Menu
Categories
Исмат Хушев: Тошкентдаги қўшнимиз Баҳодир аканинг кутилмаган вафотини эшитиб…
12/16/2020 Бош мақола
Исмат Хушев:
Тошкентдаги қўшнимиз Баҳодир аканинг кутилмаган вафотини эшитиб
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти таъзияси
 1.
Бугун эрталаб ишга кетаётганимда, қўл телефоним жиринглаб қолди.
Ҳали тонг саҳарлаб ишга жўнаб кетган ўғлим Исломбек гапни узоқдан бошлаб, сўнг беихтиёр Тошкентдаги қўшнимиз Баҳодир аканинг ўғли Жасурнинг “Файсбук”даги саҳифасида “Сизни унутмаймиз, дадажон!” деган ёзувга кўзи тушганини, унда Баҳодир аканинг қора рамкадаги сурати берилганини айтиб қолди.
Юрагимдан нимадир узилгандек бўлди…
2.
Инсон умри – ўқдек учиб юрадиган метроларнинг бир лаҳзалик  бекатига ўхшайди.
Одамзот коинотдан ҳаёт бекатига бир дам тушиб, сўнг яна осмонга – фазоларга, кенгликларга, чексизликка учиб кетгани каби.
Лекин шу қисқа ва лаҳзалик умр давомида қанчадан қанча майда чуйда гап сўз ва иғволарга ўралашиб қолади инсон.
Ҳаёт ўткинчилигини билган одамзот аслида бошқача умр кечириши керак эди…
3.
Бу дунёда ҳамманинг ҳам энг яқин кишилари, қариндош уруғлари ва дўсту биродарлари бўлади.
Баъзан Сизга мутлақо ва етти ёт бегона бўлган одам – Сиз учун қариндош уруғлардан ҳам яқинроқ ва азизроқ бўлиб қолиши мумкин.
Ислом Каримов ҳокимиятга келган 1989 йилнинг 23 июнь кунидан эътиборан менинг ҳам ҳаётимда кескин ўзгаришлар содир бўлиб, мулозимлик даврим бошлангани ҳақида “Пошшо эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар китобимда батафсил ёзилган.
1990 йилда Ислом аканинг ташаббуси билан менга Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг  Герман Лопатин кўчасидаги  муҳташам “Дом”идан уй берилганини муқаддам ёзганман.  МВД биноси ёнидан Президентнинг ёзги резиденциясига элтадиган йўлнинг  ўнг тарафида қад ростлаган – пишиқ ғиштдан қурилган тўрт қаватли 60-уйнинг 25-квартираси менга насиб этган эди…
4.
Уч хонали шинамгина квартира биринчи қаватда жойлашган бўлиб, иккинчи қаватда яшайдиган Баҳодир ака, тўртинчи қаватдаги Аҳрор акалар билан қўшни эдик.
Подьездимиздаги қолган қўшниларимизнинг аксарияти бошқа  миллат вакиллари бўлиб, уларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг  юқори мартабали мулозимлари эди.
Бир подьездда ўзбеклардан атиги уч оила эдик, холос.
Иккинчи қаватдаги Баҳодир ака Хусанхўжаев – асли тошкентлик бўлиб, Жаҳон тиллари институтида немис тилидан дарс берардилар. Тўртинчи қаватдаги Ахрор ака Ёрқулов эса асли самарқандлик бўлиб,  Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари бўлиб ишлардилар. У кишининг оилалари Ноила опа ҳам врач эдилар.
Биз – бир подъезддаги уч оила тез орада иноқ бўлиб, деярли барча тўй ва тадбирларда бирга иштирок этадиган бўлдик. Баҳодир аканинг оиласи Шаҳодат опа, Аҳрор аканинг оиласи Ноила опалар ҳам менинг оилам Наргиз билан худи опа сингиллардек жуда иноқ бўлиб кетишди…
5.
Баҳодир ака ўрта бўйли, қорачадан келган, жуда самимий ва дилкаш инсон эдилар.
Бир гал оилам туғруқхонада эканида тўрт-беш ёшлардаги  Ҳулкар қизим уйимиз ёнидаги ҳовли атрофида дугоналари билан ўйнаб юрганида, ёшлик қилиб, девор орасига қўлини тиқиб, ниманидир олмоқчи бўлган.  Шунда унинг бармоғини девор орасида яшириниб ётган чаён чақиб олади.
Оилам Наргизнинг синглиси Муҳайё уйда Ислом билан овора бўлиб қолган экан. Мен ишда бўлганман. Шунда Ҳулкарнинг чинқираб йиғлашини эшитган Баҳодир ака иккинчи қаватдан пастга чопиб тушиб, қизимнинг  бармоғидаги чаён заҳрини оғзи билан сўриб, уни муқаррар фалокатдан қутқариб қолган.
Бу хабарни эшитиб, шофёрим билан уйга учиб келганимда кўчамизда қаторлашиб турган “Тез ёрдам” машиналарини кўрдим. Ўшанда биз – барча  оила аъзоларимиз билан, ҳатто қишлоқдаги ота-онам ҳам,  1-ҳукумат стационарига аъзо эдик.
Шифокорлар Баҳодир акага қайта қайта миннатдорчилик билдириб, у киши Ҳулкар қизимнинг бармоғидаги чаён заҳрини ўз вақтида сўриб олганларини таъкидлашди.
Бугун Ҳулкаримнинг ўзининг тўрт яшар ўғилчаси бор. Куёви ишдан келгунга қадар ҳар куни боласини боғчадан олиб, бир-ров уйимизга кириб ўтади.
Бугун кечга яқин келганида Баҳодир аканинг вафот этганини айтдим. Ўзининг тўрт яшар давридаги ажиб хотиралар ёдига тушди, шекилли, кўзига ёш олиб, энг яқин кишиси вафот этгандай изтироб чекди…

