Menu
Categories
Абдулла Орипов: Қаршимда ер шарин сурати турар Салмоғи Қуванинг анорича бор
03/26/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Орипов
ОНА САЙЕРА
Қаршимда ер шарин сурати турар
Салмоғи Қуванинг анорича бор.
Тим қора осмонда порлаб кўринар,
Шу жажжи сайёра кўркам, улуғвор.
Унга боқаману ушлайман ёқа,
Наҳот шу кўрганим рост бўлса, наҳот?
Наҳотки еримиз шу кичик соққа ?
Наҳотки биз шунга жо бўлсак, ҳайҳот!..
Уммонлар кўринар қатра ёш мисол,
Чигит увоғича келмас тоғлар ҳам.
Қитъалар, денгизлар афтода бир ҳол,
Бари бир нуқтага бўлиб олмиш жам.
Набилар, расуллар, доҳийлар унда,
Қабрлар, қасрлар тургандир қатор.
Балки хув кўринган мовий тўлқинда
Сув ичган гўдакнинг нааси ҳам бор.
Қулоққа чалинар отлар дупури,
Сор бургут ўзини ўлжага урар.
Шарқда чўпон ёққан гулханнинг нури
Шимол сайҳига кўриниб турар.
Ана, Ҳимолойнинг бағрида бир қиз,
Елкада кўзаси – борар булоққа.
Соҳилда учрашди икки қалб ёлғиз,
Шивир-шивирлари келар қулоққа.
О, она сайёра, курраи қутлуғ,
Самодан сувратинг илк бора кўрдим,
Ҳавойи бир хаёл сеҳри эмас, йўқ,
Фарзанд меҳри билан мен боқиб турдим.
Кун кеча эмасми, хислатинг санаб,
Шеър ёзиб юрардим сенга парвона.
Бу кун сувратингга сўзсиз босдим лаб,
Шу сенми, ёлғизим, шу сенми, она…
Фалакда бир ўзинг турибсан ҳайрон,
Наҳот сен бўлмасанг бунчалар танҳо,
Синнангга ёпишган фарзандинг – инсон
Бева бағридаги етимдай гўё…
Қайга кетмоқдасан бунчалар шошиб?
Ором истайсанми кўкда овора?
Балки фарзандингни кўксингга босиб
Йиғлаб кетмоқдасан, она сайёра…
Фарзандларинг бордир сонсиз-саноқсиз.
Во ажаб, қадрингни гоҳида билмас.
Улар-ку қошингда чангдай салмоқсиз,
Лекин бағрингга ҳам сиққиси келмас .
Осмон торлик қилган гала чумчуқдек
Макон талашади гоҳо бетартиб.
Сен-чи, меҳварингда айланасан тек,
Яхшию ёмонни елкангда ортиб.
Сенинг юрагингда лахта-лахта қон,
Сийнанг нималардан бўлмаган пора.
Қайғу-ҳасратларинг барчаси аён,
О, бунча дардкашсан, она сайёра.
Сен ҳозир суратсан кўзим ўнгида,
Эшита билмассан сўзимни балким.
Бир зумлик безовта ўйлар сўнгида
Яна рухсорингга тикиламан жим.
Бир ёнда ложувард Баҳри Муҳит бор,
Бир ёнда заъфарон Саҳрои Кабир.
Бир ёнда оқ сочли тоғлар пурвиқор
Сенинг толеингга ўқийди такбир.
Эллар тўзғиб ётар гул япроғидек,
Бир ён шоҳу гадо, бир ён дўст, ғаним.
Бир ёнда хаёлий Эрам боғидек
Буюк ва бетимсол менинг Ватаним.
У менинг кўзимда ҳилолдай маҳваш,
Офтоб келар фақат унинг қошига.
О, она сайёра , бағрингни поклаш
Менинг ватанимнинг тушган бошига.
Унинг қучоғида ғамдан йўқ нишон,
У ерда тентимас иблис хаёли .
У ерда дўстликни улуғлаб инсон,
Такаллум қилади қумри мисоли.
Йиллар ўтар, балки ўтар кўп замон,
Ер юзи чулғанар бахтга, чаманга.
Агар дардларингга бўлолса дармон,
Руҳим фидо бўлсин шундай ватанга.
Мен ҳам бир ўғлингман, она сайёра,
Бағринг мен учун ҳам хоки пок бўлсин.
Толеинг тоабад бўлмасин қора,
Манглайинг оқ бўлсин, ярқироқ бўлсин.
1969
May be an image of 3 people
 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*