Menu
Categories
Алишер Айматли ижодидан: АҲМАДЖОН МУХТОРОВ…
04/15/2021 Бош мақола
Аҳмаджон Мухторов
Мақоланинг бошиданоқ айтиб қўяй: мен ҳеч қачон Аҳмаджон аканинг қабулига кириб, яккама-якка суҳбат қилмаганман.
Мени унинг ўринбосари Абдукарим Раҳимбердиев (жойлари жаннатда бўлсин) ишга қабул қилган. Мен “Халқ сўзи”га “Совет Ўзбекистони” газетасидан ўтганман.
Мен бу газетага ўтганимда елкамда бир даста янтоқ бор эди. Бу янтоқ Аҳмаджон Мухторовнинг “душмани” Намоз Саъдуллаевнинг одами деган ёрлиқ эди. Бу гапларга эътибор берманг, деган эди Абдукарим ака, ҳаммаси ўтиб кетади, ўзингизни кўрсатинг, мен сизга ишонаман.
Ўтган асрнинг 90-йилларида, ҳали янги газета очилмаган, аммо уни чиқаришга тайёргарлик кўрилаётган сентябрь ойларида мени Аҳмаджон Мухторов чақираётганлигини айтишди.
У вақтда бизга ҳали жой берилмаган, Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррир бўлган “Қишлоқ ҳаёти” газетаси биносида фаолият юритаётган эдик. Бош муҳаррир хонасига кирсам, у ерда тоғадан божалиги яқинроқ, божадан тоғалиги беҳроқ ажойиб инсон Шамси Усмонов биз тенги ўғли Учқун билан ўтирган экан. Кириб кўришдим, ҳол-аҳвол сўрашдик. Демак, олдин ҳам мен ҳақимда гап бўлган эканки, Шамси ака деди:
– Бунинг Намоз Саъдуллага мутлақо алоқаси йўқ, бу менинг жияним бўлади.
Шамси Усмонов вилоятда жуда таниқли инсон эди. Ўта дипломат эди. Ёш билан ҳам, кекса билан ҳам, аёл билан ҳам, амалдор билан ҳам ўз тилида гаплашарди. Ҳар қандай шароитда қалбига йўл топарди. Тажрибали, тадбиркор инсон эди.
Аҳмаджон Мухторов биланки эт ва тирноқдай экан, бу инсонга тан бермасликнинг иложи йўқ. Мен уларнинг суҳбатига халақит бермадим. Хайрлашиб, тезда чиқиб кетдим.
Аҳмаджон акани билмас эдим. Орқаворотдан эшитардим. Менга 1990 йил сентябрь ойи бошларида бир топшириқ берди ва Японияга учиб кетди. Топшириқ бўйича мен Қўқонга бориб, Худоёрхон саройининг архиви билан танишдим, архившунослар билан суҳбатлашдим. Ички ишлар вазирлиги кутубхонасига кирдим. Хуллас, мақола юзасидан топшириқни бажардим. Мақолам бош муҳаррирга жуда маъқул бўлди ва “Миршаб ва милиция” сарлавҳаси остида нишона сонида чоп этилди.
Дарвоқе, ўшанда олдига кириб, зиёрат қабул бўлсин, қилиб чиқдим ва сўрадим:
– Япония ҳам Ўзбекистонга ўхшармикин? Мана, мустақил бўлдик, биз ҳам Япониядай бўла оламизми?
– Биз ҳеч қачон Япониядай бўла олмаймиз,– деди.
Япония мўъжизалари ичида яшаётган Аҳмаджон аканинг қатъий фикри шу эди! Билмадим, бу биз бошқа йўлдан борамиз, деганимиди ёки бизга бу кунларни кўриш насиб этмайди, деган маънодамиди?
Шундан кейин Аҳмаджон Мухторовнинг мен ҳақимдаги фикри 180 градусга ўзгарди. Яна бир-иккита топшириқларини бажарганимдан кейин менга бир бўлимни ишониб топширди. Шундан билдимки, Аҳмаджон ака учун яхши кадр яхши қариндошдан устун турар экан.
“Ҳожилар” номли бир саҳифалик мақоламдан кейин диний мавзудаги мақолалар ҳам менинг зиммамга юклатилди.
Аҳмаджон ака бош муҳаррир бўлгани билан бир мухбирдан кўпроқ ишларди. Ёзувчи, шоир, атоқли инсонларга турли мавзуда топшириқлар берар, аксариат мақолаларни ўзи таҳрир қилиб туширарди. Хонасида сигарет тутуни бурқсирди. Сигарет тугаши билан, тилининг тагига нос ташларди. Тинимсиз ишларди, бошқа амалдорларга ўхшаб, креслода айланиб, телефонда гаплашмасди.
