Menu
Categories
Абдулла Орипов: УМР ЎТИБ БОРАР МИСОЛИ ЭРТАК…
01/01/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

АБДУЛЛА ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

УМР ЎТИБ БОРАР МИСОЛИ ЭРТАК…
…Шу мисрларнинг ёзилганига ҳам чорак асрдан ошиб кетди. Лекин умрнинг ўтиб кетаётганидан ўксиниш ҳисси ҳамон қалбимни маҳзун қилади.
Лекин начора, Вақт карвонини тўхтатишнинг сира иложи йўқ. Мана, ғанимат умримизнинг яна бир парчаси – 2015 йил ҳам мозий бағрига сингиб бормоқда.
Бу йилда қанча орзуларимиз, армонларимиз қолди. Лекин ишонаманки, қалбимиздаги УМИД ҳамон биз билан!
Азиз мухлисларим, қаршимизда умидбахш 2016 йил қад ростлаб турибди. Кириб келаётган бу милодий сана ҳар биримизга бахт ва қувонч олиб келсин!
Янги йил – азалдан шеърият ва адабиёт муҳиби бўлиб келган халқимизга тўкинлик ва фаровонлик элчиси бўлсин!
Ўйлайманки, бу йилда ҳам янги-янги шеърлар қанотида ғойибона дийдорлашамиз. Ана шу маънавий учрашувларимизни Аллоҳнинг Ўзи барокатли ва хайрли қилсин!
Қуйидаги шеърни ҳар бирингиз, камина шоирингизнинг Янги йил табриги деб қабул этгайсиз!

ЯНГИ ЙИЛ

Меҳру муҳаббатга ташна кўнгилни

Ҳатто дақиқалар айлар экан зор.

Бир ўзим билурман, ҳар янги йилни

Қанчалик кутганман бўлиб интизор.

Ундан омонликни кутдим аввало,

Сўнгра осойишта онларни кутдим.

Бир қултум сув билан бир ютум ҳаво,

Тандирдан узилган нонларни кутдим.

Кутдим, набиралар бўлишсин, деб жам,

Ҳар бирин лабида табассум қалқсин.

Ёғсин оппоқ қор ҳам гупиллаб шу дам,

Қишнинг қуёши ҳам ялтираб балқсин.

Қўни қўшнилару дўсту биродар

Бир-бирин қутласин қувончга тўлиб.

Кекса-ёш бағрини очиб баробар

Йилни қарши олсин жамулжам бўлиб.

Гина-кудуратлар орқада қолсин,

Янги яралгандай бу вужуд – бу тан.

Севиб ва авайлаб бағрига олсин

Ҳар битта фарзандин шу она Ватан.

Самовий нур билан чулғансин юрак,

Шоирлар байтида умидбахш нақл.

Ахир, ортиқчалик қилмаса керак,

Кибрга – чегара, нодонга – ақл.

Бўлса пешонада даврини сурсин,

Бандаси умрини этмасин исроф.

Қўзичоқ уч-тўрт кун ўйноқлаб юрсин,

Чўпон ва чўлиқдан кетмасин инсоф.

Жомга шароб қуйсанг лиммо-лим тўлгай,

Тагига тўкилгай ундан ортиғи.

Виждон ҳар лаҳзада қўриқчи бўлгай,

Насибанг – тақдирнинг туҳфа, тортиғи.

Учар осмонларда бахт деган бир қуш,

У юртлар устида қанотин қоқсин.

Ғам-ташвиш гўёки босириқ бир туш,

Бесамар хаёллар сувларга оқсин.

Кичкинтой набирам талпинар менга,

Шу соат у билан эрурман тенгқур.

Қуллуқ қилажакман, тириклик, сенга,

Берган куни учун Тангрига шукур.

27.12.2015

Leave a Reply
*