Menu
Categories
Абдулла Орипов: Хўроз хўроз билан ўтказса тўйин, Буқалар буқа деб ипини узса…
03/29/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла Орипов: Муҳаббат аталган бир ҳис бор эди…

абдулла ака ва дарахт

АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

ЕВРОПА

Муҳаббат аталган бир ҳис бор эди,
Уни деб қавмлар бир-бирин еган.
Жулетта исмли бир қиз бор эди,
Бир йигит бор эди Ромео деган.

Бор эди муҳаббат аталмиш қўрғон,
Учиб киролмасди чивин ҳам ҳатто.
Совғасин Ягонинг қўлида кўрган,
Бўғиб қўяқолган жуфтин Отелло.

Энди бу юртларда дунё тескари,
Муҳаббат ҳислари бадар кетганлар.
Жаннатни мадҳ этиб юрганлар бари
Жаҳаннам комига бориб етганлар.

Хўроз хўроз билан ўтказса тўйин,
Буқалар буқа деб ипини узса.
Бу қандай томоша, бу қандай ўйин,
Сигирлар сигирга кўзини сузса.

Инсон мукаррамдир, унутма асло,
Шаънига ёмон гап тўқима, болам.
Бу шеърни бир ўзинг ўқидинг, аммо
Ўқима бировга, ўқима, болам!

01. 03. 2013

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*