У яхши газета чиқаришни яхши меҳнат қилиш деб биларди. Самарқанддаги “Ленин йўли”ни ана шундай меҳнат билан кўкларга кўтарди. Тошкентга келиб, “Қишлоқ ҳаёти”га бош муҳаррир бўлгач, одамларнинг аксариати ушбу газетани излаб ўқий бошладилар. 6 ойда газета республикадаги олд газеталардан бирига айланди. “Халқ сўзи” ҳам нишона сониданоқ тилга тушди.
Ўзи қаттиқ меҳнат қиларди, яхши журналистларни қадрларди, улардан маслаҳатлар олишни ор билмасди. Газетанинг Самарқандда иккита мухбири бор эди. Бири Холмуҳаммад Нуриллаев, иккинчиси Ҳабиб Темиров. Иккаласи ҳам яхши ижодкорлар эди. Аҳмаджон ака, айниқса, Ҳабиб Темировни қаттиқ ҳурмат қилар, маслаҳатлар олар, унинг таҳриридан чиққан мақолаларга ишонар эди.
Айни пайтда Аҳмаджон Мухторов СССР Халқ депутати ҳам эди. Унинг Кремль минбарларидан гапирган гапларини бутун Ўзбекистон билади. Казо-казолар чиқолмаган минбарлардан соф рус тилида маърузалар қилган, юртимиз, одамларимиз шаънини ҳимоя этган, халқ душманларини фош қилган эди. Биз ана шундай инсон билан бирга ишлаётганимиздан фахрланардик.
Газета 1991 йил январь ойидан чиқа бошлади ва тезда тилга тушди. Киоскаларда талаш бўлиб кетди. Ҳатто ўзимиз ҳам душанбани кутмасдан шанба куни киоскадан газета харид қилардик. Мен август ойида меҳнат таътилига чиққан эдим. Қайтиб келсам, Мухторовни ишдан олишибди. Билмадим, нега?
Дарвоқе, бир нарса эсимдан чиқибди. “Қишлоқ ҳаёти”дан Норбобо Шакаров, Йўлдош Исмоилов, “Совет Ўзбекистони”дан Абдунаби Бойқўзиев ва мен 1990 йил 1 октяридан бош муҳаррирнинг 1-буйруғи билан ишга қабул қилинганмиз. Режа бўйича 200 га яқин ижодий ходим бўлиши керак экан. Дарҳақиқат, одам кўпайиб кетди. Исмат Худоёровнинг айтиши бўйича, олти ойлардан кейин бош муҳаррир қаровулга танбеҳ бераётган экан, мен келиб қолдим, дейди. Сиз қаёққа кетаяпсиз, деб сўраб қолди Аҳмаджон ака. Ишга кетаяпман, дедим. Қайси бўлимда ишлайсиз? Ижтимоий бўлимда. Боринг кетаверинг, дедилар.
Ҳозир мен ўша даврда ишлаган кўпгина ходимларни эслай олмайман ҳам. Одам кўп эди. Лекин ишлайдиганлари саноқли эди. Одатда, ҳамма таҳририятда шундай. Ишлайдиганлар кам. Энг ёмони, шу ишлайдиганлари кўпроқ гап эшитади.
108 кундан кейин Аҳмаджон Мухторов яна ўз ўрнига тикланди. Буни айтаётганим сабаби Аҳмаджон ака бу рақамни айтишни яхши кўрарди. Ҳатто келган куни 108 кунлик айрилиқ деган мақола ҳам берилди, чамамда. Хуллас, уч ойдан кейин Мухторовни яна ишдан олишди. Мен бу ҳақда қайси бир мақоламда ҳикоя қилгандим. Шу боис бу ҳақда яна тўхталиб ўтирмайман. Фақат айтишим керакки, бунга ёзувчи Ўктам Ҳакималининг газетанинг икки сонига бўлиб берилган мақоласи сабаб бўлган. 1992 йил март ойида Ўрта Осиё мусулмонлари идорасининг қурултойи бўлди. Мақола шу санага бағишлаб берилган, мазкур идорада жанжал бўлаётган воқеа танқид қилинган эди. Қурултой қатнашчилари мақола юзасидан бунт кўтардилар.
