Menu
Categories
Таниқли ўзбек ёзувчиси Саъдулла Сиёев 82 ёшида вафот этди…
02/21/2021 Адабиёт
ХОТИРАСИ ҚАЛБИМИЗДА ЯШАЙДИ
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Саъдулла Сиёев 82 ёшида оламдан ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.
Саъдулла Сиёев 1939 йил 25 мартда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Тошкент давлат университетида ўқиди (1957-1962). Дастлаб “Ёшлик” радиосида, кейинчалик “Муштум” журналида ишлади, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига раҳбарлик қилди.
Саъдулла Сиёев дастлабки шеър ва ҳикоялари билан ўтган асрнинг эллигинчи йиллари иккинчи ярмидан кўрина бошлади.
1970 йилда “Қасам ичмаган йигит” номли биринчи ҳикоялар тўплами чоп этилди.
Шундан сўнг “Садағанг кетай” (1972), “Тўйлар муборак” (1975), “Ой бориб, омон келинг” (1976), “Оғир вазнли жанжалкаш”, “Эркаклар учун эртаклар”, “Ёруғлик” (1986), “Аваз” (1987), “Бепарво бўлмоқчиман” (1990) каби роман, қисса, ҳикоялар китоблари босилиб чиқди.
Мустақиллик йилларида Саъдулла Сиёев янада самарали ижод қилиб, “Яссавийнинг сўнгги сафари” (1993), “Ҳақиқат йўли” (1997) номли икки китобдан иборат тарихий роман, яна “Менинг хўроз қувганим” (ҳикоялар, ҳажвиялар, бадиалар, 2007), “Ёлғончининг рост сўзи” (ҳикоялар, хотиралар, 2010) каби китоблар яратди. Л.Толстой, М.Зошченко, Л.Ленч, А.Арканов, Г.Горин каби рус ёзувчиларининг ҳикояларини она тилимизга ўгирди.
Ўзининг ҳам бир қатор асарлари рус, қозоқ, қирғиз, тожик, турк ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинди.
Саъдулла Сиёев Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
May be an image of 1 person
Жойлари жаннатда бўлсин ! Яхши одам эди Саъдулла ака.
Leave a Reply
*