Menu
Categories
Карим Баҳриев: Рамазон муборак. Тиловат. Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.
04/13/2021 Адабиёт
ТИЛОВАТ
достон
Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.
1.
Тун бўйи руҳимни чақирди қушлар,
Вужудимга инди илоҳий мажол.
Қулоғимга оқди тоза товушлар,
Этимни силади абадий шамол.
Кирди димоғимга тупроқнинг ҳиди…
Кўзларимни очдим. Айладим дуо.
Танимда айланган хуш нафас чиқди,
Тилимда «оҳ» бўлиб тирилди Аллоҳ!
Илоҳим, субҳидам шавқидан қондим,
Тилим сўзга кириб бўлдим сасли ҳам –
Ташаккур, бу тонг ҳам яна уйғондим!
Ахир, мумкин эди уйғонмаслик ҳам…
2.
Аллоҳим, ташаккур дардларинг учун,
Бошимга тизгинсиз ғамлар ташладинг –
Бошим кўкка етди, азобларинг-чун
Бандалар ичидан мени танладинг.
Ташаккур, тишимни тишимга босдим,
Жонимда товушсиз, нурли куласан…
Ғамлар юборибсан, демак, дунёда
Менинг борлигимни биласан…
3.
Бу озор – сендандир, меники – мозор,
Бўғзимда турибди инжа жон, титроқ.
Бугун мен ўлимдан қўрқмайман зинҳор,
Гар ўлим келтирса сенга яқинроқ.
Жоним сеникидир, олмоғинг мумкин,
Кузги япроқ каби омонат нафас.
Муқаррар бир ажал – бу менинг мулким,
Ҳаётим оларсан, ўлимни эмас.
Ва каттакон гуноҳ меники, Аллоҳ,
Дарё дил сеники, сабру тоқатсен.
Шу қадар улкандир мен қилган гуноҳ –
Кечира олгайсан уни фақат сен…
4.
Тонгдан дилга тушди бир маъюс ҳасрат…
Дўст сари отландим, йўлдан қайтмадим.
Лекин дўстим эди жуда ҳам хурсанд,
Мен ҳам кулиб турдим.
Дардим айтмадим.
Бориб сўзлай дедим отам, онамга –
Йўқ-йўқ, кўп озорлар етказдим ростдан.
Озроқ ақлим кирди.
Бахтиёрман деб
Ота уйдан қайтдим дардим айтмасдан.
Кимга борсам, айтар ўз қувонч-ғамин,
Мен фақат тингладим,
Сўзлай олмадим.
Бахтлиларнинг базмин келмади бузгим,
Бахтсизларга бадтар қайғу солмадим.
Айтсам бўлар эди ёрим, боламга,
Кўнглимни ҳасратим ялар бетиним.
Болам жилмаярди ёруғ оламга,
Тинмай кулар эди бахтли хотиним…
Билдим,
Ғамгин одам ёқмас ҳеч кимга,
Ҳеч қайси маконда ёқмас кўз ёши.
Аллоҳим,
Дардимни айтдим ўзингга,
Йўқдир сендан бошқа менинг дарддошим…
5.
Кечир, Қодир Аллоҳ, бандаларингни,
Офтоб – тафтинг эрур, қаҳрингдур – музлар.
Сен яратган гуллар – бизга мўъжиза,
Мўъжиза – ойдинлар, тунлар, юлдузлар…
Кечир, Қодир Аллоҳ, мендай бандангни,
Шамол – нафасингдир, пойингни ўпдим.
Сен яратган ерда узоқ кездим-у,
Кечир, мен ўзингни жуда кеч топдим.
Ишва қилиб келди ойдай парилар,
Соядай эргашиб ўтди ойларим.
Кечир, Каъба эмас, қизнинг этаги
Бўлди топинажак қадамжойларим.
Товонимга тинмай осилди майса,
Гулларга термулдим: «Ана, бахтим!» – деб.
Кечир, бу оламдан ҳайратга тушдим,
Лекин сўрамабман: «Ким яратди?!» – деб.
Жилва қилиб келди маккор салтанат,
Ўзни санамликка чоғлаюр кимлар…
Кечир, гоҳи сени унутиб кўкда,
Ерда юрганларга сажда қилдилар.
