Menu
Categories
Норқобил ЖАЛИЛ: ИСТАНБУЛ ДАФТАРИ (Биринчи мақола)
02/13/2021 Бош мақола

Йўлнома

ИСТАНБУЛ ДАФТАРИ

1-мақола

Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Элчихонаси маданият ва туризм бўлими “Safe Tourism” мавзусида ташкил этган пресс-турда бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари сафида “XXI asr” газетаси махсус мухбири ҳам қатнашмоқда. 25–31 январь кунларига мўлжалланган тадбирдан мақсад халқаро пандемия шароитида ҳам Туркияда “хавфсиз туризм”нинг мавжудлиги, барча санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилганини тарғиб қилишдан иборатдир. Нашримизнинг бугунги сонида саёҳат таассуротлари муқаддимаси билан танишасиз. Кейинги ҳафтада эса пресс-тур тафсилотларига кенгроқ ўрин беришни режалаштирганмиз.

Кутилмаган сафарлар хайрли кечади. Туркия Республикаси элчихонаси ходими қўнғироқ қилиб, ушбу пресс-турга таклиф этганида аввалига ўйланиб қолдим. Сабабики, жуда қисқа муддатда хорижга чиқиш паспортини тўғрилашим, таҳририятдаги катта-кичик ишларни якунига етказишим лозим эди. Кундалик юмушлар тугамаслиги аниқ. Ҳаммасига вақт қурғур етмайди. Умр эса ҳеч кимни кутиб ўтирмайди. Хуллас, бир ҳафта, ўн кун деганда руҳан қадим Туркия сафарига тайёр бўлдим ва…

Паспорт деганлари ортиқча оворагарчиликсиз, тез ва осон битди. Яшнобод тумани ички ишлар бўлими ходимларининг хушмуомалалигига ҳам тан бермасликнинг иложи йўқ. Аслида ҳамма ёқда аллақачон шундай тартиб-интизом бўлишини халқимиз неча йиллардан буён кутаётганди. 24 январдан 25 январга, якшанбадан душанбага ўтар кечаси Тошкент аэропортидан Истанбулга учдик. Сафар баҳонасида ўзимиздаги кўнгилни хира эмас, ёруғ қиладиган айрим ўзгаришлардан яна бир шингил ёзмоғим лозим деб ҳисобладим. Аэропорт дегани – мамлакат остонаси, давлатда қонун устуворлигини кўрсатувчи, жамиятнинг маънавий савиясини акс эттирувчи ойна мисоли. Кўз тегмасин, кўп нолинадиган жабҳамизда ҳам анча янгиликлар борлигига гувоҳ бўлдим.

Сайёҳлик қачон ривожланади? Борган жойингда очиқ чеҳра билан кутиб олишса, юксак эҳтиром билан муомала қилишса, чуқур мулозамат билан кузатиб қўйишса… Ҳали кетмасингданоқ яна қайтгинг келса. Мана шундай илиқ муҳитни яратиш туризмни ривожлантиришнинг бирламчи шарти эканини Туркияга босилган илк қадамларимизданоқ сездик. Фақат давлат хизматчилари ёки аэропорту меҳмонхона ходимларида эмас, балки шаҳар аҳли, кўча-кўйдаги оддий одамлар ва ҳайдовчиларда ҳам инсонга инсондек муносабатни, айниқса, хорижлик меҳмонларга самимий илтифотни сезиш қийин эмас эди.

Истанбул жаҳоннинг энг муҳташам ва муаззам шаҳарларидан эканига шубҳа йўқ. Жаҳон сайёҳлари албатта бориб кўришни орзу қиладиган масканлардан бири. Бу ерда денгизлар туташади. Ғарбу Шарқ юз кўришади. Тамаддунлар кесишади. Маданий ранг-баранг­лик ва айни пайтда бағрикенглик Истанбулга хос хусусият. Шу боис мазкур мегаполисга осиёлигу оврупалик ошиқади. Фақатгина Тўпқопи ва Аёсофияга ҳар йили бир неча миллион зиёратчилар келади.

Тўпқопи дунёнинг бугунгача етиб келган энг қадимий саройларидан саналади. 600 йил ҳукм сурган Усмонли империясига тўрт аср давомида идоравий марказ сифатида хизмат қилган. Кейинчалик музейга айлантирилган. Муқаддас омонатлар бўлимида сақланаётган ашёларни кўриш ҳар бир мусулмоннинг орзуси бўлса, ажаб эмас. Бундан ташқари, ўлкамиз тарихига оид ноёб экспонатлар ҳам намойишга қўйилган.

Аёсофия мажмуасида икки дин, икки маданият уйғунлашиб кетган. Византия меъморлигининг ноёб обидаси. Бир ярим минг йилдан бери қад кўтариб турибди. Олти асрдирки, жоме сифатида хизмат қилмоқда. 1935 йилдан музейга айлантирилган эди. Айни пайтда яна масжид мақомида. …Қолаверса Дўлмабоғча саройи, Бейлербейи саройи, Галата минораси, Султон Аҳмад майдони… Истанбулдаги диққатга сазовор жойларни бафуржа айланиш учун ҳафталар етмаса керак.

Ижтимоий тармоқларда ҳам сафар тассуротларини дўстларимиз билан баҳоли қудрат баҳам кўриб боряпмиз. Олдинда ҳали Кападокя ва Анталия турибди. Саёҳату зиёратга бағишланган туркум мақолаларни газетамизнинг кейинги сонларида батафсил ўқийсиз.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

XXI asr” махсус
мухбири

Тошкент – Истанбул

 

Leave a Reply
*