Menu
Categories
Азамат Суюнов: Чинакам кайвони инсон эди (Наримон Ҳотамов хотирасига)
02/16/2021 Бош мақола

 

Суратда: Абдулла Орипов (чапдан биринчи), Наримон Ҳотамов (ўртада), Маҳмуд Сатторов (ўнгда) …

Чинакам кайвони эди

Таниқли ношир ва олим Наримон Ҳотамов ҳақида талабалик йилларида эшитгандим. Маҳмуд Сатторов ва бошқа юзлаб зиёли инсонларнинг устози бўлган Наримон отани биринчи марта таниқли журналист, “Гулистон” журнали бўлим мудири, раҳматли Шомурод Сиддиқовнинг жанозаси куни кўргандим. Дафн маросими куни Наримон Ҳотамов Шомурод Сиддиқов билан СамДУда беш йил бирга таҳсил олгани, марҳумнинг яхши фазилатлари хусусида гапирганини яхши эслайман.

Кейинчалик кўп тадбирларда, турли издиҳомларда Наримон ака билан тез-тез учрашиб турардик. Қаерда қандай тадбир бўлмасин, шогирди Маҳмуд Сатторовсиз бормас эди. Ўз навбатида Маҳмуд ака ҳам устози Наримон аканинг ҳам ҳурматини жойига қўяр, унинг маслаҳатисиз бирор юмушга қўл урмасди. Маҳмуд аканинг оиласи Мунаввар янгамиз ҳам устозни ўз отасидан кам кўрмасди.

Маҳмуд Сатторов менинг устозим, Наримон ота эса Маҳмуд аканинг устози эди. Шу боис, мен бу инсонни ҳурмат қилиб, у кишига устоди калон, дея мурожаат қилардим. Наримон ота ҳам шогирдбаччасига бефарқ эмасди.

Устозимизнинг яқин дўсти Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев эди. Улар худди эгизаклардай яқин бўлиб, турли тадбирларда бирга бўлишар, уларни азиз меҳмон сифатида илиқ кутиб олишар эди. Устоз шоир Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳам Наримон акани ўзининг яқин акасидай кўрарди. Устоз кўп давраларда Абдулла Орипов шеърларини айтар, шоир шеъриятига ихлоси баланд эди. Устозим Маҳмуд Сатторов сабаб Наримон ака билан яқинлигимиз янада кучайди. Устоз-шогирдлар қатнашган турли маърака ва маросимлар, бошқа тадбирларнинг аксариятида иштирок этганман. Шу боис кўплаб зиёли инсонлар билан танишиш бахтига муяссар бўлганман.

Наримон аканинг салкам ярим асрлик ноширлик фаолияти давомида филология фанлари номзоди сифатида ўнлаб китоблар чиқарди, Кўплаб дарслик ва қўлланмаларнинг муаллифи сифатида майдонга чиқди. Яна бир нечта китобларга масъул муҳаррирлик қилди. Маълум муддат таржимашунослик билан ҳам шуғулланди. Хуллас, устоди калон ўта меҳнаткаш инсон эди. Раҳбарлик лавозимларидан ортиб барча-барча хайрли, ташкилий юмушларга бош-қош бўлишга ҳам улгурди.

Республикамиз вилоятлари бўйлаб Маҳмуджон аканинг машинасида юзлаб сафарларга чиққанмиз. Самарқандлик таниқли филолог олим, СамДУ доценти Наримон отанинг курсдоши Солиҳжон Ҳалимовнинг 70 йиллик юбилейи, ўзбекнинг туркман олими, тарих фанлари доктори, Қарши Давлат университетининг профессори, кўп йиллар декан, проректор лавозимларида ишлаган Обод ака Жўрақулов ва бошқа бир қанча таниқли инсонларнинг хонадонида меҳмон бўлганмиз. Бундан ташқари, Қарши ва Шаҳрисабздаги қариндошларининг тадбирларида бирга қатнишб, кўп тўй ва маъракаларда ҳамроҳлик қилганман.