Бугун сени топдим, Аллоҳ, севинчим,
Сиғмайин борадур бағрим, ичимга…
Энди фақат сенга топинурман жим,
Энди сиғинмасман ерда ҳеч кимга.
6.
Олис манзилларга термуламан зор,
Гоҳо ёруғ олам фикримга тордир.
Ўйлайман: «Юлдузлар ортида не бор?
Қуёшдан нарида нималар бордир?!»
Сенинг иноятинг – менинг ёдим ҳам,
Шуурим қаърида нурдай ёридинг.
Шамол ҳам йўқ эди, йўқ эди олам,
Офтоб ҳам йўқ эди… Ўзинг бор эдинг.
Нечун сени излаб кўкка боққайлар,
Ахир, ерда ҳам – сен, сувларда ҳам – сен.
Оловда ҳам борсен – ўзни ёққайлар,
Одамнинг ичинда ҳам мужассамсен.
Кўрдим – тўрт томонда ўзинг муҳайё,
Ёмғирда – шафқатинг, покликда – қорсан.
Биз ўтиб кетармиз дунёдан, илло,
Дунё тургунича сен Ўзинг борсан.
Мунис бандаларинг йиғлаб ўтурлар,
Юракдан сизган ул нури жоласан…
Дунё ҳам тугайди, балким, бир куни,
Дунёдан кейин ҳам Ўзинг қоларсан.
7.
Ё, Аллоҳ, бандангман, дилафгор қилма,
Номард эшигида талабгор қилма,
Олам жамолига айлама ошиқ,
Шоҳларнинг нонига харидор қилма.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ.
Дунё жуда гўзал, гулдай санамлар,
Райҳоннинг баргида сузар шабнамлар.
Нозикбел майсалар эшилиб ўйнар,
Ўтар ширин кунлар, ойдин оқшомлар –
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Зим-зиё коинот ичинда мен ҳам –
Ёниб тугаётган милтироқ бир шам.
Ўзинг мадад бергил! Сен қутқармасанг –
Қутқара олмайди одамни одам,
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.
Халққа сабр бергин ва парча нон бер,
Подшоҳга куч бердинг, энди иймон бер.
Ҳамма ишимизни кўриб турибсан –
Кўнгилларни кенг қил, дарёзабон бер,
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Борарман исмингни дилимда қутлаб,
Бошимда айланар нотинч булутлар.
Оёғимга тинмай осилар ўтлар,
Безовта силкинар тераклар, тутлар.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ…
8.
Ноаён,
Бепоён,
Улкан дунёда
Инсон – бир тўзиган гард каби, э-воҳ.
Миллиард одамларга тўлган дунёда
Ҳеч битта одамни унутма, Аллоҳ.
Кишини ғам билан қолдирма якка,
Ҳеч кимни йўқликнинг қаърига отма.
Номардга – дил бергин, қўл бергин – мардга,
Мени ҳам унутма.
Токим қуёш чиқар ҳар тонг саҳарда,
Коинотда ҳорғин ер кезар токим –
Бу кенг самоларда,
Қаро ерларда
Ўзингсан ҳоким,
Аллоҳим.
Беморга шифо бер, соғларга – умр.
Ёлғизга – йўлдошу, юпунга – тугма.
Очларга – нон бергин, тўқларга – шукур,
Мени ҳам унутма.
Уйсизга – уй қургин, йўлсизга – йўл бер,
Саҳрога – ёмғиру, тоғларга шамол.
Маддоҳ фаҳм топсин, гунгларга тил бер –
Муаттар сўзларни айтсин бемалол.
Борларга – инсоф бер, ғарибга – сабр,
Ботирга – тулпору, олимга – рутба.
Ким ўлса, бер майин тупроқли қабр,
Мени ҳам унутма.
Ёзда нурлар сочгин, қишда қор ёғсин,
Кўкда – бургут, сувда балиқлар оқсин.
Кар қулоқлар ногоҳ очилсин, Аллоҳ,
Кўр кўзлар ярқ этиб оламга боқсин.
Сендан бошқа ҳеч ким бермас беминнат,
Кимдан ҳам тилайлик, воҳ, сендан бошқа –
Шафқатни ҳеч кимдан сен дариғ тутма,
Адашган барчани ҳақ йўлга бошла,
Мени ҳам унутма.
Нафсимни жиловла ва ҳирсни совут,
Руҳимни чархлагин, кўнглимни кенг қил.
