Menu
Categories
Дадахон Ёқубов ҳикояси: Бугун тунда дўстим йўқлади
03/28/2021 Бош мақола

БУГУН ТУНДА ДЎСТИМ ЙЎҚЛАДИ…

Тун яримдан оғиб қолган паллада, аниқроғи, бемаҳалда кўча дарвозаси томондан қўнғироқ жаранглади.
Ферузахон, болаларнинг онаси ҳавотирга тушди. Тун бўлишига қарамай, тўтиқуш овоз чиқарди: ”Ким у, звонок!”. Аста дарвоза ёнига бориб, мен ҳам тўтиқушнинг сўзларини қайтардим: “Ким?” “Мен, мен Эркинман!”.
Авалига бу товуш кимники эканини таний олмадим, кейин фахимладим. Бу ёшликдаги дўстим, саксончи йилларда бирга телевидениеда ишлаган ҳамкасбим, қадрдоним Эркин Аброров экан. Бемаҳал бўлсада уни уйга таклиф қилдим.
Кутилмаган меҳмонимнинг кўзи тўтиқушга тушгач, ҳазиллашди: “Мультипанорама”даги Кеша шу ерда эканку! Мен ҳам, у ҳам аллақачон пенсияга чиқиб кетганмиз.
Камина 10 йиллик узлатдан кейин уни бундан икки йиллар муқаддам кўчада учратиб қолган эдим. Ўшанда уни меҳмонга таклиф қилиб, анча суҳбатлашганман. Эркин ошнам кўз очиб кўрган завчаси Кларахон билан ажрашиб кетгани, яккаю ягона қизи Гулчеҳра билан аразлашиб қолгани ҳақида гапириб, уни яқинда олган уч хоналик уйи меросхўрлигидан маҳрум қилиши мумкинлигини айтди ҳамда у билан ёш хотин яшаётгани, исми Феруза экани, уч нафар фарзанди борлиги, уларга меҳр-оқибат кўрсатиб, янги уйига яшаш учун таклиф қилганини гапирди. Шу заҳоти дилимни шубҳа ўртади.
Чунки Эркиннинг собиқ хотини Кларахонни ва қизчасини ҳам танир эдим. “Сузик ота” маҳалласида эски ҳовли бўлиб, дўстим бу масканда сал кам ярим асрдан буён янги уй олиш орзусида яшаганини билар эдим. Бир сафар пул билан, бир сафар қурилиш материаллари билан иккита пастқам хонасини таъмирлашга ҳам кўмаклашганим ёдимда. Ўзбекистон телевидениесида бир умр ишлаган, хокисор, самимий инсоннинг пенсияга чиққанида ёлғиз қолиб, қийналганини ҳам тушуниш мумкин. Уни аввал койиб бердим, кейин огоҳлантирдим.
Алданиб қолиши мумкнлигини айтдим. Бундай мисоллар кўп эканини тушунтирдим. Аммо Эркинжон жавоб қайтармай, мендан қочиб кетган эди, ўшанда. Бу сафарги тунгги ташрифдан унинг хароб бўлгани кўриниб турар эди. Аммо шу икки йил ичида уч хонали уйини иккинчи ёш хотини, фарқлари 30 ёш экан, Ферузага совға қилиб юборганини тушунмай бошим қотиб қолди. Унинг устига Ферузанинг қарзини тўлаш ниятида уйни икки хоналик уйга алмаштириб олишгани, Эркиннинг номида бошпана қолмаганини эшитиб, кўчага ҳар хил туҳматлар билан ҳайдаб юборганини эшитиб, ғазабланиб, фирибгарларга учраб қолганини тасаввур этдим.
Дўстимнинг ҳасратларини эшитиб, ваҳимага тушиб кетдим. У ҳаётдан тўйиб кетгани ҳақида гапирганида, фирибгар хотинга нисбатан “Манжалақи” деган сўзни ҳам ишлатиб юбордим. Шу захоти, ёш хотинга телефон қилдим. Аёл эса Эркинга бўлмаган гаплар билан туҳмат ёғдирди. Нима бўлганда ҳам унинг уйини тортиб олиб, кўчага ҳайдаб юборибсанку, дедим. У жавоб бермай, телефонни ўчириб қўйди. Эркиннинг гапига қараганда, бу аёл болалар уйидан чиққан, ёш туғиб қўйган, ёнидаги болаларнинг ҳужжатлари йўқ. Бу фирибгар аёл бобоси тенгги одам билан аввал рўйхатдан эр-хотин бўлиб ўтиб олган экан. Кейин уйини ўз номига расмийлаштирган. Дўстимнинг қизи Гулчеҳрахон ҳам бировларнинг уйига қисинди бўлиб қолаверган. Ота уйи тортиб олинган.
