Menu
Categories
Абдуфаттоҳ Маннопов: ОДДИЙ ХАЛҚ ДАРДИ ИЛА ТЎЛА ЮРАК ТЎХТАДИ…
02/27/2021 Бош мақола

Абдуфаттоҳ Маннопов

ОДДИЙ ХАЛҚ ДАРДИ ИЛА ТЎЛА ЮРАК ТЎХТАДИ

Ўзбек исёнкор шоири, инсонпарвари, курашчиси

Гулчеҳра Нуруллаева вафотига доир

 “Яроғим йўқ ахир сўзимдан бўлак,

Мутеликка исён кўзимдан бўлак.

Умр  –  ҳамма назар солгувчи йўлак,

 Шафқат йўлагимни чироқсиз қилма!

Кўзимга зулмнинг тиғи қадалди,
Бў
ғзимга тош бўлиб йиғи қадалди,
Юртимнинг борию йўғи қадалди…
Тўкилмасам бўлмас…”

Гулчеҳра Нуруллаева

Доимо ўзгарувчан, турли йўсинда тушуниладиган, қайсидир жиҳати енгил илғанувчи ва қайсидир жиҳати илғанмас, нимасидир осон инъикосли ва нимасидир инъикос этилмас, гўзал, мураккаб ер-юзининг, муттасил амалга ошувчи ҳаёт қонуни – қариларнинг кетиши, гўдакларнинг келишидир. Инсон, одамлар, ижтимоий гуруҳлар, миллатлар, халқлар, цивилизацияларнинг – борлик фалсафаси, уларнинг ҳар бирини ўзи ва шу он, улар турли бирлашмаларда яшаши – аста ўлишидир. Инсон ҳаёти – ердаги мавжудликнинг вужудга келувчи ва йўқ бўлувчи, учиб келувчи ва учиб кетувчи, дақиқаси, холос. Коинот ўлчамида – бу ҳеч нарса эмас. Бу ҳаёт ўзига хосликлари, ўткинчилиги, нозиклигини тушуниш, ўзбек миллати нурли шамларидан бўлмиш, ўз ижоди, фаолиятида оддий, ҳуқуқсиз, камбағаллар, озодлик, адолат излаётган инсонлар дарди ва истаги, интилиши ва курашини ёритган забардас шахснинг номақбул йўқотишимиз ғамини, мусибатини камайтира олмайди. 15 январь 2021 йил, Ўзбекистон пойтахти, Тошкент шаҳрида, ўзбек исёнкор шоири, чарчамас инсонпарвари, «Бирлик» халқ харакатининг йирик арбобларидан, мамлакат «Тўмарис» аёл-қизлар маърифий, ҳуқуқ ҳимояловчи жамият асосчиси Гулчеҳра Нуруллаева (Гулчеҳра Нур), 83-ёшга кета туриб, бу ўткинчи дунёдан кўз юмди. У – бутин умри ўз бетакрор шоирлик истеъдоди ила яхшилик, гўзаллик, инсонпарварлик, олижаноблик, озодлик, ҳуқуқ, тенглик, оқиллик, ўзаро ёрдам, раҳимдиллик, демократия қадриятларини тарғиб ва ҳимоя этди, ҳамда зулм тузуми – тоталитаризм ва зулмкор якка ҳокимлик – тиранияга кескин қарши чиқди.

