Menu
Categories
Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи, Ёмғирли кун каби эзилди дардим – Абдулла Орипов
03/22/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Бугун Торонтода тинмади ёмғир…

Дождь смывает, грусть, тоску и ложь...

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,
Ёмғирли кун каби
эзилди дардим.
Яйдоқ кўчаларда
жим юрган куйи,
Сенинг изларингни
ахтардим…
Уфқларда эса аччиқ
бир туман,
Менинг кўзларимга
қўярди заҳар.
Увишган қалбимни
сокинлик билан,
Эзар эди бўм бўш
бу шаҳар…
Энди сен тутмассан
қўлимдан асло,
Ўтган севгим учун
очмассан аза.
Оҳ, қандай ўлим бу,
севги ўлими –
Унга на қабр бор
ва на жаноза…

***
Ёмғирли кун эди,
Атроф жим, сокин,
Маъюс кўзларингга боқардим сармаст.
Секин шивирладинг: — Боқмагил, йигит,
Севгинг менга янгилик эмас…

Ёмғир ҳам тинмади ўша куни ҳеч,
У ҳам қуволмади кўздан хобимни.
Совуқ, рутубатли хонамга шу кеч
Олиб қайтдим изтиробимни.

Тунда ҳам жимгина ёш тўкди осмон,
У менинг ҳолимга йиғлар эди, бас!
Бас, дўстим, мени деб чекмагил фиғон,
Сенинг кўз ёшинг ҳам янгилик эмас.

1966

✍ Абдулла Орипов

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*