Чилонзор туманидаги “Кўҳна Чўпон ота” маҳалласи раисига телефон қилиб, аҳволни тушунтирдим. Унинг уй жойини сақлаб қолиши кераклигини, пенсиясини тўрт йилдан буён хотини олиб келаётганини, ўзи оч нағор бўлиб юрганини айтдим. Маҳалла раисидан шу жабрдийда инсонга ёрдам беришларини, хуқуқларини тиклашга кўмаклашишини илтимос қилдим ва видетасвирга сўзларини ёзиб олдим. Буюк шоир Абдулла Ориповнинг “Най” деб номланган шеърини ўқиб, унсиз бўзлар эди, дўстим. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Олисга бормайман, ўзимнинг таниш билиш қариндошларим орасидаги воқеаларнинг ўзи етарли. Бир яқин қариндошларим чорак асрдан бери уй талашиб, ҳужжатларини ҳали расмийлаштира олмаяптилар. Аммо фирибгарлар бу ишни қисқа муддатда уддасидан чиқадилар. Аброр Абдураззоқовнинг ота-онаси вафот этганидан сўнг, уйига фирибгар аёл кириб келиб, бир йилда кўчада қолдирди. Ҳозир уни касалхонада даволаяпмиз. Марказ даҳасида яшар эди. Катта тасвирчи Умид Азимов умрининг сўнгги кунларини қариялар уйида ўтказган. Халқимизда “Қўша қаринглар!” иборасида қанчалар катта хикмат бор. Энди ҳаёт ҳаёт эканда, тақдирда борини кўрар экан, одам боласи.
Фирибгарлик ва худбинлик Чингиз Айтматовнинг “Асрга тотигулик тун…” асаридаги “Жуаньжуван” деган босқинчи қабилалардан ҳам минг марта ваҳшийроқ, аблаҳроқ, улар томонидан хотираси йўқ қилинган манқурт эса ўз онасини, Найман онани камон билан отиб ўлдирган. Манқурт эса худбин ва фирибгарлар жодусида қарзга ботган кимсадан кўра, пашшадек беозордир. Фирибгарликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганларнинг кўпчилиги худбин ва ашаддий фирибгарларнинг луқмасидир. Худди қармоққа илинган балиқ мисоли алданган одамлардир. Манқурт хотирасини унутган, насл-насабини танимаса ҳам бошига мия қамраб қўйилган халтага, унга биров тегса, жони оғришини яхши сезар эди. Унда тирик жонзодга берилган сезги сақланиб қолган, аммо қарздор бўлиб қолган, алданиб қолган одам эса, ўзини йўқ қилиш даражасигача етаркан, ўзини ҳам аямайди. Бундай одам тириклайин ўлик ҳолга келиб қолади.
Худбин фирибгарларнинг ўзлари эса шайтоннинг измида бўладилар. Улар “Жуаньжуан”лар каби биргалашиб, гала-гала бўлиб, ўлжа овлайдилар. Уларга на донолар сўзи, на қонунлар, на бирорта ер юзида бас келадиган нарсанинг ўзи йўқ. “Жуаньжуан”лар замонлар ўтиши билан йўқ бўлиб кетди. Лекин худбин фирибгарлар на замонни, на чегараларни, на миллат, на дину диёнатни биладилар. Улар шайтонга илакишиб, дўзаҳга кирадилар. Уларга Аллоҳ бас келмаса, инсон зоти ҳеч қачон бас келолмайди. Катта амалдор бўлиб ишлайдиганўша Рихсихоним исмли аёл, меннинг ишларига ёрдам бераман, деб, не кунларни бошимга солди. Мендан фойдаланиб, одамларнинг менга бўлган чексиз ишончидан фойдаланиб, мени манқуртдан баттарроқ балога йўлиқтирди. Ўзи эса, ялло қилиб, давлатма- давлат, шаҳарма-шахар юрибди. Эҳ, одамлар, нима қилиб қўйдинглар. Мен ҳам, Эркин ҳам тиллодан эмасмиз, албатта. Билиб туриб, чоҳга тушиб кетдик.. Бу нима кўргилик?! Ҳеч қачон, ҳеч кимнинг хаққига хиёнат қилмаган одам, бу балога қандай йўлиқди. Аллоҳ, ўзинг асра, ўзим ва алданган одамлар учун ҳам тавба қилай…
