Menu
Categories
Бердиёр Жумаев: Номи ёдлангай – руҳи шодлангай (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
12/20/2020 Адабиёт

НОМИ ЁДЛАНГАЙ – РУҲИ ШОДЛАНГАЙ!

«Туронэл фидойиси, Туркистонюрт адойиси!» ва «Эркинликдаги тутқунлик?!» битиклари бундан 2,5-3 йил муқаддам ёзилган ҳамда ўз вақтида маълум ва машҳур «Дунё ўзбеклари» халқаро оммавий ахборот воситасида эълон этилган.

Эндиликда қатор матбуот нашрларида ҳамда ижтимоий тармоқларда азиз ва лазиз устозимиз Мамадали ака Маҳмудовнинг табаррук хотираси ёдланаётганлиги муносабати билан, уларни қайтадан ёритиш мақсадга мувофиқ кўринди.

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

ТУРОНЭЛ ФИДОЙИСИ, ТУРКИСТОНЮРТ АДОЙИСИ!
Мен яқин-яқинларгача Мамадали ака Маҳмудовни ғойибона танир эдим. У кишининг ўзи билан учрашиб, бир неча марта суҳбатлашганимдан кейин эса, ушбу инсоннинг ҳаётини юзаки, ижодини эса, шунчаки, билишимни сездим.
Илло, ўзининг исёнкор-туғёнкор асарлари учун шўролар замонидаёқ таъқиблар-у тазйиқлар остига олинган, мустақиллик даврига келиб эса, ундан-да бешбаттар қийин-қистоқларга солинган, ҳаммаси бўлиб, умрининг 17 йилини Каримов зиндонларида ўтказишга мажбурланган, аммо жаҳаннамий азоб-уқубатларни бошидан кечирса-да – синмаган, сўнмаган, сўлмаган Мамадали ака билан шахсан танишувим ҳамда у киши билан мулоқотларим бунга сабаб бўлди.
Мен, нисбатан олганда, қисқа фурсатлик мазкур жараёнларда Мамадали Маҳмудов тимсолида Туронэлнинг ҳаққоний фидойиси ҳамда Туркистонюртнинг ҳақиқий адойиси бўлмиш улуғ инсонни ва буюк ижодкорни ўзимча кашф айладим.
Туронзаминнинг ростакам тарихини-кечмишини ёзиш ва кенг ёритиш ҳамда оламаро тан олдириш, Туркистонюртнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдамлигини бутлаш, улуғ аждодларимизнинг адолатсиз тарзда топталган қадр-қимматларини тиклаш, «Турон» халқаро ёзувчилар уюшмасини ташкил қилиш, ҳақиқий истеъдодли қаламкашларнинг асарларини босиб чиқариш учун адабий-бадиий нашриёт ҳамда айнан шундай йўналишдаги журнал таъсис этиш, мустақиллик даврида қатағон қилинган ижодкорлар ҳамда ойдинларнинг пок номларини эъзозлаш, долзарб мавзулардаги асарлар ёзиш, жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш…
1940 йилда туғилганлигини эътиборга оладиган бўлсак, ёши саксонга сари бораётган, бунгача шўролар даврининг чиғириқларидан омон ўта олган, истиқлол замонининг қатағон тегирмонларидан бутун чиқа билган, қайта-қайта юрак операцияларини бошидан ўтказган Мамадали аканинг яқин йилларга мўлжалланган ижодий режалари мана шундай!
У кишининг юқоридаги эзгу орзу-ниятларидан воқиф бўлар эканман, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда наф ва нафс ҳамда наҳс қули сифатида таъриф-тавсиф қилинаётган Муҳаммад Али (Аҳмедов Муҳаммадали) ва унинг бошчилигидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг юзлаб манфаатпараст-жиғилдонпараст ва виждонфуруш-имонфуруш аъзолари кўзимга, нақадар майдакаш кимсалар тўдаси ва аянчли бандалар галаси сифатида кўриниб кетди.
Ахир, эл-у юртнинг дарди ҳамда миллат-у мамлакатнинг ғами қай ерда-ю мунақа фойда-манфаат гадоларининг, мукофот-унвон адоларининг мақсад-муддаолари не ёқда…
Илло Мамадали аканикидек қутлуғ ниятлар, табаррук истак-тилаклар ўзларини халқ ёзувчисиман, халқ шоириман, сенаторман, депутатман, дея кўкракларига урсалар-да, оғизларини кўпиртириб мақтансалар-да, аслида ҳукмдорлар ҳамда ҳукуматдорларга ялоқилик, ялтоқилик, шалтоқилик қилиб келаётганларнинг етти ухласалар-да, бирор мартаям тушларига кирмагай.
Бунақада эл дардидан мутлақо йироқ, миллат ғамидан бутунлай узоқ ушмундоқ «ижодий уюшма»ни тарқатиб-тўзғитиб юбориш керак эмасми?!
* * *
Мен Мамадали Маҳмудовнинг ўзим ўқиган асарлари орқали Турон ҳамда Туркистоннинг азалий ва абадий фожесини-қайғусини уқдим, туркийликнинг, нақадар чуқур ҳамда теран илдизларини англадим, қадим она тилимизнинг инжа ва гўзал бойлигини ҳис этдим, эл-юрт озодлиги йўлида жонларини фидо айлаган даҳо бобокалонларимизнинг исёнкор руҳлари ҳозирги авлодларидан, нақадар норози эканлигини туйдим.
Фикри ожизим-ча, Мамадали аканинг асарлари алоҳида баён услуби ҳамда ифода усуллари билан, нафақат ўзбек адабиётида, балки ўзим билганим жаҳон адабиёти доирасидаям ўзига хос янгиликдир.
Ўзимча тағин кашф этганим: Мамадали Маҳмудов ижодида халқнинг мақоллари, доноларнинг ҳикматлари, улуғларнинг айтмишлари, буюкларнинг демишлари жуда ўринларини ҳамда жойларини топиб, қўлланилган-ки, қойил қолмасликнинг иложи йўқдир…
* * *
Мени яна ташвишлантирадигани: нечун шу пайтгача Мамадали Маҳмудовнинг ҳаётий шароитлари чекланганлигича ва ижодий имкониятлари чегараланганлигича қолаётир? Нима учун у кишига нисбатан реабилитация қўлланилмаяпти, яъни Мамадали Маҳмудовнинг пок номи, поймол этилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланмаяпти, ушбу инсонга асоссиз равишда атайлаб тақалган айблар бекор қилинмаяпти, у кишидан узр сўралмаяпти, етказилган моддий ҳамда маънавий зарарлар ундириб берилмаяпти?…
Мана шуларни кўнглимда ва кўксимда улкан армон билан ёзар эканман, қаердадир ўқиганим: «Ер юзида туркийлик бор экан, ЭРК учун курашадиган ботирлар мавжуддирлар ҳамда яшайверадилар!» мазмунидаги туғёнкор сўзлар ёдимга тушди. Назаримда, ушбу даъват, айнан Мамадали акага нисбатан айтилгандек.
Мазкур мухтасар битигимни қуйидаги сатрлар билан якунлашни ўзимча маъқул топдим:
Ким ҳақиқий Туронсевар, ҳаққоний Туркистонпарвар,
Лек эл-юрт авжи йўлида чора-ю имкони маҳдуд?
Менга ушмундоқ саволни берганда эдилар, агар,
Айтардим: ўшадир, бешак буюк Мамадали Маҳмуд!
2017 йилниг октябрь ойи.

 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*