Кези келганда сафарларимизнинг бирида юз берган қизиқ бир воқеани айтиб ўтмасам бўлмас. Қайсидир йили Маҳмуд Сатторов устози Наримон Ҳотамов ва унинг яқин салафларидан бири тиббиёт соҳаси профессори Омон ҳожи Ўринов ҳамроҳлигида Шаҳрисабзга тўйга борадиган бўлишибди. Маҳмуд акага шофёр муаммо эмас, дарров менга телефон қилади. Бу каминага малол келмайди. Негаки, улар билан сафарга чиқиш мен учун анча мароқли, маънавий озиқ олиб кетаман, баъзида ҳазил-мутойиба авжига чиқади, гоҳо йўлларда тўхтаб, чигалёзди қилиб ҳам оламиз, зерикиш йўқ.

Сафар тараддудига шайланиб, Маҳмуд аканинг “Ласетти”сини дарвозадан чиқариб, ўзимнинг “Нексия”мни унинг ўрнига қўйиб, кўчага чиқдик. Йўл-йўлакай аввал Наримон акани, ундан кейин профессор Омон ҳожини олиб сафарга отландик. Икки-икки ярим соатлар юриб, Жиззахнинг бепоён далаларига етиб келдик. Машинани йўлнинг четига қўйиб, бир нишаброқ жойга чиқиб кўкаламроқ ерда чигалёзди қилиб олдик. Баҳорнинг салқин насими юзга майин урилар, қуёшнинг заиф нурлари баданга илиқлик бахш этарди. Ярим соатлар чамаси тоза ҳаводан нафас олиб, яна йўлга чиқдик. Тушдан кейин Шаҳрисабзга етиб келдик. Мезбонлар меҳмонларни илиқ табассум билан кутиб олиб, ҳурматимизни жойига қўйишди. Тўй яхши ўтди.

Эртаси куни пойтахт томон йўлга чиқдик. Сирдарёнинг Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган постларнинг бирида ЙПХ ходими менга тўхташ ишорасини қилди. Тўхтадим. Ҳужжатларимни сўради. Шу заҳоти менинг ҳужжатларим “Нексия” машинамда қолиб кетгани эсимга тушди. Ноилож, Маҳмуд аканинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва машинанинг тех.паспортини тақдим этдим. Ҳужжжатни кўриб, Маҳмуд ака, бир минутга мумкинми?, деди менга қараб. Дарҳол тушдим. Нариги ён эшигини очиб, Маҳмуд ака ҳам кела бошлади. Шунда ЙПХ ходими сиз ўтираверинг, ҳайдовчи билан гаплашаман, деганида чақирганингиз учун келяпман, мен Маҳмудман, деди. Мен ходимни чалғитиш мақсадида иккаламиз “адашмиз” дедим. Ҳужжатлар “жойида” эканлигига ишонч ҳосил қилди, шекилли қўйиб юборди. Сезмаганидан хурсанд бўлиб яна машинага ўтирдим. Маҳмуд ака, нега мени ҳужжатларимни олиб кўрсатасан, ўзингнинг “праванг”ни олиб юрсанг бўлмайдими, ҳалиям сезмай қолди, билиб қолганда иш расво бўларди, дея минғирлай бошлади. Бу таънаю дашномлар менга сал тегса ҳам, “права”ни “Нексия”дан олиш эсдан чиқиб қолибди, деб ўзимни айбдордай ҳис қилиб индамай йўлда давом этавердим.

Пойтахтга яқинлашиб, машина салонининг орқасида Наримон ака билан ёнма-ён келаётган профессор Омон ҳожи Ўриновни “Медгородок”ка тушириб, Хадра томон Наримон аканикига қараб ҳайдадим. “Эски жўва” бозори чорраҳасида турган ЙПХ ходимларидан бири тўхташ ишорасини қилганида “правам” йўқлиги сабаб тўхтамай, тезликни баттар ошириб қоча бошладим. Шу заҳоти ЙПХнинг икки ходими зудлик билан “Ласетти”хизмат машинасига ўтириб, унинг томидаги “мегалка” чироқларини ёқиб қува бошлади. Мен ҳам бўш келмай, машинани шунақа тез олиб қочдим-ки, улар анча орқада қолди. Тезкор хабар берилган эканми, бошқа ЙПХ нинг “Ласетти” автомашинаси йўлимни тўсди. Бетон тўсиқ билан уларнинг машинаси оралиғидаги тор жойдан чипиллаб ўтиб кетдим. Улар ўтолмайди, деб ўйлашганди. Энди “гаичник”лар икки “Ласетти” да яна қува бошлади. Хадранинг машиналар гавжум чорраҳасидан бир амаллаб ўтиб, Наримон аканинг уйи йўлагига келиб тўхтадим. Устоди калон, уйингизга келдик тушинг, деб орқага қарасам, Наримон ака жим, кўзларини юмиб олган. Қайта такрорладим. Шунда Наримон ака синиқ овозда: Ҳамма соғ-саломатми, машина бутунми, ҳушимдан кетиб қолибман, қочганингни биламан, уёғини эслолмайман, ҳозир мадорим йўқ, неварамни чақиринглар, етаклаб мени уйга олиб кирсин, деди. Наримон аканинг невараси бобосининг қўлтиғидан авайлаб, секин етаклаб кетди.

