Menu
Categories
Бердиёр Жумаев: МАЪНАВИЯТ – ҚУДРАТЛИ ДАВЛАТ, ФАРОВОН ЖАМИЯТ!
02/04/2021 Бош мақола

Ассалому алайкум, Исматбек!

Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?

Исматбек! Ўзбекистон матбуотида 19 январь куни эълон этилган «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» мазмунидаги хабарлар билан танишар эканман, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларидаги, бундан 25 йилдан кўпроқ вақт олдинги, ушмундоқ вазият билан боғлиқ бўлган чиқишларни эсладим. Мазкур долзарб муносабат билан, сизларга «МАЪНАВИЯТ – ҚУДРАТЛИ ДАВЛАТ, ФАРОВОН ЖАМИЯТ!» сарлавҳали битигимни, тавсия тариқасида, юбораяпман.

Илтимос, ушбу мақолам билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз, ундан фойдаланасизлар, деган умиддаман.

Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:

Бердиёр ЖУМАЕВ.

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

МАЪНАВИЯТ – ҚУДРАТЛИ ДАВЛАТ, ФАРОВОН ЖАМИЯТ!

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг расмий равишда билдириши-ча: «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди».

«Шавкат Мирзиёев: Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» – дея номланган мазкур хабар билан танишар эканман, бундан чорак асрдан босимроқ муддат муқаддам Ўзбекистоннинг ўша даврдаги президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги фармон ёдимга тушди.

Эндиликдаги «Чироқчи» туман газетасининг ўша пайтлардаги муҳаррири тариқасида, мен мазкур ҳужжатга жавобан: «Маънавият – инсон камолоти!» сарлавҳаси остида мақола ёзиб, қатор оммавий ахборот воситаларида чоп қилдиргандим. Кейинчалик ушбу битик И. Каримовдан келтирилган: «…Маънавий ишларни йўлга қўймасдан туриб, иқтисодий ўзгаришларга эришиш қийин. Зеро, юксак маънавияти бўлмаган халқнинг келажаги ҳам йўқдир!» иқтибосини кузатув сифатида келтирганим ҳолатда, дастлабки китобимгаям киритган эдим.

Буларни батафсилроқ келтираётганимнинг боиси, Шавкат Мирзиёев кечаги йиғилишда айтган: «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият» – дейилган фикрлар биринчи президентнинг юқоридаги гаплари билан, нақадар ҳамоҳанг эканлигидир.

Зеро, биринчи президент: «Афсуски, жойларда маънавият ва маърифат масалаларига енгил-елпи қараш ҳоллари мавжуд. Бу борадаги ишларни охирига етказиш масъулиятини кимдир зиммасига олиши керак. Шу маънода маданият ва маърифат намояндалари билсинлар-ки, маънавиятнинг энг асосий ҳимоячиси республика президенти бўлади» – дея қатъийона уқтирганлигига қарамасдан, Ислом Каримовнинг мазкур «тарихий фармон»и ўз вақтида, қисқа фурсат давомида, роса кўтар-кўтар қилиниб, сўнгра, тез орада, ҳамманинг ёдидан кўтарилиб кетган эди.

19 январдаги йиғинда эса, қуйидаги тарзда алоҳида урғуланди: «Сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгашининг раиси президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди».

Демак, шундай экан, қачонлардир ура-ура қилинган ўша фармон сингари, маънавият хусусида айтилган ҳозирги баландпарвоз даъватларнинг-у шиорларнинг-да тақдири аянчли кечмасин, деган ниятда, олдиндан, айни мулоҳазаларни билдираяпман. Зеро, мамлакатимизнинг сиёсатида илгарилариям бунақанги кампаниябозликлар кўплаб марта рўй бергандир ҳамда унинг мисоллари-да бекамдир.

* * *

Кейинчалик, «Маънавият – инсон камолоти!» мақоламни анча-мунча ўзгартирганим ҳолда: «Маънавият – сермазмун ва пурмаъно моҳият!» сарлавҳаси ва адабий тахаллусим – Диёр ДИЛЁР имзоси остида айрим хорижий нашрларда ҳам бостиргандим ҳамда у ўзининг муносиб ижобий баҳосини олганди.

Илло, гарчи, мамлакатимизда маънавият масаласи, ҳаётий муаммо тариқасида, яна тағин қайтадан кўтарилаётган экан, қуйида ўзининг долзарблигини ҳамон-ҳануз йўқотмаган ва ҳаливери йўқотмайдиган ўша битигимни «Дунё ўзбеклари»нинг ўқувчилари учун ҳам тавсия этишни маъқул топдим. Негаки, унда келтирилган шарҳлар-у изоҳлар кимларгадир амалиётда асқатиб қолишиям мумкин.