Гулчеҳра Нуруллаева, мактабда ўқиётган йиллар, қобилиятли, билишга чанқоқ эканлиги, табиат, ота-онаси, тарбия, ҳамда ўзининг меҳнаткашлиги, тиришқоқлиги заминида вужудга келди ва намоён бўлди. У ақлли, тарбияли, чиройли ўқувчи бўлиб, мактабни олтин медаль билан якунлади. Мактаб йиллари унинг адабиётга, шеъриятга қизиқиши маълум бўлгани сабаб, Тошкент шаҳридаги, Ўртаосиё Университетининг филология факультетини, журналистика бўлмига ўқишга кирди. Шу талабалик йиллари унинг мақола, шеърлари илк бор матбуотда нашр қилина бошланди. У Университетни аъло баҳоларга, имтиёзли диплом ила якунлади. 1965 йил унинг «Қуёш табассуми» номли биринчи шеърлар тўплами чоп этилди. Келаси, 1966 йил эса, у Ўзбекистон Ёзувчилар Уйишмаси аъзолигига қабул қилинди. Сўнг Москвадаги Максим Горький номли Ёзувчиларнинг олий адабиёт курсида икки йил таҳсил олди. У эрта ўз ўқувчилари, ўз мухлисларига эга бўлиши, яратган шеърларидаги лирика, романтизм чизгинлари ила дунёни, табиатни, инсонни инъикос этиш билан бирга, ҳақиқат, адолатга уйғин тарзда интилиш ҳам мавжудлигидан келиб чиқди. Сўнгра унинг қуйидаги «Орзуларим қоқади қанот» (1969 й.), «Ташналик» (1972 й.), «Иккинчи баҳор» (1973 й.), «Лирика» (1973 й.), «Бағишлов» (1977 й.), «Пахта ҳиди» (1981 й.), «Нурли нуқталар» (1986 й.), «Муҳаббат суврати» (1988 й.) шеърий китоблари нашр этилди. Унинг шеъриятига хос лирика, романтизм йиллар ўтиб, инсонпарварлик ғоясини – энг асосий, барча шароитда талабга моликлигини, инсон, халқ, мамлакат ҳаётида мавжуб бўлиши шартлигини чуқурлаштириш, кенгайтириш, кучайтиришга хизмат этди.

Қайтақуриш ва ошкоролик бошланиши ила “горби” – Михаил Горбачёвнинг халқ қаршишига чиқиши, ҳеч қандай қоғозсиз, оддий фуқаролар учун тушунарли тилда, мамлакат ва дунё учун умуминсоний қадриятларнинг устин ва бирламчилиги, ҳамма худудларда демократиялаштириш, инсон ҳуқуқлари, озодликларини эъзозлаш, бошқарувни маъмурий-буйруқбозлик услубларидан воз кечиш зарурлиги, ОАВнинг тўлиқ ҳур бўлиши зарурлиги борасидаги сўзлаши, Гулчеҳра Нуруллаевани, худди бошқа жуда кўп кишиларни Совет Иттифоқида, Ўзбекистонда, социализм лагерида ва дунёдаги каби ўзига ром айлади. Мен буларни ўша узоқ даврда, Гулчеҳра опа билан шахсан яқин таниш бўлганлигим, ҳамда хозиргачан, бу бетакрор ижодкор менга берган саволи ёдимда эканлиги туфайли ёзаяпман: “Абдуфаттоҳ, Сиз файласуф, жамиятшунос олимсиз, айтингчи андроповчи, брежневчи, черненкочилар Горбачёвни ишдан олиб ташлашлари, уни ғайрипартиявий раҳбар деб эълон қилишлари мумкинми? Сўнг янги репрессия даври бошланмайдими?” Мен “уни Сталин, Маленков, Хрушев, Брежнев, Андропов, Черненко даврларида ишлаган, сиёсий бюро, партия Марказий Қўмитаси ва давлат маъмуриятида, қудратли ва эҳтиёткор, Адрей Громико, қўллагани бежиз эмас. Ва бу арбобнинг қайд этилган юқори ҳокимият идораларда тарафдорлари кам эмаслиги маълум. Романов, Гришин коррупцияга алоқадорликлари оқибатида ўз номзодларини илгари сура олишмади. Куч ишлатар соҳа раҳбарларига келсак – Д. Т. Язов, мудофаа вазири, сиёсат борасида тиши ўткир эмас, КГБ раиси В. М. Чебриков – юқори раҳбариятда янги шахс. Яна бир эҳтимолга молик нарса, партия Марказий Қўмитаси ва Вазирлар Кенгашида Брежнев ва Андропов давридан мерос қолган турғинликдан чиқиш зарурлигини тушинувчи ходимлар кам эмаслигидир. Хитой – иқтисодий либерилизация орқали, ислоҳатлар бошлади. Шунинг учун уни кимдир олиб ташлашининг эҳтимоли йўқ”, деб жавоб бердим. Бу тушунтириш, Гулчеҳра опани, мамнут этди. Бу давр Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аҳамияти кескин ошди, буниниг сабаби, уюшма раиси – Одил Ёқубов, уюшманинг ташкилий ишлар бўйича котиби – Мамадали Маҳмудов, уюшма котиби – Гулчеҳра Нуруллаеваларнинг қайтақуриш, ошкоролик, озодлик, демократиялаштириш, инсон ҳуқуқлари, ҳурриятларига риоя қилиш ғоялари тарафдори эканлигидан келиб чиқди. Уюшманинг хоналарида Оролни сақлаш Қўмитаси, “Бирлик” халқ ҳаракати, хотин-қизлар, инсон ҳуқуқлари, ёшларнинг турли мухолиф гуруҳлари тўпланишар эди.