Ёнимга қарасам, Маҳмуд ака ҳам жим, кўзини чирт юмиб олган, қорамағиз юзи докадек оқариб кетганди. Куннинг ғира-ширасида Маҳмуд аканинг ҳовлисига етиб келдим. Маҳмуд ака юролмади, кўтариб зўрға олиб кирганимда янгам эрини кўриб қўрқиб кетди. Хафа бўлманг янга, деб бўлган воқеани айтиб бердим ва мана машина, калити, ҳамма ёғи бус-бутун, деб хайрлашиб, ўзимнинг машинамда уйимга кетдим. Шу-шу Маҳмуд ака илтимос билан менга қайтиб қўнғироқ қилмайдиган бўлди.

Шу “пойга” воқеасидан кейин “Ласетти” машинасига бўлган “меҳрим” яна ўн чандон ошди. Бундан аввалроқ “Тахтиқорача” довонидан зўриқмай, чиппилиб тортганида ҳавасим ортган эди. Менга ҳам шунақа кучли, тез юрадиган улов бўлсайди, деб ният қилгандим. Яхши ниятга фаришталар ҳам омин, дейди деганлари рост экан. Орадан кўп ўтмай, онам Америкадан келадиган бўлиб қолди (Бир синглим ва укам шу мамлакатда оиласи билан яшайди). Аэропортда кутиб олиб, уйимга олиб келдим. Эртаси куни онам менга қараб: “Нексия”нгнинг устига қанча қўшсак, “Ласетти” беради”, деб сўрадилар даб-дурустдан. Икки минг “кўки”дан берсангиз етади, дедим ҳазил аралаш. Раҳматли онамнинг озгина далдаси билан “Ласетти”лик бўлиб қолдим.

Наримон ака мени ҳар кўрганида ҳаётимда жуда кўп қизиқ воқеалар жуда кўп бўлган. Ҳали бунақа қалтис ҳодисага дуч келмагандим. Аслини олганда Маҳмудни ҳам, мени ҳам мазамни қочирган сен бўласан, дерди ҳазиллашиб.

Юқоридаги бўлиб ўтган шу воқеани ёзмоқчи эмасдим, Наримон ота Ҳотамов ва Абдуқодир Раҳматовларнинг қистови билан қоғозга туширдим.

2003 йили болаларга атаб ёзган шеърларимни тўплаб, китоб ҳолига келтиргандим. Устози калон Наримон Ҳотамовни ўзимга яқин олиб, “Фан” нашриётига босмага чоп этиш учун олиб бордим. У пайтда Наримон ака нашриётнинг раҳбари эди. Кутилмаганда борганимни кўриб, мени илиқ қабул қилди. Мақсадимни тушунтирган бўлдим. Гапларимни эшитиб бўлгач, китоб ёзиб яхши қилибсан, табриклайман, энди китобни чоп этиш масаласига келсак, нашриётнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор, китобингга “гриф” босиб бериш менга муаммо эмас. Бунинг учун қўлёзмани бирор ижодкор-мутахассисга ўқитиб, тақриз ёздиришинг керак. Қўлёзмани нашрга тавсия этиш тўғрисида хулоса бўлса янаям яхши бўлади, деганидан кейин устоди калоннинг гапларини тўғри тушуниб, қабул қилдим ва қўлёзмани таниқли адабиётшунос олим, зукко мунаққид Маҳкам Маҳмуд (Маҳкам Андижоний)га хулоса учун ташлаб келдим. Орадан 3 кун ўтиб, Маҳмуд ака менга қўнғироқ қилиб, болаларга атаб ёзилган шеърларингни ҳаммасини ўқиб чиқдим, менга анча маъқул келди. Тақриз тайёрлаб, нашрга тавсия этдим, деб айтди. Бундан хурсанд бўлиб, қўлёзмамни кўтариб, яна Наримон аканинг қабулига олиб бордим. Устоз тақриз ва тавсияномани кўриб, хурсанд бўлди ва “Маҳкам Маҳмуд инжиқ танқидчи-мунаққид, ҳамма китобга ҳам тақриз ёзиб, нашрга тавсия этавермайди, унинг характерини яхши биламан. “Ўқитувчи” нашриётида бирга ишлаганман, деб айтди ва китобчамга “гриф” босиб берди.