Бешикдан тушганнинг тулпори – тобут,
Бизни ҳам азизлар қошида тенг қил.
Биҳишт ариғидан асал сут ичир,
Тириклик гулини асло сўлитма.
Ғофилни кечиргин, ҳаммани – кечир,
Мени ҳам унутма…
Кечир.
1984 – 1995
МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ
1990 йил. 20 июнь
Яна куз келмоқда.
Дарёлар тинди.
Шилдир-шилдир оқди покиза сувлар.
Ургут боғларига сукунат қўнди,
Хазонларни секин шамоллар қувлар.
Ота элим, энди севингин, шодлан,
Истиқлолинг келиб чертди дарвозанг.
Олис манзилларга шу тонгда отлан,
Йўқолиб кетмагай энди овозанг…
Нега қувонмайсан, тошмайсан жўшиб,
Ахир, мустақиллик келди ўлкангга?!
Ўрис амалдори елкангдан тушиб,
Ўз амалдоринг… минди елкангга.
Нечун бахтдан яйраб, шод яшамайсан,
Нечун бошинг эгик, ўзинг оввора?!
Энди сен Московга пул ташимайсан,
Энди сен … Тошкентга ташийсан пора.
Сен яйдоқ далангда ишлагин куйиб,
Пахтангни ҳокимга топшир-у қувон –
Пойтахт заводлари турибди қуйиб,
Кўксингга шақирлаб тақарсан унвон!
Ҳасратинг кўп ичда, лек зўр савлатинг,
Шод бўл деб мен ўзим бўлолмасман шод.
Мана, озод бўлди буюк давлатинг…
Бечора халқинг ҳам бўлсайди озод.
1990 йил, 20 июнь.
ТАЖРИБА
Дунё – сирли бир жумбоқ,
Дилим тилган яроқчи.
Олам – қаро,
Шам ёқар
Аллоҳ отлиғ чироқчи.
Тафтим кетди юзимдан,
Нурлар кетди кўзимдан.
Излаб юрар изимдан
Иймон отлиғ сўроқчи.
Тизларимдан жон олди,
Сўзларимдан чанг олди,
Сочларимдан ранг олди –
Умр аталмиш қароқчи.
Дунё шу – ўтар кетар,
Одам бир кўрар кетар.
Мени ҳам ўрар кетар –
Ўлим деган ўроқчи.
2007
ВАСИЯТ
ЁКИ ШЕЬРИЯТ ҲАҚИДА ОДДИЙ ШЕЪР
Сиз бахт ҳақда ёздингиз тинмай.
Мен йиғладим. Секин. Билдирмай.
Жонингизга тегдим. Биламан.
Озроқ чиданг. Мен ҳам ўламан.
Чиқаверар шунда ҳам қуёш.
Қушлар учар. От кезар ювош.
Чумолилар ўрмалар ҳайрон.
Шамол дайдир. Эзилар хазон.
Чўккалайди зил-замбил тоғлар.
Қорлар увлар. Шовуллар боғлар.
Мен ўламан… Отаверар тонг.
Гул очилар. Сўлар ногаҳон.
Дунё кенгдир. Гулга иши йўқ.
Гул сўлди деб йиғлар киши йўқ…
1992
ИШҚ ЖИЛВАЛАРИ
I
Қора рўмол каби ҳилпирайди соч,
Лабда қимтинади хавотир, қўрқиш.
Турибсиз, Сиз гўё учиш олдидан
Нафас ростлаётган муштипар бир қуш.
Оҳиста хўрсиниш, ўғринча нигоҳ,
Нурсиз шу қоронғу дунёи дунда.
Кўзлар қамашади, кўнгил ёришар –
Мен Сизни кечалар ўйладим шундай.
Гўзалсиз, тозасиз, ҳурилиқосиз,
Санамсиз, сўз йўқдир чечан оқинда…
Олисдан шунақа кўринмоқдасиз,
Кўришга қўрқаман Сизни яқиндан.
II
Оқаяпман деб ўйламас сув,
Очилдим деб қичқирмагай гул –
Зимдан-зимдан қўзғолар ғулув,
Рухсат олмай севаверар дил.
Исмсиз ғам, номсиз қувончдир,
Улканлашар у йилдан-йилга.
