Menu
Categories
Илмира Рахматуллаева: Таниқли кино ва телевидения оператори
02/21/2021 Бош мақола
Таниқли кино ва телевидение оператори, самимий ва чин инсон Музаффар Юсупов билан “Ёшлар” телеканалида узоқ йиллар “Оила тилсими”, “Умр дафтари” сингари кўрсатувларни бирга тайёрлаганмиз.
Ўшанда у ТВга эндигина келганди.

Ҳужжатли кўрсатувларни тайёрлашга кетадиган қанча меҳнат бўлса, ҳаммасини беминнат, чин кўнгилдан бажарган, сценарийси ҳали олдиндан ноаниқ бўлган кўп қисмли фильмларда материал тўплаш учун қанча керак бўлса, суратга чиқишдан ўзини тортмас, бирон марта “Опа, бўлди энди, ҳамма бир марта чиқиб ҳам кўрсатув қиляпти, бунча овора бўласиз” деган гапни айтмаган. Балки ҳамиша янги ғоя берган. Янги ракурслар топган. Ҳақиқий маънодаги ажойиб тасвирчи эканлигини кўрсатган.

Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тўлепберген Қайипбергенов, Ўткир Ҳошимов, Азизхон Қаюмов, Суюма Ғаниева, Фозила Сулаймонова, Рамз Бобожон, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафуддинов сингари йирик шахслар билан, улар иштирокида бирга тайёрлаган кўплаб кўрсатувларимиз бугун Ўзбекистон телевидениеси архивининг “Олтин хазинаси”га қабул қилинди.

Кейин, бизнинг ижодий йўлларимиз турли томонларга қараб кетди.

Орадан 10 йилча вақт ўтиб, “Маданият ва маърифат” телеканалида учрашганимизда, бу пайтга келиб у мамлакатимиз кино, телевидение санъатининг етакчи тасвирчиларидан бирига айланганди. Иши ниҳоятда кўплиги, иш графигининг ниҳоятда тиғизлигига қарамай, “Мактуб” кўрсатувининг суратга олиш ишларига чақирганимда, вақт топган ва “йўқ” демай келган.

Мен унинг ижодий ишларини кўрганимда, у ҳақда илиқ фикрларни эшитганимда, буларни ўзимникидай қувонч билан қабул қиламан ва ҳар гал бу юраги тоза, меҳнаткаш инсоннинг йўллари ҳамиша очиқ ва саодатли бўлишини тилайман.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*