Menu
Categories
Соғлиқни сақлаш вазирлиги диққатига – Тошкент аэропорти: Куласизми, куясизми?
02/02/2021 Бош мақола
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ДИҚҚАТИГА!
ТОШКЕНТ АЭРОПОРТИ: КУЛАСИЗМИ, КУЯСИЗМИ?!
Ўқидим, эшитяпман, вазирлик ва ҳукумат ҳузуридаги махсус комиссия пандемияга қарши барча зарур чораларни кўряпти, ташаккур, эътирозим йўқ. Лекин…
Воқеани эшитинг:
31 январдан 1 февралга ўтар кечаси Туркиядан “Истанбул – Тошкент” йўналиши бўйича учган самолётдан тушиб аэропорт чиқиш йўлагига келдик. Қўлимизда бир кун аввал АНТАЛИЯда ковидга қарши Халқаро қоидаларга амал қилинган ҳолда олинган тест натижасиям бор.
У 72 соат амал қилади!
Аммо Тошкент аэропортида йўловчилар яна қайта тест топшириши лозимлиги белгиланган. Жуда тўғри, эҳтиёт шарт!
Энг ёмони бошқа, ўзбекистонликлар учун очиб қўйилган “окошка” ёнига келдик. 130 000 тўлайсиз, деди. Олдинда таниқли журналист, ҳамроҳим Шарофиддин Тўлаганов ҳам бор, у жиғибийрон бўлиб изоҳ сўради, яқинда 90 000 экан, нега оширдинглар, манави тест қоғозини нима қиламан, дегандек. Деразача ортидаги тиббиётчи хотин бўлса мен билмайман, 25 январдан оширишди, пулни тўланг, 15 минутда жавоб тайёр бўлади, соғ чиқсангиз кетоврасиз, деди…
Пулни тўладик, чек ҳам бермади. Тестчи дўхтир(тиббиёт ходими) ёнига ўтдик. Қараб турибман чўчинқираб. Қўлига бурунга тиқадиган чўпни олдида қарсиллатиб иккига бўлди ва биттаси билан иккала бурнимдан тест олди. Шошилиб турганим боис ҳеч нарса демадим. Менимча ҳалиги пахта ўралган чўпнинг иккинчи бўлагини Шарофиддинга ишлатди…
Куласизми куясизми, айтинг Вазирликдаги жаноблар?!
Ростданам пастга тушиб юкларни олиб, чиқиш йўлагига келиб паспортни бир мулозим қўлига тутқаздик. У экранга қараб тест натижаси чиққанларни чақириб, жўнатворяпти.
Мен ҳам қўлимга паспортим текканидан суюниб эшикка югурдим…
Бу ғаройиб “меҳмоннавозлик”ни хорижликлар қандай қабул қилишгани менга қоронғу. Улар долларда пул тўлашди чоғи.
15 ДАҚИҚАДА ЧИҚҚАН ТЕСТ ЖАВОБИ ҚАЙ ДАРАЖАДА ИШОНЧЛИ???
МАҚСАД СОҒЛИГИМИЗ УЧУН ҚАЙҒУРИШМИ ЁКИ ХАЛҚДАН ПУЛ УНДИРИШМИ! БУ ПУЛ ҚАЁҚҚА КЕТЯПТИ?
Ҳақли савол сизларга: унда нега сафарга кетгунимизча дабдабаю асъаса билан Олой бозори ёнидаги “Intermed” деган клиника лабораториясига 230 000 (?) сўм тўлаб, тест топширдик ва натижаси 7-8 соатда чиқди? Ўшанда тўғри аэропортга келиб таҳлил олишса, ҳарна-да, юз минг ёнимизда қолса, осмон узилиб тушмасди-ку! Ким изоҳ беради?
Билмадим, Ўзбекистон дарвозаси бўлмиш аэропортдаги ушбу ҳолатни бу ишга дахлдор вазирлик ва идоралар қандай шарҳлаб беради? Кутайлик-чи!
May be an image of indoor
Тавба дейману ёқа ушлайман дерди рахматли устозларимиздан бири. Қилинаётган ишларга тавба деймиз. Кимдир айтганди: “любая бизнес хараша”.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*