 

6.
Майли, бугунги Канададан, яна Тошкентдаги кечаги кунларимизга қайтсак.
Бир гал Баҳодир ака ўзлари ишлаётган Жаҳон тиллари институтидаги носоғлом муҳит ҳақида шикоят қилиб қолдилар.
У кишини батафсил тинглаб, сўнг олий ўқув юртида содир бўлаётган  бу ноҳақлик ва адолатсизликлар ҳақида институт ректори Жамолиддин Бўроновни хабардор қилдим. Кўп ўтмай Баҳодир ака немис тили кафедраси домлаларининг миннатдорчилигини менга етказдилар.
Ректор ҳаддидан ошаётган кафедра мудирининг танобини тортиб қўйган экан…
Жамолиддин Бўронов жуда содда ва самимий, кўринишлари ҳам монгол ва ё япон самурайларига ўхшаб кетадиган жуда оддий одам эдилар. У кишини бир кўрган одам Ўзбекистондаги энг довруғли институт ректори деб ўйламасди. Шу қадар камтар ва камсуқум олим эдилар.
Биз у киши билан Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев бошчилигида Ўзбекистондаги бир гуруҳ ректорлар билан бирга Туркияга – тест синовларини ўрганиш учун расмий сафарга борганимизда танишиб, қадрдонлашиб кетган эдик…
7.
Бошқа бир гал Баҳодир ака Германияга бориб, олмонлар билан уларнинг тилида мириқиб суҳбатлашиш орзусида эканликларини айтиб қолдилар.
Лекин бу орзу неча йиллардан бўён орзулигича қолиб келаётганидан нолидилар.
Президентнинг эркатойи бўлиб юрган даврим эмасми, кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовдан илтимос қилдим.
Кўп ўтмай Президент амри боис – Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги бир гуруҳ ҳукумат ва давлат мулозимлари расмий сафар билан Германияга борадиган бўлишди.
Камтар ва камсуқум қўшнимиз Баҳодир ака  ҳам расмий делегация аъзоси ва таржимони сифатида Германияга жўнаб кетдилар…
8.
Баҳодир аканинг фарзандлари Шаҳноз ва Жасурларнинг “Наврўз” ресторанида ўтган тўйларида ҳам оиламиз билан иштирок этганмиз.
Баҳодир ака жуда жонон йигит эдилар, рақсга яхши тушардилар.
Ўшанда тўйда ўртага чиқволиб бир подьездда яшайдиган уч қўшни роса ўйнаганмиз…

 

9.
“Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу” деганларидек, шонли ва суронли кунларимиз ҳам абадий эмас экан. Аввал Мавлон Умрзоқовни 1994 йилнинг май ойида, сўнг мени (июнь ойида) Ислом аканинг амри билан ишдан бўшатишди.
1994 йилнинг 26 июль тонгида мени ҳибсга олиш учун уйимизни тиш тирноғи билан қуролланган “Омон”чилар босганида Баҳодир ака гувоҳ сифатида иштирок этган эдилар.
Тонг саҳар 7.00 дан бошланган ҳибсга олиш жараёни олти соат давом этган эди.
Олти соат давомида Баҳодир ака меҳрибонлик билан кўнглимни кўтариб, менга тинимсиз далда бериб  турди.
Олти соат давомида мени ҳибсга олиш учун уйимни тинтув қилаётган ва кутубхонаю, қўлёзмаларимни синчиклаб титкилаётган СНБ ва Бош прокуратаура терговчиларини хушмуомила ва одобли бўлишга ундаб турди.
Ниҳоят терговчиларнинг бир гуруҳи Тошкент вилоятидаги дачамизни, яна бир гуруҳи ҳовли ортидаги гаражимизни синчиклаб текшириб, тинтиб келганларидан кейин мени ҳам ўзлари билан олиб кетишаркан, энди қайтиб кўришмасак керак деб ўйлади шекилли, ёш боладай баралла йиғлаб юборган эдилар…
Бах ака Жас
Суратда: Раҳматли Баҳодир акам ўғиллари Жасур билан…

 