Устознинг “Мурувват – ҳамдамим” китобини ўқиган киши Наримон Ҳотамовнинг кимлигини яхши англайди. Китобда ёшлиги уруш йилларига тўғри келгани, машаққатли ҳаёт кечиргани, Самарқанд, Душанбе, Шаҳрисабз шаҳарларида яшаб, кўп қалтис синовларни бошидан ўтказгани қизиқарли ҳикоя қилиб берилган. Алалхусус, бу китобни ўқиган одам асло зерикмайди, бир дунё маънавий озиқ олади.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассислигидаги “Миллий таълим” газетасининг 2003 йилнинг 21 февралдаги сонида “Кайвони” деб номланган бир саҳифалик мақола олим, ношир Наримон Ҳотамовнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланганди. Бу мақтов айрим ғаламис раҳбарларга ёқмай, Наримон ака раҳбарлик қилаётган “Фан” нашриётини тафтишдан ўтказиб, тирноқ остидан кир ахтаришга ҳам тушган. Ўшанда газета бош муҳаррири ва унинг ўринбосари ҳам жазодан бенасиб қолмади. Чиройли, қизиқарли ёзилган мақола газетанинг раҳбариятига ҳам, мақола қаҳрамонига ҳам қимматга тушди. Охир-оқибат газета ёпилиб, унинг фаолиятига чек қўйишди. Ваҳоланки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассислигида чоп этилаётган бу газета зиёли халқ учун сув билан ҳаводек зарур эди. Газета ҳам ёпилиб кетди. Шу вақтга қадар вазирликнинг нашри йўқ эди. “Гадонинг душмани гадо бўлади”, деганларидек, кўролмаслик ҳасадгўйлик шу даражага етдики, душман томонининг қўли баланд келиб, катта адолатсизлик кўр-кўрона “ғалаба” қозонди. Алал оқибат, “Фан” нашриётининг тажрибали, забардаст раҳбаридан айрилиб қолди. Бу шубҳасиз, зиёли қавми учун катта йўқотиш бўлгани рост. Муболағасиз айтиш мумкинки, аслида мақола қаҳрамони шаънига айтилган барча яхши гаплар тўғри ва асосли эди. Ўша ғаламис душман ҳам кичкина одам эмасди. Вазир мақомидаги калондимоғ, дасти узун бўлса ҳам назари паст бир ношуд кас эди.

Беш панжа баробар эмас. Республикада энг катта нашриётлардан бири ҳисобланган “Ўқитувчи”да хақиқий зиёли, солиҳ инсонлар билан бир қаторда ичи қора, ҳасадгўй, ўзгаларнинг ютуғини кўролмайдиганлар ҳам йўқ эмасди. Шундайлар борлигини сезган устози калон булар ҳам Худонинг бандаси деб, уларга озор бермади, аксинча бағрикенглик қилди.

Фақат буларгина эмас. Наримон Ҳотамов ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам коммунистик мафкуранинг тазйиқига ҳам дуч келганди. Айниқса, ўша пайтлар идеологиянинг ашаддий маддоҳи бўлган мафкурачи “опа”нинг зуғуми ўзбек зиёлиларининг қаҳрига учради. Не-не олиму ижодкорлар унинг касрига учради. Тазйиқ шу даражага етгандики, Наримон акани туққан онасининг жанозасига қатнашишига изн беришмаган. Ҳалол меҳнатлари эвазига янги олган, унчалик ҳашаматли бўлмаган ҳовлисини тафтиш қилиш даражасига етди, улар ҳеч қандай айб тополмади. Адолат, ҳақиқат устун келса-да устознинг асабига тегадиган, кўнглини ғаш қиладиган кўнгилсиз ҳодисалар бўлиб ўтганди.

