Menu
Categories
Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг ноқонуний ҳатти ҳаракатлари…
04/15/2021 Бош мақола

Бош муҳаррир И.Хушевга

Ҳурматли Исмат Махмудович,

Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов ва унинг коррупцион системаси ҳақида аниқ фактларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ўғрилигини, кирди-корини очиб бераётганингизни кўриб, Сиздек фидойи, элсевар ва Ватанпарвар фарзандлар борлиги сўнган умидимизга учқун бағишламоқда.

Хабарингиз борки, ҳурматли Президентимиз куни-кеча селектор тартибида йиғилиш ўтказиб, камчиликларга йўл қўйган ҳокимлар ва сектор раҳбарларни ишдан олдилар ва бир қатор вилоят ҳокимларининг фаолиятини танқидий баҳоладилар.

Аммо, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва унинг шайкалари ҳақида ҳеч қандай салбий маълумотлар негадир эълон қилинмади ҳамда ўғри-муттаҳамларга нисбатан эътироз билдирилмади. Биз Президентимизга сохта, нохолис ва вилоят ҳокими Эркин Турдимовнинг хулосасига асосланган маълумотларни киритилишига бефарқ қараб туролмаймиз.

Биз, нуронийлар Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Трудимовнинг коррупцияга асосланган фаолиятидан мутлақо норозимиз. Биз Э.Турдимовга бир неча маротаба Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг бебурдлиги, чаласаводлиги, ҳокимлик лавозимига номуносиблиги, раҳбарлик салоҳияти йўқлиги, порахўрлиги, ғирт алкашлиги ҳақида бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсак ҳам “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” деганларидек, маҳаллий ҳокимлардан батамом муттаҳам бўлган Э.Турдимовдан ҳеч қандай жавоб ололмадик.

Хусусан Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг кадрлар сиёсатига ва энг ачинарлиси – Президент сиёсатига хиёнатини кўриб, бефарқ туролмаганимиз сабаб Сизга мурожаат йўллашга мажбур бўлдик.

Ҳурматли Исмат Махмудович,

Бугун ҳурматли Президентимиз кадрларни янгилайман, Ўзбекистонни тараққий топтираман, Янги Ўзбекистонни барпо этаман, деб қайғураётган бир пайтда, Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов туман ерини сотиш, кадрларни катта миқдордаги пора эвазига ишга жойлаш ҳамда айшу-ишрат билан шуғулланаётир. Аниқ маълумотларга кўра, 2020 йил декабрь ойининг ўзида 100 нафардан зиёд фуқароларга деҳқон хўжалигини ташкил этиш ҳуқуқини берувчи ҳокимининг қарорини 5000 АҚШ долларидан 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пора эвазига расмийлаштириб берган. Олинган пора миқдори, санаси, ким томонидан берилгани, воситачилар ҳақида аниқ маълумотга эгамиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Энг қизиғи, у ўзининг бу ғараз ниятларини Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан 2018 йилда пора олаётганда қўлга олинган ва жиноят кодексининг бир неча бандлари билан қамалиб чиққан, жиноятчи Зафар Олимов орқали амалга оширмоқда. Зафар Олимов Самарқанд туманининг собиқ ер тузувчиси, қаллоб, порахўрдир. З.Олимов қамалиб чиққанидан кейин, яна раҳбарлик лавозимига тайинланиб, бугунги кунда туман бойлиги саналмиш ерни ҳоким белгилаган нархлар асосида сотаётир.

Самарқанд тумани аҳли туман ҳокими бошчилигида қилинаётган нопок ишларнинг гувоҳи бўлиб, ҳокимият ва давлатчиликка бўлган ишончи кундан-кунга сўнаётир.

Самарқанд туман ҳокими Носир Мавлонов маънавий қиёфаси ҳақидаги маълумотларни эса шахсан ўзингизга юбордик. Уни эълон қилиш ё қилмаслик – ихтиёрингизда.   

Энг ачинарлиси, тоза ва покдомон кадрлардан бўлмиш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Искандар Комиловни ишдан олиб, унинг ўрнига номзодни – таниш билишчилик билан, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фирдавс Рахимовни ишдан кетишига мажбурлаб, унинг ўрнига – қуруққа бўлмаса керак – Саъдулло Узоқовни тайинлаётир. У бу жирканч  ишларини Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, коррупционер Бекзод Раҳматуллаевнинг раҳнамолигида, Самарқанд тумани ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, тамагир Азиз Раджабов орқали амалга оширмоқда.

Ҳурматли Исмат Махмудович, биз Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов бошчилигидаги очофат раҳбарлар ишидан мутлақо норозимиз ва ушбу маълумотларни Сизга, сиз орқали ҳурматли Президентимиз эътиборига ҳавола этиб,  адолатсиз раҳбарларнинг жиноий фаолиятига Самарқанд вилоятига кутилаётган Президент ташрифи давомида чек қўйилишига ишонамиз.

Агар бу жиноий гуруҳ жазога тортилмаса, халқнинг Президент сиёсатига бўлган ишончи бутунлай сўниб, тамом бўлади.

Юксак эҳтиром ила,
бир гуруҳ зиёлилар томонидан

 

Leave a Reply
*