Menu
Categories
Гулжамол Асқар: Ёнингизга борсам майлими, Майлими жим термулиб турсам…
02/11/2021 Адабиёт
СИЗНИ КЎРСАМ…
Ёнингизга борсам майлими,
Майлими жим термулиб турсам.
Юзингизнинг жилваларида,
Сизни кўрсам, дунёни кўрсам!
Мафтун қилди ўрик гуллари,
Япроқларга лабимни босдим.
Мен баҳорга айланиб гуё,
Дарахтларга қўнғироқ осдим.
Мен баҳорда туғилган санам,
Баҳор билан эгизак руҳим.
Юрагимда кезиб юрибди,
Сиз юборган гуллар шукуҳи.
Ҳис айладим юрак тафтини,
Қай томонга юзимни бурсам.
Нима қилай, тўрт томонимда,
Сизни кўрсам, Худони кўрсам…
ФАРИШТА
Узиларми боғланган иплар,
Боғланарми узилган ришта.
Мен Сиз ҳақда хаёллар сурсам,
Тушларимга кирар фаришта…
Бироқ, нечун бу бегоналик,
Недан инди кўзларимга ғaм.
Ўтдан олиб ўтларга солиб,
Жим кузатиб турарми одам?
Қисқа йўлда ҳамроҳ бўлдик биз,
Кўзлагандим узоқ йўлни мен.
Энди кимнинг пойига ташлай,
Юрагимдан узган гулни мен?
Қандай бўлар дўстликнинг шарти,
Қайда хато қилдим, билмадим.
Сиздан айро қолмоғин сезиб,
Юракларим йиғлади маним.
Бунча Сизга ўргандим билмам,
Бунча қаттиқ боғланди ришта.
СИЗни топган кунимдан бошлаб,
Тушларимга кирар… ФАРИШТА…
2009 йил
@Guljamol_Asqarova
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*