Илгари думалоқ хатлар ҳам ҳисобга олинар, не-не бегуноҳ инсонлар ҳасадгўйларнинг қурбонига айланар эди. Ғаламислар Худодан топди. Устоди калон салкам 90 ёшни қаршилаб дунёдан ўтди. Бундай табаррук ёшга етганлар бо, етмаганлар бор.

Устоди калон ўзига хос кайвониларча иш тутди, бу тайинсиз-тутуриқсиз ғалваларнинг ҳаммасини оғир босиқлик, бағрикенглик билан енгиб ўтди.

Шу аянчли воқеаларни эслар эканман, Сталин қатағони даврида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий, биринчи ўзбек драматурги Маҳмудхжа Беҳбудий, шеъриятнинг ёрқин юлдузи Абдулҳамид Чўлпон, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитрат сингари чинакам халқ зиёлиларининг ёш умри ҳасад, кўролмаслик оқибатида бевақт хазон бўлганди.

Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаевнинг ҳасадгўй, ғаламисларга бағишланган қуйидаги шеърини келтириб ўтишни лозим топдим.

Ўч

Табиат ва инсон – муштарак мазмун,

Ўзаро қўл берса, қудрат куч олар.

Гоҳ қаҳри ясайди умрга якун,

Қалтис шўхлик кетмас, қаттиқ ўч олар.

Сен кунни тун дединг, тунни эса кун,

Осиб ойналарга қора дарпарда.

Муаллақ хаёлга бўлдинг лол, тутқун,

Не ҳикмат борлигин билмай лангарда.

Табиатнинг доно фасллари бор,

Қадру қимматини билажак йиллар,

Беназир борлиқнинг ҳазиллари бор,

Тескари борганни ўлимга йўллар.

Кузни баҳор дединг, қишни эса ёз,

Кимлардир эргашди сенга ишониб,

Кимлардир яшашга олди имтиёз,

Айтинг, ҳалолмикин унвон, нишони?!

Қояни тоғ демак – ўзи телбалик,

Ким айтар дарё, деб жонсиз кўлмакни.

Товуқ қағ-қағласа, тонглар отмас лек,

Сел ёққанда тутма қўлда челакни.

Ҳаёт тўхтаб қолмас, оқар илгари,

Ҳар нарсанинг бордир охири аён:

Эпкин суриб кетди бир хас сингари,

Кўпикдай ёрилдинг беиз, бенишон.

Ер билан ҳамнафас ҳар қандай парвоз,

Ердан узилмасин оёқлар зинҳор.

Адоват, адолат келар юзма-юз,

Элинг юз ўгирса, ўлганинг минг бор.

Тириклик ҳақида варақлар тарих,

Яшаш нималигин Наврўздан сўра.

Шунча ночормидидинг, шунчалар ғариб,

Қани сен қолдирган нурли хотира.

Суратда: Наримон Ҳотамов (ўртада) шогирди Маҳмуд Сатторов (ўнгда) билан…

Барибир, бу бефойда уринишлар устознинг обрўсини тушира олмади. Аксинча, давраларнинг тўри ҳамиша Наримон Ҳотамовники бўлди. Дўст-салафлари, таниш-билишлари ниҳоятда кўп эди. Чунки, Наримон ака инсонларга фақат ва фақат яхшиликни соғинар, қўлидан келганча барчага ёрдам қўлини чўзар эди-да. Хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳамманинг ҳурматини жойига қўяр эди.

Гапнинг индаллосини айтганда, матбаа-ноширлик соҳасида ҳеч ким Наримон отачалик самарали хизмат қилган эмас. Устоди калон Ўзбекистон ноширлик академиясининг ҳақиқий “академиги” эди, дея бемалол айта оламан.

Шаҳрисабзлик таниқли шоир, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шарофжон Орифий Наримон аканинг устози эди. Мактабда аъло баҳолар билан ўқиган Наримон акага устози алоҳида меҳр қўйганди. Мактабни битиргач, Шарофжон Орифийдан оқ фотиҳа олиб, шу йилиёқ СамДУнинг филология факультетига ўқишга кирганди. Университетда ҳам аълочи талабалар сафидан жой олиб, юқори стипендиялар билан ўқиган Наримон ака ҳар йили ўқув таътилига чиқиб, Шаҳрисабзга келганида устозидан хабар олмасдан кетмасди. Уйланиш тўйида Шарофжон Орифий раислик қилганини ҳамон эслаб юрарди. Шарофжон домланинг шогирдига бўлган ишончи шу даражада юқори бўлган эканки, Наримон ака университетнинг охирги курсида ўқиб, битириш арафасида ўзи ўқиган мактабда директорлик лавозими учун Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбариятининг розилигини олиб келган экан. Бу ўша пайтларда ҳам ҳазилакам иш эмасди.

