Menu
Categories
Абдулла Орипов: Ватан деган сўзни эшитган маҳал. Хоқон сўз демади, оғир тин олди
01/26/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Орипов
ҲАМЖИҲАТЛИК
Қадимда яшаган экан бир хоқон,
Давлати қудратли, халқи фаровон.
Лекин бир кун қўзиб фотиҳлик дарди,
Ўзга мамлакатга хуфя юборди.
Ўша томонларга дарҳол ел, деди,
Қудрати нимада, билиб кел , деди.
Кунлар ўтиб охир, хуфия ҳам қайтди,
Барча билганларин бирма-бир айтди.
Деди: – Кирмас бунга ўрмон, сойлиги,
Бойлиги кўп экан, кўпдир бойлиги.
Жим ўтирган хоқон бирдан тутоқди,
Қаҳрли сўзлари дарёдай оқди.
Деди: – Мен чинорман, у эса чўпдир,
Ундан бойликларим юз бора кўпдир.
Менга маъқул эмас ушбу хабаринг,
Кўринма кўзимга, сотқинсан баринг.
Иккинчи хуфияни топди-ку хоқон:
– Сирни сен билиб кел, югур, чопоғон.
Ҳуфия бориб келди, бамисли шамол,
Кўрганин етказди хоқонга дарҳол:
– Мен борган жойларда яроқ кўп экан,
Ҳар ёқ қилич -қалқон, минглаб тўп экан.
Бу гапни эшитиб қичқирди хоқон,
Деди: – Қуролимни кўрмабди жаҳон.
Қимирлаган жонга берганман яроқ,
Қилич тақиб олган ҳатто чақалоқ,
Қутурган туялар, совутли филлар,
Кўрса тилдан қолар не мағрур эллар.
Менга душманимни турибсан мақтаб,
Хоқон бунисин ҳам юборди ҳайдаб.
Энди йўлга чиқди хуфия – учинчи,
Аралашиб кетди, ёлғончи, чинчи.
У ҳам қайтиб келди бир муддат ўтгач,
Сўзлади хоқоннинг этагин ўпкач.
– Сизга фидо бўлсин хуфия бу жоним,
Сирни билиб келдим, тингланг, хоқоним:
Уларда бир орзу, бир ният экан,
Ҳаммаси жипс экан, ҳамжиҳат экан.
Ўрнидан қалқаркан, бойми, камбағал,
Ватан деган сўзни эшитган маҳал.
Хоқон сўз демади, оғир тин олди,
Тахтига ёнбошлаб, ўйланиб қолди.
Деди: – Бундай юртни олиб бўлмайди,
Олсанг ҳам, измингга солиб бўлмайди.
Сафарнинг бу йўлин ёпингиз менга,
Тарқоқроқ давлатни топингиз менга.
2015 йил 10 май.
May be an image of 10 people, including Шоира Орипова and Gulizor Yahyo
 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
 
Leave a Reply
*