Хуллас, кечроқ бош муҳаррирни Олий Мажлисга чақириб, аризасини олишган. Эртасига таҳририятнинг бир қисм одамлари таҳририят олдида пикет уюштирдилар. Эҳҳе, кимлар келиб, кимлар кетмади. Аҳмаджон ака телефонда пикетчиларни бошқариб турди. Икки кун газета чиқмади. Янги бош муҳаррир деб Расул Раҳмоновни олиб келдилар. Оламон уни таҳририят эшигидан ҳам киритмади.
Хуллас, тепа маслаҳатлашиб, газетани чиқаришди, газета таҳририят имзоси билан чоп этилди. Кейинги кун илгари бизда бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Анвар Жўрабоев бош муҳаррир бўлиб келди.
Анвар Жўрабоев машҳур журналист эди. Бизда салкам ўн йил ишлади. Аммо газетани машҳур қила олмади.
Аҳмаджон ака даврида жамоага кучли журналистлар тўпланди. Вилоят мухбирларимиз ҳам яхши эди. Умуман, кунларимиз завқли ўтарди. Ҳазил-мутойибалар, ўйин-кулгилар, ва энг муҳими, фидойи меҳнат мавжуд эди. Анвар Жўрабоев, Абдукарим Раҳимбердиев, Ҳабиб Темир, Холмуҳаммад Нур, Салоҳиддин Муҳиддинов, Норбобо Шакаров, Муҳтарама Улуғова, Абдунаби Бойқўзиев, Азим Суюн, Мавжуда Холматова Жалолиддин Сафоев, Исмат Худоёр, Набижон Собиров, Абдулла Собиров, Фозилжон Шодмоналиев, Раҳимжон Ирисов, Пўлат Гадоев, Тожидддин Раззоқ сингари журналистлар газетага жуда гўзал нарсаларни ҳадя қилдилар. Тожиддин Раззоқни эслаб, яна бир воқеа эсимга тушди. Уни менга талантли журналист Мавжуда Холматова айтиб берган эди:
– Бир куни Ахмаджон Мухторов вилоят мухбирларини йиғилишга чақиргандилар,– ҳикоя қилади Мавжуда. – Йиғилиш олдидан Тожиддин ака бош муҳаррирнинг хонасига кириб чиқди. Қолган мухбирлар ҳали етиб келмаганди. Келганлари Хатлар бўлимига тўплана бошлашди.Хонага Тожиддин ака ҳам кирдилар.
–Тинчликмикан, нимага чақирибди ўзи редактор,– сўради газетанинг Навоий вилояти бўйича мухбири, содда ва ўта камтарин Махмуд Мардиев.
– Раҳбар нимага чақирарди, пулгада,– деди ўзига хос қувлик билан Тожиддин ака жиддий қиёфада.
– Мухторов пул сўрадимией, Мухторов-а? – ҳайратланди Маҳмуд ака.
– Йўқ, сўрамади, ўзим ташлаб чиқдим! Энг катта ойлик олсак, яна ўрнимни биров кўзламасин дедимда! Страховка!
Тожиддин аканинг ҳазилкашлигини билганлар унинг гапини шишира бошлашди. – Сиз ҳам опкиринг!
– Менда бунча пул йўқ,– деди Маҳмуд ака.
– Қарз олинг!
Хуллас, йиғилишдан олдин Маҳмуд ака ҳам қабулга кириб чиқди ва қарз эвазига йиғилган 150 сўм пулни столга қўйиб, редактор хонасидан деярли чопиб чиққан.
Тожиддин ака ўтинга боз керосин сепди:
– 300 қилиб бермабсизда, жаҳли чиқади энди.
Воқеанинг давомини менга Абдукарим ака айтиб берганди:
Аҳмаджон ака даставвал ҳайрон қолади. Кейин ўринбосари Абдукарим акани чақиради. Абдукарим ака зудлик билан 3-қаватга чиқиб, воқеанинг асл тафсилотини эшитади. Мириқиб кулади ва кула-кула воқеани бош муҳаррирга айтиб беради. Аҳмаджон ака ҳам Маҳмуднинг бунақа бола эмаслигини, учма-уч яшаётганлигини яхши билади. Дарров чўнтагидан яна шунча пул олиб унга қўшади. Абдукарим акаям чўнтагини қоқиштириб беради. Кейин котибани чақириб, “Маҳмуджон ведомостга имзо чекибдию, пулини эсдан чиқариб қолдирибди, обориб беринг”, дейди.
Ана шунақа эди бизнинг Аҳмаджон ака!
