Menu
Categories
Эркин ВОҲИДОВ: САЙЛАНГАН ХАЛҚ НОИБЛАРИ ВА СЕНАТОРЛАРИГА
01/19/2021 Адабиёт
САЙЛАНГАН ХАЛҚ НОИБЛАРИ ВА СЕНАТОРЛАРИГА
Image may contain: 6 people
Сизни халқ танлади,
Қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сайлаб олди мардлар ичра мардини,
Адо қиласизми мардлик шартини?
Эртага чиққан чоғ баланд минбарга,
Айта оласизми юртнинг дардини?
Азалий одатни қиласизми ё,
Ялпи қўл кўтариб келасизми ё?
Ноиблик нишонин таққач кўкракка,
Қулоқ солиб кўринг бир бор юракка.
Ул юрак тубида эл ғамидин ғам,
Доғидин кўнгилда доғингиз борми?
Агар керак бўлса
Президентга ҳам
Эътироз қилмоққа чоғингиз борми?
Айни жасоратни кутар муҳаққақ
Сизга умид билан овоз берган халқ.
Хўп деб қайта берманг, нега, деб айтинг,
Биз ҳам иззат нафсга эга деб айтинг.
Ҳиммат билан туринг, бор денг арзимиз,
Тўлаб қўяйлик денг бўлса қарзимиз.
Дўстликнинг шартига риоя бўлсин,
Ҳеч ғубор тушмасин дил кўзгусига.
Камтар улушимиз, айтинг, қўйилсин
Жаҳон бозорининг тарозусига.
Не бу жаҳон узра солмак кўпкари
Шарт эса кетмаслик қозикдан нари.
Асли инқилобдан не эди мақсад?
Йўқсилликми абад, хорликми абад?
«Йўқсиллар, бирлашинг» деб ҳайқирган он,
Наҳот, йўқсил бўлсин дедик бу жаҳон?
Феълимиз шунчалар торми деб сўранг,
Бу мулкнинг эгаси борми деб сўранг!
Сиз ёлғиз ўзбекнинг дардин айтмангиз,
Азага боргандек йиғлаб қайтмангиз.
Ахир Эстонда ҳам ўша оғриқдир,
Рус қишлоғи дарди биздан ортиқдир.
Ерда қиладиган ишимиз кўп, денг,
Ҳадеб отаберманг осмонга тўп, денг.
Тобакай фалакка саройлар қуриб,
Само пойгасида от суражакмиз.
Қултум тоза сувга зор бўла туриб
Заримизни кўкка совуражакмиз?
Тобакай миллиардлар элдан беизн
Ҳарбнинг ариғига оқиши керак?
Бизни босиб олмас капитализм,
Босиб олса, ахир, боқиши керак!
Сизга гап ўргатмак шоир ишимас,
Ҳар бирингиз Арбоб,
ҳар бирингиз Шахс!
Дардни айтган билан дил бўлмас халос,
Гапни кўп гапирдик, иш қолди, холос,
Қарорлардан бўлдик, иложлар керак,
Ҳасратлардан тўйдик, ривожлар керак.
Сизни эл танлади,
Қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сиз элнинг эгилган қаддин кўтаринг,
Ноиб деган номнинг қадрин кўтаринг.
1989
ЭРКИН ВОҲИДОВ
Image may contain: 6 people
Leave a Reply
*