Menu
Categories
Абдулла Орипов: Ўзини авлиё сановчилар бор. Насиҳат қилади отасига ҳам
01/08/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Кўнгил
Кўнгил нималарни тусамас, ахир.
Дейлик, менга ўхшаш тепакал одам
Балки орзу қилар тилла тароқни.
Жийданинг тагида ухлаб, туш кўриб
Ўзини авлиё сановчилар бор.
Насиҳат қилади отасига ҳам.
Бир полвон танишим гапга берилса
Жаҳон чемпиони бўлганман дейди.
Жаҳон деб билар у қишлоғин. Майли.
Ҳатто эртаклар ҳам тўқилган нозик.
Йўқса, дабдурустдан айтмас эдилар
Шаҳзоданинг кўнгли қурбақада, деб.
Бинойидек одам келди олдимга,
Деди: – Жуда муҳим бир масала бор:
– Бобомнинг ерини қайтариб олсам.
Қачон ўтган дедим бобонгиз, жўра?
Бир зум бармоқларин санагач, деди:
– Уч юз йилча бўлди, валлоҳи аълам.
Дедим: – Шу масала мени ҳам қийнар.
Ахир, Амир Темур авлодидирман.
Қайтиб олмоқчиман ярим дунёни.
Ўша кетганича бадар кетди у.
О, одам боласи, ўзингни ўнглаб,
Эгалик қилсайдинг хаёлингга ҳам.
Аслида, жўяли орзуга айб йўқ.
Бир замон аждодлар учар гиламни
Ният қилган эди – чиқди осмонга.
Ўтли ёшлигингни ёниб қумсайсан,
Лекин бу – ёшликга қайтганинг эмас.
Айтмасанг ҳам келар қарилик эса.
Дунёнинг кўзига тийрак боққувчи
Жасур инсонларга шарафлар бўлсин!
Уларнинг шиори ростгўйлик фақат.
Хаёлимни безар гўзал шеърият.
Мунис ва меҳрибон, улуғ халқимни
Ҳамиша бахтиёр кўргим келади.
Кўз олдимдан ўтар турфа даврлар.
Инсон бахтсизликдан қийналиб кетса
Жаннат фароғатин мавжуд деб билган.
Соддадил, хаёлкаш Дон Кихотни биз
Беғубор ҳис билан яхши кўрамиз.
Унинг феъли учрар хар биримизда.
Кўнгил нималарни тусамас, ахир.
Мана, ҳозиргина кечди ўйимдан:
Душманимдан кўра дўстим кўп эмиш.
05.04.2012 йил.
Image may contain: 4 people, people smiling
Илоҳим, руҳлари ҳам шуқадар шод бўлсин !
Leave a Reply
*