўлсалар, ўзларига буюрсин, бойиб бораверишсин.  

Аммо Тошкент ва Самарқанддаги прокуратура, милиция, судларнинг айрим ходимлари уларнинг бойлигига маҳлиё бўлиб қолишмаптимикан?  

Ҳозирча шу фикр билан мақолани якунлаймиз. Масалани ўрганишда давом этамиз. Олий суд қарорини кутамиз!

 Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

17 декабрь, 2020 йил, Торонто шаҳри, Канада, 

Leave a Reply
*