Menu
Categories
Бош муҳаррир И.Хушевга: ДХХ Самарқанд Бошқармасидан шикоят
03/09/2021 Бош мақола

Мен Самарқанд тумани Қуйи Чордара маҳалласида истиқомат қилувчи Баратов Ихтиёр Бурхоновичнинг акаси Баратов Бахтиёр Бурхонович бўламан, укам Баратов Ихтиёр Самарқанд тумани Юқори Чордара маҳалласида жойлашган иссиқхонани ишлатиб келади. Иссиқхонада помидор етиштириб келади. Укам И.Баратовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (таббий газни ўғрилаш) ва 137-моддаси 2-қисми (одам ўғрилаш) билан 2021 йил 04 январ кунида айб эълон қилиниб қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ДХХнинг қамоқхонасида сақланмоқда. Мана бир ярим ойдан зиёдроқ укам қонунга хилоф равишда ДХХ ходимлари томонидан уларнинг қамоқхонасида сақланиб, гўёки табиий газни ўғирлаган экан.

Аслида, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида маҳаллада текширув бўлганида Рустамов Баходир, Маматқулов Сунатилло, Вохидов Дилшод, Азизов Жонибек ва укам ишлатаётган иссиқхоналар текширилган эди. Текширишда Самарқанд шаҳрига борувчи табиий газ қувуридан Самарқанд тумани Юқори Чордара маҳалласида жойлашган Рустамов Баходирга тегишли бўлган иссиқхонага газ қувури уланганлиги аниқланган, қолган иссиқхоналарда газ қувури уланиб, табиий газдан фойдаланган ҳолати аниқланмаган эди, шунга қарамасдан текширув гуруҳи аъзолари ДХХ, МИБ, ИИБ, Ҳудудгаз ва бошқалар Дилшод, Жонибек ва укам табиий газдан фойдаланмаган бўлса ҳам уларга нисбатан табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги тўғрисида далолатнома тузишган, лекин улар далолатномага имзо қўймаган, укамга нисбатан далолатнома тузаётган пайтда у киши текширув гуруҳи аъзолари, ДХХ, МИБ, ИИБ, Ҳудудгаз ва бошқа ходимларнинг ҳаракатларини қўл телефонига видео тасвирга туширган, шу пайтда текширув гуруҳи аъзолари, ДХХ, МИБ, ИИБ, Ҳудудгаз ва бошқа ходимлар иссиқхонадан ташқарига тезда қочиб чиқиб кетган, иссиқхонада фақат текширув гуруҳи аъзоси бўлган Султонов Вохид қолган, укам Ихтиёр ундан “нима сабабдан қонунга хилоф равишда далолатнома расмийлаштираяпсиз, мени табиий газдан ноқонуний фойдаланаётганимни ушладингизми” – деб сўраса В.Султонов “менга нима дейсиз, сизни кўмирдан фойдаланаётганингизни кўрдим, иссиқхонангиздан табиий газ қувури ўтиб кетганлигини, лекин кесилганлигини гувоҳи бўлдим, аммо мен бу ерда энг кичкина одамман, боринг ташқарида турган катталарга айтинг, мен бу ерда ҳеч ким эмасман, буни катталар ҳал қилишади” – деб укам Ихтиёрни қўлидан телефон аппаратини олишга уринган, лекин укам Ихтиёр телефонни бермаганлиги сабабли далолатномани тузган, укам далолатномага имзо қўймаган, ушбу ҳолатда МИБ ходими ноқонуний далолатномани ташқарида турган ДХХнинг тазъйиқи остида тузаётганлиги яққол кўриниб турибди, бу дегани ДХХ ходимларининг тазъйиқи дастлабки текширувдан бошланган, текширув бошидан ДХХ ходимлари текширувни тўлиқ назоратига олиб, МИБ ва бошқа ходимларга тазъйиқ ўтказиб, укам Ихтиёр иссиқхонада табиий газдан фойдаланмаган бўлса ҳам унга нисбатан қоидабузарлик далолатномаси тузишган, бу ҳолат бошқаларга нисбатан ҳам содир қилинган, бундан кўринадики 2019 йилда укамнинг иссиқхонасида ўтказилган текширув ДХХ бошчилигида ўтказилиб, мана ҳозирги кунга қадар улар бошчилигида укам Ихтиёр ноҳақ айбланиб, қамоқда ўтирибди, ДХХни бошидан тазъйиқ ўтказилганлигини исботи укам олинган видеолавҳада ўз аксини топган. Укам Ихтиёр билан ва ҳимоячимиз тергов пайтида қанчалик ариза билан мурожаат қилиб, видеолавҳани тақдим қилиб, табиий газ ўғирламаганини билдирсада тергов томонидан ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмади, охир оқибат укамни мажбурлаб қамаб қўйишди. Укам Ихтиёрни табиий газдан фойдаланмаганлиги дастлабки текширув жараёнида туширилган видеолавҳаларда ҳам кўриш мумкин, у ерда иссиқхонадаги кўмир ишлатилганлигидан, сув иситиш печи ҳам кўмирда ишлашлигидан, текширув пайтида иссиқхона эшиги олдида турган кўмир хокасидан ҳам кўриш мумкин. Нахотки, укамни табиий газ ўғирланмаганлигини исботловчи шунча далиллар бўлса, нега уни айблаб қамаб қўйишади, қани ҳақиқат бу ерда, қани муҳтарам президентимизнинг тергов ва суд идораларида билдирган ишончи.

