Menu
Categories
Абдулла Орипов шеърияти: МЕНГА ХУШ ХАБАР АЙТ ЁЛҒОН БЎЛСА ҲАМ…
02/24/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Орипов
МЕНГА ХУШ ХАБАР АЙТ
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам…
Дарду машаққатлар ўтгайдир бари,
Ўксима, оёққа тургайсан, деб айт.
Умрингнинг фараҳбахш, тотли онлари
Ҳали олдиндадир, кўргайсан деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам…
Дўстларинг бордир-ку ҳали дунёда,
Сени кулфатларда қолдирмас деб айт.
Ёвузлик бўлса ҳам ҳаддин зиёда
Сени чангалига олдирмас, деб айт.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам…
Олис муҳаббатинг сўлмаган ҳамон,
То ҳануз унутмай юрибди дегил.
Сарғайган дафтарин варақлаб пинҳон,
У сени тушида кўрибди дегил.
Менга хуш хабар айт, ёлғон бўлса ҳам…
2008
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*