Menu
Categories
Умид Бобоматов: Шундай инсонлар бўладики, бир кўришдаёқ дўст бўлиб қолади…
01/30/2021 Бош мақола
Шундай инсонлар бўладики, бир кўришишдаёқ, бир оғиз гапдан кейин худди кўп йиллик дўстдек бўлиб қолади.
Бек билан шундай танишиб, дўстлашдик… Бироз қўполроқ, лекин, яхшироқ таниганимдан кейин, ўта очиқкўнгил ва содиқ инсон эканини билдим. Биз Бек билан бирқанча Петербургда ночор аҳволда қолган аёлларни, қийин аҳволда қолган муҳожир юртдошларимизни Ўзбекистонга жўнатдик, уларга керакли моддий ёрдам қилдик; Бек қанчасига ҳужжат қилиш, полициядан олиб чиқишда кўмаклашди.
Бир куни бир йигитни полиция бўлимига олиб кириб, қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдириб, жиноят иши “тикишаётганда” олиб чиққанди. Бунақаларда “отти калласидек юраги бор” дейишади.
Петербургда ёрдам керак бўлса ман биландим – Бек бор-ку! Петербург ва Ленинград вилоятидан қанча одамни уни олдига ёрдам беришга юбордим – бирортасини орқага қайтармади, бирортасига ёрдамини аямади шу йигит. Бу инсоннинг яна бир ҳислати – адолатсизликка ва ноҳақликка жим туролмасди, ўтиб кетавермасди…
Яқингача исминиям тўлиқ билмасдим – Бек, Бек деб гаплашиб юрардик. Ёшимиз ҳам бир экан, кейин билсам – бир ойга фарқимиз бор экан. Охирги маротаба Петербургга борганимда тўлиқ исми Бекзод Тоҳиров эканини билдим…
Бек ёзда юрагидан операция қилди, кейин коронавирус билан касалланиб қолди. Даволанди.
Бир ойча олдин у иккинчи маротаба Ковид билан касалланди. Буниси оғир кечди: икки томонлама ўпка пневмонияси, нафас бўғилиши, босим кўтарилиб тушиши. Реанимациягача борди, кислородга уланиб анча ётди…
Бирдан аҳволи яхшиланиб кетди. Касалхонадан чиқди, деярли ҳар куни телефонда гаплашдик. “Зерикяпман, ошна, карантинда уйда ўтирибман. Ҳали қаттиқ ҳаракатланиш мумкинмасу, лекин кўчага чиқяпман – биласизку, бекорчиликдан юрагим сиқилади,” деди. Ўтган куни яқинда ишга чиқишиниям айтди. Мендан хафа бўлдиям, нега кам ҳол-аҳвол сўрайсан, деб.
Роса режаларни тузди – бир-икки йил яна ишлаб, уйга онаси, фарзандлари олдига Андижонга кетиш ниятида эканини айтди…
Одамзотни эса “Шу ишни қиволай, бу ишни қиволай, кейин бемалол суҳбатлашамиз/учрашиб гаплашамиз”, деб ўзини алдаб, умри ўтиб кетавераркан. Учрашолмадик яна…
Бугун Бекни бериб қўйдик… Кечаси босим кўтарилиб, юраги дош бермабди.
Бек Андижонни Алпомиш йигитларидан эди. Бағриям шунчалик кенг эди…
Оллоҳ Сизга раҳматини ёғдирсин, Дўстим Бек, охиратингиз обод бўлсин. Сиз етолмаган орзу-умидларни ўғил-қизларингиз рўёбга чиқарсин, уларга умрини берсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун!
 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*