Menu
Categories
Алишер Айматли: Қурбон Эшматов (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
02/23/2021 Бош мақола

Қурбон Эшматов

У мендан бир-икки ёш кичик эди, лекин садоқатли жўраларининг доираси анча катта эди.
Қурбон Эшматов деган зот бу дунёда бир яшаб ўтди. Иккинчи бор келмайди. Яна Худо билади.
Қайси бир шоирнинг “Ўхшаса ўзига ўхшайди ўзбек”, деган мисраси бор эди. Эшматов ҳам фақат ўзига ўхшарди. Унинг қилиқларини ҳеч ким ўхшатолмайди.
У ишхонага гуриллаб келарди. Гуриллаб кетарди!
Унинг ниятлари фақат ўзигагина аён эди, у ўзгалар олдида сўзамоллик қилишни ёқтирмасди.
Унинг бировни хафа қилганини кўрган эмасман. Мабодо шундай ҳол бўлса, уни албатта, ҳакимхонага таклиф қилар, дастурхон устида узрини айтиб, қадаҳни бўшатарди.
У баъзи бировларга ўхшаб, бошқанинг ейиш-ичишини назорат қилмасди. Жуда бўлмай кетган тақдирда, “отам, олинг!” дерди, холос.
У давраларда нимани ўйласа, шуни гапирарди. Каттами-кичикми, буқаламунлик қилишни ёқтирмасди.
Аксинча, кўпчилик ана шу феълини ёқтирарди. Ана шу феъли билан у не бир вазиру уламоларнинг ҳурматини қозонган. Уларнинг-да, “Қурбонжон”ига айланган эди.
Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Аббосхон Усмонов ўзининг ўринбосарларини кабинетига таклиф қилди. Сизлар менинг қанотим, деди у. Сизларга айтган гапларим шу ерда қолиши керак. Мен сизларга айтган гаплар жамоага тарқалишини истамайман. Кеча мен Қурбон Эшматовни ишдан ҳайдашим ҳақида сизларга айтдим, нега бу гап бугун унинг ўзига етиб борибди, деди.
Биз иккаламиз ҳам билмаслигимизни айтдик. У Қурбон Эшматовни чақирди. У бу гапни менга Болиев айтди, деди. Худо ҳаққи, мен буни умуман эслолмадим. Лекин, кейин ўйлаб-ўйлаб, айтганлигим ростлигига иқрор бўлдим.
Чунки бу сирни икки кишидан бошқа ҳеч ким билмас эди, яна худо билади. Жуда ноқулай вазиятда қолдим, рости, бу гапни нега айтганман, эслай олмайман. Менга жуда алам қилди, ўзимга келолмадим. Шартта қоғоз олдиму менга навбатдаги таътилга рухсат беришини ва қайтиб келгач, ўз вазифамдан озод этишларини сўрадим.
Биринчидан, мен ичкарида бир гап, ташқарида бир гап қила олмасдим. Агар бу гапни Қурбон Эшматовга мен айтган бўлсам ҳам, яна худо билади, ёлғон гапирмаганман. Демак, бу гапдан кейин бош муҳаррирнинг стратегиясини очиб қўйганман. Бу унга алам қилган.
Иккинчидан, бу гап рост бўлиб чиқди. Кўп ўтмай Қурбон Эшматов ишдан бўшатилди. Лекин бошқа ҳеч жойга ишга кирмади. Билмадим, қанча ишсиз юрди, балки уч ойдир, балки олти ойдир, бош муҳаррир уни яна ўз ўрнига ишга олишга мажбур бўлди. Аниқроғи, Қурбон Эшматов бош муҳаррирни шундай қилишга мажбур этди.
Учинчидан, шу воқеа бўлиб ўтгандан кейин Қурбон бир куни менинг олдимга кирди, кайфи бор эди. Ака, мен сизни хафа қилдим, деди. Тинчликми, мен сиздан хафа эмасман, дедим. Биламан, хафасиз, деди. Мен сизга айтсам…
Шу вақт хонага кимдир кирди. Қурбон гапдан тўхтади ва индамай хонадан чиқиб кетди.
Шундан кейин Қурбонжонни кўрмадим. Янги бош муҳаррир келгач, Қурбон ишдан кетди, ариза билан мен ишдан бўшадим. Кунлардан бир кун… Қурбоннинг бу дунё билан хайрлашганини эшитдим. Барча сир-синоатларни Қурбон ўзи билан олиб кетди. Дийдор насияга қолди.
Дарвоқе, мен ариза бергач, бош муҳаррир яна чақирди, нима, ишдан бўшамоқчимисиз, деди. Вазифамдан озод этишни сўрадим, ишдан бўшатишни эмас, дедим. Таътилга чиқишимга рухсат берилди. Агар йўқолиб кетмаган бўлса, ўша аризам деломнинг ичида ҳозиргача турган бўлиши керак.
Ҳа, унинг бақувват жўралари бор эди. Эсимда, у энди бизга ўтган пайтлар эди. У Қуйичирчиқ тумани Йўлдош Охунбобоев номли хўжалик идорасида ўзининг қирқ йиллик юбилейини нишонлади. Биз ҳам тўрт-беш киши навбатчиликдан кейин ўша жойга бордик, анча кеч эди. Казо-казоларни учратдик. Жўрақул лўли айтганидай, кирган ҳам маст, чиққан ҳам маст эди. Бироз ўтириб қайтдик.
Қарангки, ўша кунлар кечагидай ёдимда. Қирқ йиллигини нишонлаган қирчиллама йигит бугун орамизда йўқ. Вақтнинг беаёв ўтишини қаранг.
Нима бўлганда ҳам, Қурбон Эшматов, Абдулла Орипов айтганидай, бу дунё устидан қаҳқаҳа уриб кетди. Бу дунёнинг ҳамма нарсаси – мансабу мартабаси, орден ва унвонлари, маошу гонарарлари, қаҳрамонликларию, буқаламунликлари, жозибаю гўзалликлари, рост ва ёлғонлари Қурбонжоннинг “Отам, қани олинг”, деган бир гапига арзимасди.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*