Кечир парвардигорим. Болаларим онаси Ферузабону оқила бўлмаганида, Армен Жигархарян, Аликсей Баталовларнинг бошига тушган ишлар ҳолва бўлиб қолар эди. Кунлардан бирида Ферузабонунинг Одилхўжа бобоси вафот этди. Уй-жойлар “катта ойи”си, яъни ўгай бувисига қолди.Ҳатто болалар уйидан асраб олинган Мехри исмли қизга қолмади. Уни ижарага чиқариб, катта ойининг укаси Неъматилла ака ўғлини шу ҳовлида уйлантирди. Бир йилдан сўнг қаровсиз қолган катта ойи, Санобархон опа ҳам вафот этдилар. Бу уйларнинг меросхурлари бўлган уч қиз азоб- уқубатларда яшадилар. Бир қиз ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди. Кенжа қиз эса саксонга кирган бўлса ҳам Душенбе ва Тошкент орасида ҳануз сарсон. Ота уйида эса бегоналар яшашади. Улар киритишмайди ҳам. Одилхўжа бобо ҳам Карима опа ҳам Учтепа туманидаги “Оқ мачит” маҳалласида яшаб ўтганлар. Карима опа вафот этганида унинг битаю битта ўғли Ёдгор Раҳимжонов қўшнисиникида маст ҳолда ухлаб ётарди. Бир куни эрталаб хабар олгани борсам, Карима опа ўлиб ётибди. Бир неча кун олдин йиқилиб, оёғи синган экан. Шифокорга олиб борадиган кимса топилмабди. Ўғли эса, хатто мастликдан ўзига келмай қўшнисиникидан ўз уйига чиқа олгани ҳам йўқ. Унинг онасини қариндош уруғлар бир бўлиб, сўнгги манзилга қўйиб келдик. Ёдгорга келин топганларида камина, артистларни олиб келиб ,унинг тўйини ўтказиб берган эдим.
Бир йилдан сўнг, Келин кетиб қолгач, қўшни кампир, вақтинчалик келиним билан ўғлим шу уйда яшаб туришса, Ёдгорга ҳам қарашар эди, деб илтимос қилган эди”. Мен руҳсат берган эдим. Ёдгорнинг жасадини ўз ҳовлиси ёнидаги ариқдан топишибди.У ичкиликдан йиқилиб ўлган эмиш. Экспертизасиз дафн қилиб юборишибди. Айтишларича, гўё Ёдгор ҳовлини уларга сотган эмиш, ахир икки ой ичида бутун бир ҳовлининг пулини ичиб юбормайдику. Маҳалланинг ўша пайтдаги раиси тутқич бермади.Прокуратурага мурожаат қилдик. Ҳужжатлар жойида эмиш. Арз қиладиган энг яқин қариндошлар бўлсагина, уй масаласини қайта кўриб чиқар эмишлар. Ёдгорнинг яқин қариндоши, ажралиб кетган хотинидан бир қизи бор эди. Уни қидириб топа олмадим.Турмуш ўртоғим Ферузабонунинг ака-укалари, сингиллари бу иш билан бошқа шуғулланишмади. Аниқроғи, улар буни хоҳламадилар. Мен эса бир икки марта прокуратурага қатнадиму, бошқа бу иш билан шуғулланишга имкон топа олмадим. Мени ҳам ўз муаммоларим гирдобига кўмиб ташлашди. Тарих яна қайтарилди. Энди фалокатга йўл қўйиш мумкин эмас. Аллоҳ асрасин!
Эҳ, Эркинжон дўстим! Бирга ишлаган пайтимизда Сизнинг таклифингиз ва ғоянгиз билан “Мультипанорама” ва “Оқшом эртаклари” деб номланган кўрсатувлар тайёрлаган эдик. “Зумрад ва Қиммат” эртагидаги ўгай она, фирибгар аёл сизнинг ҳам ҳаётингизга кириб ,яккаю ягона ўз қизингизнинг ризқига чанг солди. Бу ёзувларимни ўқиган муҳлислар, адолат посбонлари нима дейишар экан. Қонун нима дейди!? Хатто бир жинслиларнинг йиғинлари ва чиқишларини муҳокама қилишиб, оддий хаста дилларни унитишармикан. Коррупция, маҳаллийчилик, оқибатсизлик ортидан қадриятларимизни асрашармикан. Сизни туҳмат балоларидан сақлай оламизмикан. Қандай замонларга қолдик. Мен тилга олган, умуман маҳалла фаоллари одамларни фирибгарлардан ҳимоя қила олармикан. Ватанга муҳаббат,қарияларга, умуман инсонга ҳурмат шунда билинади. Бугун тунда дўстим йўқлади. Аммо уни бахтиёр кўришни орзу қилган эдим. Аллоҳ билгувчидир. Ҳаммамиз унга қайтамиз.
  https://www.youtube.com/watch?v=QGM8Z9Kh6zw
YOUTUBE.COM
ФИРИБГАРЛАР УЙИМНИ ТОРТИБ ОЛИШДИ
 
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
 
Leave a Reply
*