Тўғри, кейин ҳам баъзи бир ҳаракатлар, интилишлар бўлди, лекин Мухторов чиққан юксакликка ҳеч ким чиқолган эмас!
Ўша пайтларда бизнинг газета, Аҳмаджон Мелибоев раҳбарлигидаги “Адабиёт ва санъат”, Жаббор Раззоқов бош муҳаррирлик қилган “Ёш ленинчи” газеталари кўпроқ ўқиларди. Обунасини билмадиму харидори сероброқ эди.
Аҳмаджон ака ҳар қандай шароитда газетани, мухбирларни қаттиқ ҳимоя қилар эди. Кейинги баъзи бир бош муҳаррирларга ўхшаб, “Мен бу мақолани кўрмабман, муовиним имзо чеккан бўлиши керак, муовиним билан ўша мухбирни алмаштириб беринглар”, демаган. Барча масъулиятни ўз зиммасига олган. Ўша кунларда бўлган бир воқеани менга айтиб беришганди. Девонда ишловчи нуфузли бир кишининг мақоласи газетада чиқаётган бўлади. Масъул котибми, муовинлардан бирими, бош муҳаррирнинг олдига кириб, девонга газета ташлаб келиш учун машина сўрайди. Шунда бош муҳаррир вертушкада ўша ходим билан гаплашади.
– Шавкатжон, хабарингиз борми, бугун мақолангиз кетаяпти газетада,– дейди.
Унингижавобини эшитган Аҳмаджон ака шундай дейди:
– Газетанинг темир қонуни бор. Мақоласи чиқаётган муаллиф ким бўлишидан қатъи назар, таҳририятга келиб, оҳорли қўрғошиннинг ҳиди анқиб турган саҳифани ўқиб, имзо чекиб, бериб кетади. Сизга ҳеч ким саҳифа олиб бориб бермайди!
Бундай гапни айтиш учун халқ тили билан таърифлаганда, отнинг калласидай юрак керак эди. Биз кейинчалик шундай пайтда бош муҳаррирнинг ўзи ялтоқланиб курьерлик қилганини ҳам кўрганмиз.
Аҳмаджон Мухторов фаолиятининг таназзулида унинг феъл-атворидаги ана шундай жўмардликлар ҳам муҳим роль ўйнади. У бюрократия билан келиша олмас эди. Аниқроғи, у мустабид тузум даврида шаклланган жамиятдан анча илгарилаб кетган эди. Мухторовнинг қарашларига ҳали жамият тайёр эмас эди. У анча юксакликка чиқиб олган эди ва ундан пастга тушгиси йўқ эди. Уни ўзи турган поғонадан туширишга кўп ҳаракатлар бўлди. У эса буни хоҳламади.
Энг осон йўли уни ўзларининг йўлидан олиб ташлаш эди. Олиб ташладилар ҳам. Бир тажрибали инсон, бутун ҳаётини матбуотга бағишлаган журналист, охир-оқибат хорликда ва зорликда бу дунёдан кўз юмди.
– Мени танимади, – деган эди менга фарғоналик ажойиб журналист Набижон Собиров. – Йўлим Самарқандга тушганда уйига кирдим. Кеннойи мени эрига таништирди. Бироз суҳбатлашдик. Кейин менга яна юзланиб, сизни танимай турибман, деди.
Оҳ, қанчалик фожиа бу! Эрта-индин ҳаммамиз борадиган жойга Аллоҳим, эс-ҳушимизни олмай жўнатгин, савол-сўроғингни енгил қилгин Парвардигорим!
Аҳмаджон Мухторовнинг юқори поғоналардаги мулоқотларини билмайман. Аммо англаганим шу эдики, бу феъл-атвор билан кўпчиликка ёқмаган. Аммо журналистлар, бир-иккита шарлотанларидан ташқари, уни яхши кўрар эди, ҳурмат қилар эди. Беайб – Парвардигор. Эҳтимол, хатолари ҳам бўлгандир. Менимча, бу хато, ўта машҳур иборага мосдир, монанддир:
“Азизим, дунёга бевақт келибмиз!”
Суратда: “Халқ сўзи” газетасининг нишона сони чиқаётган пайт. Ўртада Аҳмаджон Мухторов ва унинг биринчи ўринбосари Анвар Жўрабоев. Орқа фонда чапдан Норбобо Шакаров, Йўлдош Исмоилов, масъул котиб Турғун Назаров, Абдунаби Бойқўзиев ва камина.
Leave a Reply
*