Menu
Categories
Абдулла Орипов: Сен шундоқ бетимсол сўлим маъвосан, Улғайган бешигим – Қашқадарёсан!
12/27/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Ориповнинг китобга киритилмаган шеьрларидан..
Абдулла Орипов
ҚАШҚАДАРЁ
Буюклар тилида муборак оят,
Ҳар битта тошингда минг бир ривоят.
Тарихнинг ўзидек кўхнадир ғоят,
Сен шундоқ бетимсол сўлим маъвосан,
Улғайган бешигим – Қашқадарёсан!
Китоб-у Кешсан, замин нақшисан,
Ўланчи элимсан, қодир бахшисан.
Дўмбирам куйласа ўзинг яхшисан,
Насаф-у, Нахшабсан, она Бешкентсан,
Алпларнинг Ватани – Қашқадарёсан!
Неча китобларни очдим-у ёпдим,
Қатида кўз нурим йўқотиб, топдим.
Саҳифаларин кўзга суртдим-у, ўпдим.
Руний битикдурсан, суғдий имлосан,
Ўқилмаган китоб – Қашқадарёсан!
Неча асрларки, бағрингда бир нур,
Бизнинг замонгача етиб, таралур.
Бу Нур хақ эрур ва нури Темур,
Пирларнинг тилида эзгу дуосан,
Туроннинг юраги – Қашқадарёсан!
Мир Қарши бобомнинг ўзи бир давлат,
Кўкгумбаз Қаршида тўкмоқда савлат.
Султон Мирхайдар-ла Касби бадавлат,
Мирзо Бедилга ҳам буюк бобосан,
Оқсарой армони – Қашқадарёсан!
Тоҳир-у Зуҳролар хоки бор тупроқ,
Бағрингда ишқ гули ёйгайдир япроқ,
Мен сенга талпиндим, кундан кун кўпроқ,
Достонга айланган ёзи Зебосан,
Келинойдек сулув – Қашқадарёсан!
Халқимга ризқ – рўз лалми буғдойинг,
Чорва-ю пахтанг мўл, нонинг бут доим,
Шўртан-у Муборак асли бир жонинг,
Буюк Тўронимда газга маконсан,
Бойлигинг беҳисоб – Қашқадарёсан!
Янгидир чўлимда янги Нишоним,
Сен ила улуғдир, шавкатим, шоним.
Сени таърифлайман, токи бор жоним,
Миришкор мардона – Чўлибобосан,
Довруғи достоним – Қашқадарёсан!
Кундан кун очилгай юртим жамоли,
Бошингда эсмасин Афғон шамоли,
Бўйнимда не бўлса, савоб-уволи.
Орзу хавасларим – нашъ-у намосан,
Умидим чироғи – Қашқадарёсан!
Бўйнимда бир маржон – Талимаржоним,
Нуристонда ёнгай нур бўлиб жоним.
Боғлари жаннатдир, тенгсиз ризвоним,
Абдулла наздида нурий нидосан,
Даҳоларга даҳо – Қашқадарёсан!
Эрк деган не зотлар топдилар завол,
Қонли замонларга боқдинг гунг-у лол.
Шукур, толеингга келди истиқлол,
Токи дунё бордир, умри бақосан,
Толеим иқболим – Қашқадарёсан!
Image may contain: 7 people, people smiling
 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*