Гулчеҳра Нуруллаева, вақт у ёки бу ходиса, у ёки бу шахснинг тарихий, ҳақиқий моҳиятини, эртами кечми очиқлашини яхши тушунарди. Уни узоқ муддат, қандай қилиб, иккинчи даражали Қашқадарьё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, порахўр, қаҳри қаттиқ, саёз билимли, қашқадарьёликлар, унинг ишларига кўра “офат келтирувчи” лақаб қўйган – Ислом Каримов,* ўзидан анча устун номзодларни четга суриб қўйиб, Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитасига биринчи котиб бўла олгани, тинчлик бермади. Москва, Кремелнинг номенклатура аъзоларини амалларга тайинлашидан хабардор кишилар, ҳақиқатда И. Каримов билан бирга, ўша пайт Ўзбекистон Вазирлар Кенгашининг раиси бўлган Ғайрат Қодировнинг номзоди ҳам, Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитасига биринчи котиби лавозимига қўйилган. Лекин уста коррупционер, пастдагилардан пора олиб, юқорига узатиш ва бунда ўзини ҳам унитмаслик пири – Ислом Каримовдан фарқли, “кечирилиб бўлмас” камчилиги, пора олмаслик ва пора бермаслик бўлган Ғайрат Қодиров, четга сурилганлиги, борасида гапиришган. Маълум бўлишича, Каримов, ушбу юқори даража амални сотиб олишини, Орлов – ўша пайт КПССнинг Марказий Қўмитаси Ташкилий ишлар бўлим бошлиғи, кейинроқ Котиби бўлган, шахс орқали бажарган. Бу маълумот, Гулчеҳа опада, кучли норозилик туйғусини уйғотган эди. У, Каримов – ким эканини, нега Михаил Горбачев била олмаганига тушинмаслигини гапирарди. Шунинг учун бу масала, опани узоқ вақт қийнади. И. Каримовнинг ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш – ГКЧПнинг қўллаши унинг ғайригорбачевчи, ғайридемократ эканлиги моҳиятини ошкор айлади. Уни жуда қўрқитган ходиса, 21 август 1991 йил, Россия Олий Кенгаши, россиялик демократларнинг ҳарбий тўнтаришга уринишни барбот қилгани, тўнтариш бошлиқлари қамалгани бўлди. Бу қўрқув Каримовни, зудликда, виждонсизлик, юзсизлик билан, 31 август 1991 йил, Ўзбекистон мустақиллигининг Иккинчи маротаба, Соҳта мустақиллигини ташкил этиши, аниқроғи ўлкага мажбуран қабул қилдиришида яққол кўринди. Ваҳоланки, Каримовнинг қутириб, ашаддий қаршилик қилишига қарамай, 20 июнь 1990 йил, мамлакат Олий Кенгаши, Мустақиллиги борасида Деклорация қабул қилган ва Ўзбекистонни Мустақиллигини эълон этган.** Гулчеҳра опани, президент Ш. Мирзиёев даврида ҳам Соҳта Мустақиллик санасини байрам қилишни давом этиши, номига мухолифатчилар, «ҳақиқат севар» журналистлар, «эркли» блогерлар ҳам субутсизлик қилиб, соҳта, шармандалик рамзи бўлмиш санани ишлатишлари, ғамга, ўйга ботирарди. У, Ш. Мирзиёев, «Халқлар дўстлиги» номини ва «Шомаҳмудовлар оиласи» ҳайкалини ўз ўрнига қайтариб, на фақат тошкентликларни, балки бутун ўзбекистонликларни, ҳатто биродар қўшни миллатларни ҳам хурсанд қилди, деб хисобларди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Мустақиллигининг ҳақиқий санаси, 20 июнь 1990 йил, ўз ўрнига қайтарилса, бу янгиланаётган, ривожга юз тутаётган Ўзбекистон тараф қўйилган муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу тарихий ҳақиқатни эътироф этиш, сиёсий иродадан бўлак ҳеч нарса талаб этмайди, лекин Ш. Мирзиёев ўзгартиришларига, янги ҳақиқатпарварлик учқунини, самимият дебочасини қўшиши, ҳамда оддий халқ қўллашини ошишига хизмат этишини сўзларди.