Ваҳимали, қўрқинчли бир сир,
Айтиб бўлмас ҳаттоки тилга…
III
Дунё. Дунё. Бепоён дунё.
Яшаб кўрдим. Мен сендан тўйдим.
Қувончлари ноаён дунё,
Аён ғамдан адоқсиз куйдим.
Сувларингда оқдим – етади,
Шамолингни яладим – етар.
Уфқларингга боқдим – етади,
Ўтар. Ўтар. Барчаси ўтар.
Изларимни кўмди оқ қорлар,
Товушимни булутлар ютди.
Олов кўзлар, гули нигорлар
Ўтди. Ўтди. Барчаси ўтди.
Яшаб кўрдик. Англадик. Билдик.
Бешик, тобут – бақо дарчаси…
Айтинг, нега дунёга келдик,
Ўтиб кетар, ахир, барчаси…
IV
Чарос кўзингизда чақнар хавотир,
Асрамоқ истайсиз мени кимлардан?!
Муҳаббат – дунёда кўҳна асотир,
Тирилар юракда ёнган шамлардан.
Маккор шаббодалар, жодугар чақмоқ,
Бўронлар яшайди кўзи ҳаросон.
Жуда ҳам қийиндир Сиз деб яшамоқ,
Сиз учун ўлмоқлик жуда ҳам осон…
V
Ярқираб чақнагай нигоҳлар бирдан,
Лаблар пичирлайди ширин, беозор.
Жуда ваҳимали, покиза сирдан
Юрагим ёрилиб кетишга тайёр.
Мен Сизни севаман… Бу шеър эмасдир.
Ташбеҳлар ожиздир, сўзлар нотавон.
Бу – бирам ёқимли, сеҳрли тушдир,
Уйғотманглар мени энди ҳеч қачон…
1992
ЎЗБЕКЛАРГА
Музлар эриб битди. Уйғонмадинг сен.
Баҳор ўтиб кетди. Ухлайвердинг донг.
Ёз нури найзадек елкангдан ўтди –
Турмадинг. Куз келди. Жигарим, уйғон.
Булутлар ортидан кўринди тулпор,
Уйғонди тупроқнинг тагида илон.
Ваҳимага тушиб оғзин очди ғор,
Бўрилар уйғонди. Кел, сен ҳам уйғон.
Бир парча нон учун, қултум сув учун
Дилдираб шукрона айтасан нолон –
Қулни ҳам боққайлар иш берсин дея.
Эслагин. Ўйлагин. Бехосдан уйғон.
Кимга овоз бердинг – ўзинг бўлиб гунг,
Ким сенинг номингдан сўзлаюр ёлғон?!
Агар ухлайверсанг – тугамас бу тун,
Қачон сен уйғонсанг – отажакдир тонг.
Уйғонмоғинг учун не қилай, айтгин,
Йиғлайин, кулайин – нима қилайин?!
Майли, керак бўлса, мен берайин жон,
Уйғон. Уйғонганинг кўриб ўлайин…
1990
ЭКОЛОГИЯ
Карвон ўтмас қақроқ саҳролар,
Нафаслари қисган ҳаволар.
Сувсираган сувларнинг ўзи –
Шўрлаб кетган шўрлик дарёлар…
Ай, дунёлар ювош, омонат,
Киприкдаги кўзёш омонат.
Гарчанд ҳали ялтираб турар,
Осмондаги қуёш омонат.
Олам маъсум, само бепоён,
Қоронғунинг сўнги, туби йўқ.
Ваҳимага тушади юрак,
Қовурғадан тер сизар совуқ.
Тентирайди маҳзун шаббода,
Бошин эгар майсалар ҳолсиз.
Минг йил, милён йиллик дунёга
Термуламан кечалар ёлғиз.
Кўзин очсин қадим булоқлар,
Йўллар кезиб оёқлар толсин.
Коинотда қолсин момо ер,
Ер юзида одамлар қолсин.
Ер қолмаса, одам қолмаса –
Гарчанд само бепоён, кўчкин –
Минг йил, милён йиллар фалакка
Қўрқув билан қарамас ҳеч ким.
1992
May be an image of Karim Bahriyev and text
Истеъдодингизга, қалбингиздаги юксак инсониӣ туӣғуларга тан бериб ӯқидим.
Ташаккур, Каримжон.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*