Menu
Categories
Бош муҳаррир И.Хушевга: МЕНГА ЁРДАМ БЕРИНГ… “Ҳаёт ҳангомалари” туркумидан
01/23/2021 Бош мақола

“ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ”ДА ЧОП ЭТТИРИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ…”

(Ҳаёт ҳангомаларидан)

Бутун ер юзида тарқалган лаънати КОВИД-19 одамларни ҳар кўйга солмоқда. Пандемия нафақат соғлиқни сақлашга алоқадор кишиларни, шунингдек, сиёсатчилар, иқтисодчилардан тортиб олиму чўпонгача — барчани бирдек ўйлантириб қўйди. Кимлардир бутун одамзот тақдирига қайғурса, кимлардир нима қилса фойда-манфаат топиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади. Кимлардир бу балодан қутилиш, унга йўлиқмаслик йўлларини излашга киришиб кетди.

Хўжанд шаҳрида қайсидир бир тадбиркор Ковид-19 вирусига қарши тумор ясаб, барча дорихоналару савдо дўконларига тарқатиб чиқибди. Ҳар бир туморнинг нархи 10 сомонийдан 30 сомонийгача қилиб белгиланган. Қўрққан киши оқ тиканни чол отам деб қучоқлаб олган экан деганларидек, пандемиядан саросимага тушиб қолган айрим одамлар ўша бўйинга тақилса “нур таратиб вирусни қайтарадиган” тумордан пулларини аяб ўтирмасдан бисмилло деб сотиб ола бошлашган…

Ва ниҳоят, бунга қизиққан фармацевтлар оддий лаборатория шароитида туморнинг ичини текшириб кўришса, бори-йўғи сўндирилмаган оҳак жойланган экан!..

Бу воқеани эслашимга сабаб шуки, шу йил 22 январ куни менга бир мактуб келди. Азбаройи, мактуб муаллифига ишонишни хоҳлаган ҳолда уни “Дунё ўзбеклари”нинг Сиз азиз мухлислари диққатига ҳавола қилмоқдаман.

Менга СМС тарзида келган мактубнинг асл электрон нусхаси (таҳрирсиз) мана:

“Абдурасул ака ассалому алайкум.Согликлар Яхшими.Ушбу текстни Дунё узбеклари сайтида чоп этилишида ердам беришингизни сўрайман.

Қадрли биродарлар.Мен 2009 йили Душанбе шахридан ихтирокор деган хужжат олганман.Яқинда коронавирусга қарши бир янгилик яратдим.Янгилигимнинг нархи икки минг доллар.Қайси давлатдаги киши сотиб олмоқчи бўлса, Тожикистонимиз пойтахт Душанбе шахридаги ўша давлат элчихонаси бу иш билан шугилланади.Элчихонада махсус комиссия Тузилади.Махсус комиссия олдида мен янгилигимни тушинтираман.Комиссия арзийди деса, Харидор кейин сотиб олади.Илохим бу касаллик ер юзидан йўқ бўлиб кетсину, хозирча мавжуд.Хаммага сихат саломатлик тилайман.Эхтиром билан Тожикистонлик Саидқул Назарзода.”

Орадан бир кун ўтгач, мактуб муаллифи менга қўнғироқ қилиб, хатни юборган-юбормаганимни сўради. Мен: “Вирусга қарши яратган ўша нарсангиз нима эканлигини айтинг”,– дедим. У киши: “Йўқ, бу сир. Лекин шуни айтишим мумкинки, мен яратган нарсани ичган ҳар 100 кишидан 40 нафари, яъни 40 фоизи сўзсиз ундан фойда топади. Бунга мен кафолат бераман. Мен алдаётганим йўқ, манзил ва телефон номерим сизга маълум”, — деди.

“Иншааллоҳ, айтганингиз келсин”,– дедим мен…

Аммо нима бўлмасин, бу ҳам бир ният, яхши ният. Биз ҳамиша эзгу ният тарафдоримиз!

Шундай эмасми, дўстларим?

Аҳли Расул Муҳаммад,
Тожикистон.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*