Алалхусус, устоди калон инсонлар ибрат олса арзийдиган чинакам зиёлилардан бири эди. Кўп сонли шогирдлари бежиз устози билан фахрланиб юрмасди.

Ўрта мактабни олтин медаль, университетни Ленин стипендиясида ўқиб битирган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Наримон Хотамов универсал инсон эди. Устознинг билмаган соҳаси йўқ эди. Ҳаётий тажрибаси етарли, билими, илмий салоҳияти кучли эди. У чинакам жамоат арбоби сифатида халқимизга фидокорона меҳнат қилди. Шу боисдан, у кишини бежиз кайвони дейишмасди. Рус ва тожик тилларини ўз она тилидай билар, бу забонда бемалол сўзлаша оларди.

Наримон Хотамов кадр танлашда адашмасди. Ўқитувчи нашриётида ишлаб, маҳортини ошириган ходимлар бошқа нашриёт ва таҳририятларда бемалол ишлаб кета оларди. Нашриётда етишиб чиққан олимлар ЎзМУ, Тошкент давлат шарқшунослик, Маданият ва санъат институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа олий таълим масканларида талабаларга сабоқ берган.

Наримон Ҳотамов адабиётшунос олим сифатида кўплаб ёш олимларга нафақат илмий раҳбарлик, балки оталарча раҳнамолик қилди.

Наримон ака ғоят саҳийқалб, мурувватли, шинаванда инсон эди. Бир умр мурувват – ҳамдамим, деб яшади. Бу мурувватдан не-не кўнгиллар сув ичиб баҳраманд бўлмади дейсиз. Ҳа, бундай нодир, ноёб инсонлар дунёга камдан-кам келади. Унинг қалб даъвати ҳам мурувватга чорлар эди. Мурувватни ўзига ошно тутди. Сал кам беш юз варақлик катта китобини бежиз “Мурувват – ҳамдамим” деб атамади. Чунки, устоз қалби бутунлай мурувватга йўғрилган эди-да.

Падари бузрукворим Суюн бобо вафот этганида Наримон Ҳотамов суюкли шогирди Махмуд Сатторов ҳамроҳлигида Китобга йўлга тушиб, менга таъзия изҳор этиш учун йўлга отлангани ҳеч эсимдан чиқмайди. Устоди калоннинг бу эътибори менинг ўксик қалбимга яхшигина далда бўлганди.

Наримон отанинг оиласига ҳавас қиламан. Кўпчилик ўрнак олса арзийдиган тўкис, бахтиёр оила. Янгамиз Маҳмуда ая билан салкам 65 йил умргузаронлик қилиб, ўғил-қиз фарзандларни ўқитиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Ўнга яқин невара ва ўндан ортиқ эвара кўришди. Бир соҳанинг вакили бўлган адабиётшунос олимлар бир-бирини тушуниб яшашди.

Маҳмуда янгамиз узоқ йиллар Низомий номидаги педагогика институти (ҳозир университет) нинг доценти сифатида талабаларга сабоқ берди. Шогирдлари ҳам бисёр. Янгамиз айни пайтда нафақада бўлиб, бир этак невараю эваралар қуршовида. Илоҳим, шуларнинг камолини, роҳатини кўриб юрсинлар.

Наримон ака инисидай яхши кўрган шогирди Маҳмуд Сатторов вафот этганида ўз жигарини йўқотгандай қаттиқ қайғурганди. Шогирдининг вафотидан кейин унга бағишлаб “Сени соғинаман” деган шеър ёзганди. Агар Маҳмуд ака ҳаёт бўлганида устози Наримон Ҳотамов ҳақида катта хотира китоби ёзган бўларди.

Устоди калон Наримон Ҳотамов ғоят файзли, меҳрибон, дилкаш инсон эди. Устози калоннинг чироғи ўчмайди. Кўп сонли шогирдлари ва яқинлари қалбида мангу яшайди.

Охиратингиз обод бўлсин, устоди калон!

Азамат СУЮНОВ,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Муҳофаза” журнали – “Вазият” газетаси

бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири

 

Leave a Reply
*