Menu
Categories
Алексей Навальний Москва аэропортида ҳибсга олинди (ВИДЕО)
01/17/2021 Бош мақола

Алексей Навальний Москва аэропортида ҳибсга олинди (ВИДЕО)


Алексей Навальний Шереметьево аэропотида - Москва, 17 январь, 2021
Алексей Навальний Шереметьево аэропотида – Москва, 17 январь, 2021

  • Полиция ходимлари 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб борган Кремлнинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийни паспорт назоратидан олиб кетишган, аммо ҳибсга олингани ҳақидаги саволга жавоб бермаганлар.
  • Кейинроқ Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) мухолифат лидерининг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Навальний билан бирга учиб борган адвокатига унга ҳамроҳлик қилишга рухсат берилмаган.
  • Аввалроқ ФСИН Навальнийни федерал қидирувга берган ва у Россияга қадам босиши билан ҳибга олинишини билдирган эди. Расмийларга кўра, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузган.
  • Ўтган йил августида заҳарланган Навальний охирги бир неча ой Германияда даволанаётган эди. Германиялик шифокорлар унинг Новичок туркумидаги асабни фалаж қилувчи модда билан заҳарланганини айтишган. Навальний ўзининг заҳарланишида Путинни айблаган.
  • Алексей Навальний ўтирган самолёт 17 январь куни парвозлар жадвалида кўрсатилганидек, Москванинг Внуково аэропорти эмас, балки Шереметьевога қўнди.

 

Берлиндан учган “Победа” авиаширкати учоғи “Внуково” аэропортига Москва вақти билан 19.20да, Тошкент вақти билан 21:20да қўниши кутилаётганди.

Аввалроқ айни авиаширкатнинг бошқа икки самолёти “техник сабабларга кўра” Шереметьевога йўлланган.

Навальний ўтирган самолёт Шереметьевога қўнишини аввалроқ унинг бортида бўлган Озодлик/Озод Европа рус хизмати мухбири тасдиқлаганди.

«Радио Свобода» мухбирига кўра, парвоз, умумиятла, осойишта ўтган. Навальний матбуот билан унча узоқ мулоқот қилмаган, аммо унга парвоз давомида ҳамроҳлик қилган ва ўзини қуршаб олган журналистларга дўстона муносабатда бўлган. Мухолифатчи самолётда шовқин эканини айтиб, Внуково аэропортига қўнгач, у ерда гапириш имкони бўлади, деб ишонишини таъкидлаган.

Самолёт учувчиси икки марта радио орқали мурожаат қилиб, тартиб сақлаш, экипаж ва йўловчиларга халақит бермасликни сўраган.

Самолёт Москвага қўнишидан аввал 30 минут кечикаётгани айтилган, шундан сўнг Шереметьево аэропортига йўналтирилган.

Навальний ўзи билан бирга учиб бораётган журналистларга берган қисқа суҳбатида ватанига қайтишдан қўрқмаслигини айтди.

“Внуково”да Навальнийнинг юзлаб тарафдорлари тўпланган ва улардан ўнга яқини қўлга олинган.

Расмийлар Навальний учаётган самолёт “Внуково”га эмас, “Шереметьево”га “техник сабаблар” ортидан қўндирилганини айтмоқда.

 

 

Навальний тарафдорлари қўлга олинмоқда

Москванинг “Внуково” аэропортида Алексей Навальнийни кутиб олишга келган мухолифат тарафдорлари қўлга олинди
Қўлга олинганлар орасида Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди ходимлари Любовь Соболь ва Руслан Шаведдинов ҳам бор. Шунингдек, яқинда қамоқдан чиқарилган сиёсий маҳбус Константин Котов ва Алексей Навальнийнинг яқин қариндоши Олег полиция томонидан қўлга олинди.

 

Полиция уларнинг қандай асослар билан қўлга олингани юзасидан маълумот бермади.

Навальнийнинг тарафдорлари Внуково” аэропортига келишда давом этмоқда. Бир кун аввал Москва прокуратураси аҳолини “оммавий тадбирлар ўтказилмаслиги шарт”лиги тўғрисида огоҳлантирган эди. Навальний тарафдорлари эса бир одамни кутиб олиш жараёни “оммавий тадбир эмас”, демоқда.

Навальний Москвага келиши билан қамоққа олиниши мумкин

Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) Кремль танқидчиси бўлган мухолифатчи Алексей Навальний мамлакатга қайтса, ҳибсга олинишини маълум қилганди.
Федерал хизматнинг билдиришича, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида назорат тартибида қайддан ўтмай келмоқда.

Суд ФСИН аризасини қаноатлантирса, мухолифатчи 3,5 йилга қамалиши мумкин.

Навальний 2014 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Жазо муддати 2020 йилнинг 30 декабрь куни тугаган.

Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олмай келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.

Навальний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиш аломатлари билан Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга жўнатилган эди.

Бир неча лаборатория унинг совет даврида ишлаб чиқилган «Новичок» гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини тасдиқлади. Натижада Европа Иттифоқи етти нафар Россия амалдорига ва бир тадқиқот институтига қарши санкция жорий қилди.

Навальний Берлиндаги шифохонадан чиққанидан кейин, Германияда реабилитациядан ўтди.

Россия ҳукумати Навальний Германияга олиб келгунига қадар унинг танасида заҳар изи топилмаганини даъво қилиб, ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишини қўзғатишдан бош тортиб келади.

Навальний унинг заҳарланишида бевосита президент Владимир Путинни айбламоқда.

Leave a Reply
*