Кўрилаётган қайта – қуриш ва ошкоралик авжида бўлган йиллар, матбуот, радио, телевидения Ўзбекистонда мавжуд хотин – қизларнинг долзарб муаммоларини кўплаб ёрита бошлади. Ва «Бирлик» халқ ҳаракати фаолларидан бўлмиш бир гуруҳ хотин – қизлар, Гулчеҳра Нуруллаева ташаббуси, бошчилигида, хотирам янглишмаётган бўлса, 5 январь 1990 йил «Тўмарис» хотин – қизлар маърифий, ҳуқуқ ҳимояловчи ташкилотини тузди. Ташкилотнинг мақсади хотин – қизларга ҳуқуқ ҳимоялаш, маърифий ёрдам кўсатиш эди. Ушбу ташкилот гуруҳлари на фақат Тошкентда, балки қатор вилоят, шаҳар, туманларда фаолият юргиза бошлашди. Бу муҳим ижтимоий қадам бўлиб, ўлкани демократиялаштириш ва унда фуқаролар жамиятини қуриш жараёнларига бевосита хизмат қилди. Гулчеҳра опа, «Тўмарис» жамияти фаолиятининг юрак маркази, мотори эди. Ва хозиргачан бир ходиса ёдимда, апрель 1990 йил, «Бирлик» халқ ҳаракати Марказий Қўмитасининг мажлисида, мен ёзган ҳаракат янги Дастури ва шиори «Демократик ва мустақил Ўзбекистон учун!» борасида гапирдим, маълумотларим қўлланди. Сўнг биз, кўп фаоллар пиёда Қизил майдон тараф юрдик. «Зарафшон» ресторани ва Ўзбекистон ДХҚ (КГБ) бинолари ўртасида, фуқаро кийимида, бир тарафдан икки барзанги ва иккинчи тарафдан ҳам икки барзанги, чурқ демасдан, мени қўлтиғимдан кўтариб, ён тарафда турган автобусга олиб кетишга уринишди. Шу заҳоти, менинг чап тарафимдан «Тўмарис» жамиятининг фаоллари кетаётганини кўриб, «Гулчеҳра опа!» деб бақирдим. Дарҳол, опа билан бирга «Тўмарис» хотин – қизлар жамиятининг анчагина фаоллари, барзангиларни ўраб олишда ва мени озод бўлишимга кўмаклашишди. Мен уларга, бу барзангилар, ҳаракат Дастури бор, менинг попкамни ов қилмоқдалар, дедим, Гулчеҳра опа ва бир неча аёллар мени катта йўлгача кузатиб қўйишди. 26 май 1990 йил «Бирлик» халқ ҳаракатининг қурилтойида, ушбу янги Дастур ва «Демократик ва мустақил Ўзбекистон учун!» шиори қабул қилинди. Бу давр Совет Армияси ҳам чирий бошлади ва ундаги жирканч «дедовщина» касали даҳшатли даражага кучайди. Шу сабаб ўзбек аскарларининг ўлик жасадларининг келиши кўпайди, бундан хабар топганм фаоллар, уларни кутиб олиб ва норозилик билдирар эдик, бу жараёнга кундузми, кечми, вакзалми, аэропортми, хонадонми, Гулчеҳра Нуруллаева бошчилигида «Тўмарис»чиларни фаол иштироки учун, ҳамда вақеа ҳақида тез хабар ёзиб тарқатишгани учун, опага, уларнинг сафдошларига улкан эҳтиром, самимий миннатдорчилик билдиришимиз зарур. Ва улар ҳам, ўзбек йигитларини бошқа республикаларга ҳарбий хизматга юбормаслик, улар ўз ватанларида, Ўзбекистонда хизмат этишларини таъминлашни талабини қўллашарди. Бу хавфли амалиёт бўлиб, миршаблар ва ДХҚ (КГБ) ходимлари иштирокчиларни қаттиқ жазолаши мумкин эди.