* * *

Мендан маънавият тушунчаси ҳақида кўп бора сўрашади. Дарҳақиқат, айни сўзни оғзаки ва ёзма тарзларда тез-тез қўллаганимиз ҳолда, «маънавият» каломининг асл мазмуни-ю маъносини тўлиқ англайвермаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, таъкидламоқчиман-ки, журналистик касбим тақозосига кўра, маънавият жабҳасининг бир тарғиботчиси ва ташвиқотчиси сифатида ушбу борадаги фикр-мулоҳазаларимни бошқалар билан ҳам ўртоқлашишга жазм этдим. Айни боисдан, айтмоқчи бўлган гапларимни далиллаш ва асослаш мақсадида, энг аввало, «маънавият» сўзининг тилшунослар шарҳлаган ҳақиқий маъносини излашга тушдим. Шу ниятда 1981 йилда нашр этилган икки жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» сўзлигининг тегишли саҳифаларини варақлаб чиқдим. На ажаб-ки, 60 000 та сўзлар ҳамда сўз бирикмаларини ўз ичига олган луғатда «маънавият» деган каломнинг ўзи йўқ экан. Демак, тилимиз бойлигида ўша пайтлари «маънавият» аталмиш истилоҳнинг, ҳатто-ки, ўрниям бўлмаган.

Аслида эса, «маънавият» – жуда кенг миқёсли, шунингдек, ўта қамровдор тушунчадир-ки, буни русчадаги «культурность» – «духовность» – «идейность» – «моральность» – «нравственность» – «просвещенность» сўзларининг жамулжамликдаги моҳиятлари билан ҳам-ки, тўлиқ ифодалаб бўлмаслигидан сезиш мумкин.

Қуйида «маънавият» истилоҳини, ижодкорлик иқтидорим-салоҳиятим етгани қадар, таърифлаш-у тавсифлашга ҳаракат қиламан. Агар, қачонки, қуйидаги тафсилларга яна тағин муҳим қўшимчалар киритилса – хурсанд бўлардим.

МАЪНАВИЯТ – ўзлигини, ўз тарихини, ўтмиш аждодларининг кимлигини, уларнинг жаҳон тамаддунига қандай ҳисса қўшганлигини билиш, шунингдек, уларга муносиб бўлиш ҳамда улардан фахрлана олишдир;

МАЪНАВИЯТ – миллий ва жаҳоний қадриятларни, азалий анъаналарни-ю удумларни ардоқлаш, ўзининг динини, тилини, адабиётини, санъатини эъзозлашдир;

МАЪНАВИЯТ – инсонийликка хос, не-ки, яхши хислатлар, эзгу фазилатлар бор бўлса – барчасига эга бўлиш сари саъй-ҳаракатлар қилиш, фақат, шахсий меҳнатининг орқасидан ҳалол-пок ҳаёт кечиришдир;

МАЪНАВИЯТ – дунёқарашнинг кенглиги, юксак онглилик, одиллик, адолатлилик, холислик, жамият тараққиётининг қонун-қоидаларини тушуниш ва уларни амалда қўллай билиш, ҳуқуқий демократик жамият барпо этишга ҳисса қўшишдир;

МАЪНАВИЯТ – Ватан ҳамда халқ олдидаги бурчларни англаш ва оғишмай адо этиш, эл-юртни севиш, уларнинг муҳофазаси-мудофаасига доимо шай-тайёр туриш, керак бўлиб қолганида эл-юрт учун жонини ҳам фидо эта олишдир;

МАЪНАВИЯТ – имон, виждон, эътиқод, диёнат, ҳалоллик, садоқат ҳамда намунали ахлоқ-одобдир;

МАЪНАВИЯТ – ҳар тарафлама билимлар эгаси бўлишга интилиш, ўзининг руҳий ва маърифий ҳамда маданий савияларини ошириб бориш, умумий мафкурани ривожлантиришга фаол қатнашишдир;

МАЪНАВИЯТ – сиёсатни, иқтисодиётни етарлича тушуниш, зарур ҳолларда, бундай жабҳалардаги билимларини ҳаётда-ю фаолиятда қўллана билиш, ўзига ишониб топширилган вазифаларда фидокорона меҳнат-хизмат қилишдир;

МАЪНАВИЯТ – ҳартомонлама комил-қобил фарзандларни тарбиялаб, уларни муносиб равишда вояга етказиш, Ватан ва халқ хизматларига йўллаш, замон-у даврон билан биргаликда баравар қадам ташлашга изчил ҳаракат қилиш, фан-техника ютуқларини ва янгиликларини ўрганиш, ўргатиш ва ўзлаштиришдир;

МАЪНАВИЯТ – бошқа халқларнинг-да тиллари ҳамда маданиятларини эгаллашга тиришиш, жойи келганида, ўзининг салоҳияти-ю иқтидорини, миллий ғурури ҳамда ифтихорини намоён айлай билишдир;

МАЪНАВИЯТ – қалбларнинг гўзаллиги ва кўнгилларнинг софлигидир…

* * *

Ҳа, маънавият истилоҳи мана шунақанги йирик ҳамда теран маъноларни ва мазмунларни қамраб олади-ки, айни мартабага эришиш мукаммалликка-ю комилликка интилган ҳар қайси инсоннинг эзгу орзу-нияти ҳисобланади.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*