Menu
Categories
Абдулла Орипов шеърияти: О, юртим шамоли, юртим шамоли.
03/31/2021 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Абдулла Орипов
ЮРТИМ ШАМОЛИ
Йўлларда елдирим мисоли елдим,
Еллар водийсига бошлади ҳавас.
Елвагай Ҳисорнинг бағрига келдим,
Сен эсдинг – таралди сийм танда атлас,
Сен эсдинг – очилди ёрнинг жамоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Мен-ку бу дунёда бир зори висол,
Карбало даштида Мажнун сифатман.
Шамоллар ичида мен ҳам бир шамол,
Чечаклар атридан мен ҳам сармастман.
Лекин сен руҳимнинг мангу хаёли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бир пас.
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Шамоллар эсгандир ушбу дунёда,
Шамоллар гоҳ қуюн, гоҳида довул.
Улар гоҳ ошкора, гоҳо рўёда
Қанча бўстонларни совурган буткул,
Лекин сен бўлмагин боғлар заволи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Эсгин, эй, боғларнинг жамоли кулсин,
Мовий нафас билан тўлсин этаклар.
Учқур қўшиқларга бу олам тўлсин,
Шаънингга шоирлар айтсин эртаклар.
Эсгин, Ватанимнинг таралсин боли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Мени чорлаётир олий бир жамол,
Билмасман, оҳ, унга қачон етурман.
Бу гулшан водийда мен ҳам бир шамол,
Шамол каби келдим, шундоқ кетурман.
Лекин, Абдулланинг боқий камоли,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
1969
May be an image of one or more people, people standing and outdoors
 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*