Гулчеҳра опа, илгаридан, мутлақо, соҳтачилик, ёлғончилик, икки-юзламачилик, алдамчиликни қабул қила олмас ва амалдорлар, ҳокимият олдида ҳеч бош эгмас, мағрур қалб инсон эди. Ваҳоланки, ўз характерига кўра табиатан камтар, диёнатли зиёлий аёл сифатида намоён бўларди. Ошкоралик, шўролар даврида, кўплаб бегуноҳ инсонлар қирилгани борасидаги илгари ёпиқ маълумотларни очгач, бу қотилликларга норозилик сифатида, опа, ҳукуматнинг “Ҳурмат белгиси” ордени ва Ленин Комсомоли мукофатидан расман, ҳаммага билдириб воз кечди ва уларни ҳукуматга қайтарди. Бу унинг мардонавор, исёнкор қилмиши амалдорларни, ҳукуматни ларзага солди ва ёшлар, зиёлилар, Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги ҳақиқат, адолат изловчи инсонлар орасида мустақил бўлиш руҳини ўсишига самарали туртки бўлди. Опа, на фақат исёнкор мардонаворлик, балки ўта мушкул тортишув, ловуллаб ёниб кетай деб турган, сўз талашишларини тинчитиш, тортишувни ақл расолик доирасига қайтариш қобилиятига эга эди. Хозиргачан ёдимда икки ёки уч маротаба “Бирлик” халқ ҳаракатининг Марказий Қўмитаси мажлисига, ўзбек миллатининг садоқатли ўғлони, ўкир иқтисодчи-амалиётчи, бошида Тошкент шаҳарининг раҳбари, сўнг мамлакат Вазирлар Кенгашининг раиси сифатида, Шукрилло Мирсаидов, келган. Ва унинг ҳар бир ташрифи давомида, демократик мухолифат сардорлари билан баҳси, ўта қизиб кетар ва ловуллаб, олов чиқиш хавфи туғуларди. Шунда тортишувни диққат билан жим эшитаётган Гулчеҳра опа, сўз олар ва “асосий мавзудан нега четланиш, нега қизиш, нега шахсга тегадиган гапларга ўтиш керак? Агар ўзбек миллатининг ҳукумат тарафидаги ва демократик мухолифат тарафидаги сардорлари, арслонлари, бир бирига душманлик қилса, мушлашса ва бир бирини тилка пора қилса, ким бундан манфаатдор бўлади? Шундан сўнг миллат, аёллар, болалар, мамлакат тақдири нима аҳволга тушади? Бизнинг келажагимиз нима бўлади?”деб хитоб айларди. Шундан сўнг баҳсчиларнинг сўзлашуви ақл расолик доирасига қайтар эди. Опанинг – шахс сифатидаги юқори даражали маънавий, руҳий хислатлари, таъсирчан бўлиб, айтилган сўзларига алоҳида аҳамият, вазн баҳшия этгани шак-шубҳасиздир.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг юқори даражали маънавий, руҳий хислатлари ва уларнинг таъсирчанлиги борасида гапириб, ёдимга 1998 йил, Россия, пойтахти Москва, мажбурий сиёсий муҳожиратда яшаб, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш жамиятининг Ижроя директори сифатида ишлаган пайт келди. Кунлардан бири, Озодлик Радиосининг рус хизматидан, АҚШнинг пойтаҳти, Вашингтон шаҳридан Радио раҳбариятидан вакиллар келгани ва улар менинг эшиттиришлар ҳақидаги фикримни билмоқчи эканликлари айтиб, уларнинг идорасига маълим вақт келишимни сўрашди. Айтилган пайт етиб бордим ва у ерда бизнинг дўстларимиз, Туркманистон демократик мухолифати сардори Авди Қулиев, Тоджикистондан бўлмиш илғор журналист Искандар Хатлони ва бошқаларни кўрдим. Учрашувда Озодлик Радиоси (RFE/RL) раҳбарияти вакиллари, радионинг миллий хизматлар фаолиятининг самарадорлиги ҳаққида қизиқишди. Авди Қулиев, Искандар Хатлони ва бошқалар, ўз миллий радио хизматларидаги самарадорлик ва муаммолар борасида мулохазаларини баён қилишди. Ўз навбатида, мен ҳам ўзбек хизмати ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашдим ва ҳамда “бизда Гулчеҳра Нуруллаева исмли бетакрор исёнкор шоира бор, у нафақат ажоиб шеърлар ёзади, балки каримовнинг ўта зулмкор тузуми – тиранияни кескин танқид қилишдан қўрқмайди, баъзи адабиётшунослар, уни “ўзбекларнинг Анна Ахматоваси” дейишади. У шулар билан бирга «Тўмарис» хотин – қизлар маърифий, ҳуқуқ химояловчи ташкилотининг сардори. Шоирани Озодлик фаолиятига жалб этилса жуда яхши иш бўларди”, деб гапирдим. Шундан сўнг, бир – неча кун ўткач Озодлик Радиосида, Гулчеҳра опанинг овози янграй бошлади ва унинг юқори даражали маънавий, руҳий хислатлари ва уларнинг таъсирчанлиги, бетакрор шеърияти, шижаоткорлиги нурларини ёйди ва тингловчиларни хурсанд, мамнун қилди.