Укам Ихтиёрнинг иссиқхонасида ишлаган ишчилар ҳам текширув бўлган пайтда иссиқхонада табиий газдан фойдаланмаганлигини билдирган, лекин ДХХ ва ИИБ ходимлари иссиқхонада ишлаган ишчилардан бирини, яъни Парманов Олим Артикгалиевични ўзи билан олиб юрди, иккинчисини эса яъни Эшпулатов Мухаммадни укам Ихтиёрга қўшиб ноҳақ қамаб, ертўлада тазъйиқлар ўтказиб, укамга нисбатан нотўғри кўрсатмалар олиб, гўёки укам Ихтиёр Сирдарёда яшовчи ишчиси Парманов Олимни куёвимиз Сафаров Жахонгир билан бирга ўғирлаб олиб келиб, уни қамаб қўйишган экан, агарда улар ишчини яъни Парамнов Олимни ўғирлаб келган бўлса, у кўчада юрармиди, қани бу ерда ҳақиқат, энди бир ишчини битта гапи билан учта одамни қамаш керакми, укам, ишчиси Эшпулатов Мухаммад ёки куёвим Сафаров Жахонгир нима жиноят қилишибди, улар давлатга ёки халққа хиёнат қилдими, одам ўлдирдими ёки Сурияда жанг қилиб келдими, қани адолат бу ерда, нима учун уларни ҳанузгача ДХХнинг қамоқхонасида ушлаб туриш керак, ёки ДХХ ўзини олдинги ноқонуний ишларини яна бошлаб юбордими, қатағон даврига яна қайтдикми, давлат хавфсизлик хизмати ходимларига хохлаган фуқарога нисбатан айб қўйиб қамоққа олдириб, ертўласида ушлаб туриш ҳуқуқи берилганми, ёки уларга муҳтарам президентимизнинг халқимиз учун олиб бораётган сиёсатлари бир тийинми, президентимизнинг собиқ МХХнинг қўлидан руҳий ва жисмоний тазъйиқлар остидан ноҳақ айбланганлар бўйича кўрилган чоралари унутилдими, қачонгача бу тазъйиқлардан қўрқиб яшаймиз. Мен аниқ биламанки ҳозир укам Баратов Ихтиёрга, ишчиси Эшпулатов Мухаммадга ва куёвимиз Сафаров Жахонгирга руҳий ҳамда жисмоний тазъйиқлар ўтказишмоқда, уларга жароҳатлар етказилган, уларга кечаси билан уйқу бермасдан азоб бериб келинмоқда, балким эртага менга ёки бошқа фуқароларимизни бошига ҳам ушбу ҳолатлар тушиши мумкин эканда, қани инсон ҳуқуқлари кафолатлари.

Бугунги кунда укам Ихтиёрни иссиқхонасида ишлаган ишчиси Парманов Олим жабрланувчи деб тергов органи томонидан эътироф этилган. Аслида эса у муқаддам кўп миқдорда гиёхвандлик воситаларини сотиш жиноятини содир қилган ва наркологияда гиёхвандлик хасталиги билан рўйхатда турадиган шахс экан.

Укамни тергов давомида ҳимоя қилган адвокатлар Саидкулов Уктам ва Жураев Акрамлар бўлади. Адвокат Саидкулов Уктамни одам ўғрилаш жиноятига укам Ихтиёрга шерик қилиб ўтказишмоқда. Бу ноқонуний тазйиқларни кўриб адвокат Саидкулов Уктам Ўзбекистондан оиласи билан бирга қочиб кетган. Иккинчи адвокат Жураев Акрамни эса адвокатлик фаолиятига аралашиб, ноқонуний текширувлар ўтказиб, адвокатлик палатасига хизмат текшируви тайинлаб устидан маъмурий иш қўзғатиб адвокатлик лицензиясини тўхтатишга эришишган.

Мени, ака ва укаларимни, адвокатларимизни, куёвимиз Сафаров Жахонгирни ва уни оила аъзоларини орқасидан кузатув қўйилган, барчамизни телефонларимиз ДХХ томонидан эшитишга (прослушкага) қўйилган. Бундай ноқонуний ҳаракатлардан ҳаммамиз қўрқиб қолганмиз. Ҳеч бир давлат идораси бизни эшитишни хохламайди.

Мен укам Баратов Ихтиёрни айби йўқлигини баён қилиб такрор ва такрор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Давлат Хавфсизлик хизматига, Самарқанд вилоят прокуратурасига аризалар билан мурожаат қилдим, аммо, минг афсуски мени аризаларим ва уларда кўрсатилган важлар умуман текширилмаяпти, тергов ҳаракатлари бир томонлама, фақат ва фақат укамни айблашга қаратилиб олиб борилмоқда.

Шу сабабли мен Сизга мухтарам Исмат Махмудович мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман, бизлар бундай қўрқиб яшашдан чарчадик, адолатни қарор топишига менга, укам Ихтиёрни оиласига, уч нафар фарзандига ёрдам беришингизни илтимос қилиб сўрайман.

Баратов Бахтиёр Бурхонович

Самарқанд

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*