10.
2012 йилда Ўзбекистонга борганимда уларнинг уйида меҳмон бўлдим.
Баҳодир ака, оилалари Шаҳодат кеннойим, ўғиллари Жасур ва унинг оила аъзолари билан (пастдаги суратда)  роса мириқиб суҳбатлашдик. Кўп ўтмай даврага тўртинчи қаватдан Ноила опа ҳам келиб қўшилдилар.
Ўшанда хайрлашаётиб, мени қучоқлаб олган Баҳодир аканинг кўзларида ёш кўрган эдим.
Пенсияга чиқиб зерикканларидан, соғинганларидан деб ўйладим.
Лекин у киши бошқа учраша олмаслигимизни билган экан, сезган экан.
Бугун энди Баҳодир ака бу дунёда йўқ.
Ўғлим Исломбек бугун эрталаб менга у кишининг дунёдан ўтганини – вафот этганини  айтганида юрагимдан бир нарса узилиб кетгани шундан эди…
 Бах семья
Суратда: Раҳматли Баҳодир ака оиласи, ўғли ва келини билан…

 

11.
Кечқурун мақолани ёзиб тугатган маҳали ўғлим ишдан қайтди.
Жасурнинг “Файсбук”даги саҳифасини очиб беришини сўрадим. Баҳодир акамнинг расмларини, сурат остидаги видо сўзларни ўқиб, кўзларимга ёш қуйилиб кела бошлади.
Кўзимда ёш, дилимда минг бир дард билан қуйидаги сўзларни ёздим:
“Жасур!
Баҳодир акамнинг кутилмаган вафоти муносабати билан барча оила аъзоларимиз номидан чуқур таъзия билдирамиз. Шаҳодат опамга, Сизга ва барча яқинларингизга Худо сабр берсин.
Дадангиз яхши одам эдилар. Жойлари жаннатдан бўлсин, илоҳим…
Ҳурмат билан:
Исмат Хушевлар хонадони
Торонто шаҳри, Канада
10 ноябрь 2015 йил”

Бах ака набиралар

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

8 шарҳ

  1. Дунёдан утаётган хар бир яхши инсон учун албатта дилимиз ларзага келади, аммо начора улим хак!
    Баходир аканинг якинларига ва хурматли Исмат акага хамдардлигимни билдираман!
    Узокдаги кариндошдан, якиндаги куни кушнинг аъло дейишган. Энг асосийси Баходир ака хакикий инсон булганлар ва шундай яшаб утганлар.
    Баходир аканинг жойлари жаннатдан булсин, охиратлари обод, рухлари шод булсин!

  2. Chiroqchidan

    Охиратлари обод булсин! Чукур таъзия билдираман…

  3. Shokir

    Otahoni ohiroti obod bulsin joylari janatda bulsin oilasiga ollohim sabr bersin.

  4. Nurmaxmad

    Бугунги кунда Ўзбекистонда бронта халққа танилган киши ўлса ҳеч ким билмайди ҳамма ахборот воситалари шунчалик жимки ёқангни ўшлайсан одам. Яхши ҳам “дунёўзбеклари” бор экан хабардор бўлиб тўрибмиз.

  5. O’zbekxon

    Исмат ака сизга қойил! Одамлар яқин одамларини вафот этса эсламайди. Сиз бўлса беш бегоналарни сайтингизга қўйиб ҳамдардлик эълон қилиб ётибсиз. Мен ҳам ўзимни тазиямни билдираман марҳумни яқинларига.

  6. Otabek Toshev

    Баҳодир акани жойи жаннатда бўлсин. Яқинларига сабр тилайман! Сизга эса Исмат ака, минг рахмат. Одамлар қўшниси тугул туғишганларини ҳам эсламайдиган замонда оддий бир қўшнийиз бўлган Баҳодир акани ёд этганингиз учун…

  7. Исмат Хушевдек хеч Ким бунчалик тасирли езмайди .Аллох рахтат этсин Баходир акани.

  8. Жойлари жаннатда булсин.

"2" Comments
  1. Оллоҳ раҳмат қилсин!

  2. Asadbek Solihov

    ОЛИМНИНГ УЛИМИ ОЛАМНИНГ УЛИШИ ДЕМАКДИР!!!
    ЭЙ ИНСОНЛАР!!!!
    ТИРИКЛАРНИ КАДРИГА ЕТИНГЛАР!!!!!
    ХОССАТАН БИР КИШИ ОНАДАН ТУГИЛИБ УСИБ,УКИБ, ДАРС БЕРА ОЛАДИГАН ОЛИМ БУЛИШИ УЧУН (АГАР АЛЛОХ БЕРСА) ЭНГ КАМИ 45–50 ЙИЛ КЕРАК БУЛАР ЭКАН.
    АФСУСКИ;
    УЗБЕК ДИЁРИДА ИЛМ ВА ОЛИМДАН КУРА ХОРРОК НАРСА КОЛМАДИ ДЕСА ХАМ БУЛАВЕРСА КЕРАК……

Leave a Reply to Гулзамон
*