Гулчеҳра Нуруллаева, Ислом Каримовнинг даҳшатли жиноятчилик, бузғинчилик рўлини тушунар ва уни золим, зўравон, жаллод, тўймас порахўр, қароқчи эканини очиқларди. Опанинг иддаосига кўра, у “қўрқув салтанати” яратиб, қайта – қуриш ва мустақилликнинг илк йиллари вужудга келган парламентализм, сиёсий ва иқтисодий плюрализм, фуқаролар жамиятини барбод қилди. Унинг ҳамма инжиқликлари хисобга олиниб, хатто импичментсиз, тузилган “Конституция”ни оёқ ости қилди, қонунга риояни, ўзбилармончилик билан алмаштирди, Ижроя, Қонунчилик ва Маҳкама ҳокимият тизимлари ўртасидаги мувозанат ва мустақилликни йўққа чиқарди, ОАВнинг озодлигини, демократик мухолифатни, ҳур фикрлашувчиларни тугатди, бўйсиндирилган, чўнтак парламент, маҳкама, куч ишлатар органлардан фойдаланиб, ҳоҳлаган “қонун” қабул қилинишига, истаган “ҳукм” чиқарилишига, айтган буйруқни “бажарилишига” эришди. Бу борада Гулчеҳра опанинг фарёдлари: «Сиёсий ўйинларни, алдовларни, атайин уюштирилган террорларни кўрдим. Қўлга киритилган мустақиллик фақат амалдорларники бўлганига бутунлай ишонч ҳосил қилдим. Меҳнаткаш, беозор, халол халқим бекорданбекорга террорчига чиқарилганига, унга экстремист номи берилганига, беҳудага қамоқларга ташлангани, қийноқларга солингани, бўйсунмаганлари ўлдирилганига, заҳм, сил, СПИД каби касалликлар маҳбусларга атайин юқтирилганига шоҳидликдан қонқон йиғладим…».*** Каримов, кўп маротаба тинч норозилик амалиётини ўтказаётган фуқароларни ўққа тутишга жинояткор буйруқлар бергани, маълум. Бундай ваҳшийлик 1989 – 1990 йиллар Номанган, Қўқон, Пскент, Баку, Денау шаҳарларида кузатилди. Январь 1992 йил Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида студентларнинг тинч номойиши отилди, шаҳарча эса хужумга учради. Май 2005 йил Андижон шаҳрида, Каримов шахсан, ўзи билан учрашиш митингига чақирилган, жуда кўп болалар, аёллар, қариялар, қуролсиз эркакларни қиришга – геноцидига бошчилик қилди.**** Гулчеҳра опа, Каримовнинг жинояткора сиёсатига доимо норозилик билдириб келар эди ва Андижон қирғинини буткул қоралади, ҳамда шунга қаршилик, норозилик рамзи сифатида расман, сабаблари эълон қилган ҳолда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзолигидан воз кечди. Унинг фикрича, зиёлилар доимо, ҳар қандай оғир, мушкул шароитда яхшилик, муҳаббат, ҳурмат, ҳақиқат, инсонпарварлик, Конституция, қонунлар, инсон ҳуқуқлари, озодликларига риояси тарафдори бўлишлари шарт, адиблар, шоирлар, олимлар, журналистлар, муаллимлар, инженерлар ҳукумат, якка ҳоким – тиран, якка бошқарув – тирания маддоҳига, лаганбардорига, малайига, қулига айланмаслиги зарур. Ва жуда оғир, аччиқ хиссиёт ила уятсизлик, руҳий тубанлик соҳиблари зулмкорлар ва уларнинг малайлари борасида опанинг юрак сўзлари:

«Уят уят бўлмай қолди бу замон,
Ёл
ғон рост ўрнини айлади ишғол.
Покни нопок атаб, яхшини ёмон,
Зулм юрт тўрида ўлтирар хушҳол.

Бомбалар портлайди… Ортида сирлар…
Менинг вужудимда нафрат
қўпади.
Бир пайт, халқникиман, деган шоирлар
Энди зулм пойин сархуш ўпади…»
.*****

Гулчеҳра Нуруллаева, самимий, нозик хис ила, юракдан оддий халқни – ўзбеклар, ўзбекистонликлар, туркистонликларни севарди, уларнинг дардларини, машаққатларини, муаммоларини ўзиники деб билар ва шунинг учун бутун руҳи ила ёзгани: «Онажон халқим, мен кўз ёшлари тўкиб, зора сенга озгина бўлсада, таскин бўла билсам, зилдай ғам юкларингни енгиллата олсам… Ягона муродим сенинг кўзларингда яшаш, яратиш завқини кўриш. Ниятим сен йиғламасанг бас!».****** Гулчеҳра опа – улкан исёнкор шоир, чарчамас инсонпарвар, инсондаги ҳақиқий инсонийликни, ҳурриятни, ҳуқуқни, гўзалликни, тенгликни, ўзаро ёрдамни, раҳимдилликни, диёнатни тарғиб айлади, ҳокимият оёқ ости қилган ҳуқуқсизларни, камбағалларни, ўзгача фикрлавчиларни, қашшоқларни ҳимоя қилди ва қўрқмасдан ҳокимият учун аччиқ, ёқмас ҳақиқатларни баралла гапирди, ёзди. Гулчеҳра опанинг оддий ҳалқ, атрофдаги жонивор, табиат, ҳақиқат, озодликка бўлган исёнкор муҳаббат шеърияти, аллақачон тушунарли ҳолда, ҳам ўзбек замонавий жонли, ҳам тарихий адабиётидан юқори моликка эга жойлар эгаллаган. Шунинг учун унинг шеърлари, фикрлари, чақириқлари биз билан бирга Ўзбекистонда, Туркистонда, Дунёда бўлган, бор ва кейин ҳам бўлиб қолади.

27 январь 2021 йил (АҚШ)

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"2" Comments
  1. “Dune’Uzbeklari,Ismat Xushevga katta raxmat ustoz olim Abdufattox Mannopovning byuk shoiramiz haqidagi maqolalarini ikki tilda chop etgani uchun. Lekin I. Xoshevni maida, laganbardor, dushmanimiz deb Turkiyadagi “Erk”chilarga ochiq gapiruvchini iltimosi bilan u xaqda Moskvada u’tkazilgan anjuman rasmini qu’ish xato. Chunki Saloe Madaminov buerig’i bilan Shuxrat Bobojon “Ozodlik” orqali, I. Xoshevga tuxmat qilib, uni agent “08” deb aetgan. Xaligachan bu ku’pchilikka ma’lum. I.Xushev Soloeni ablaxligini bilmediganga u’xshaedi. Ming Afsus!

  2. Abdumannob akamizdan juda hursandmiz . Turkistonimizning fahri bolgan Tomarischi opamizni bizlarga eslatgani uchun . Gulchehra opamiz 80 – 90 yillarda chikkan ayollarimizning eng ibratlisi edilar . Vatanidagi bolayotgan ozgarishlar va haksizliklarga befark karab turolmagan halkimiz ayollarining porlok ulduzi edilar . Alloh taolo egam rahmatiga olsin – bu mutatama opamizni . Fazliddin Yokub amerikadan .

Leave a Reply to Fazliddin Yokub
*