Menu
Categories
Алишер Айматли ижодидан: НАБИЖОН СОБИРОВ…
04/24/2021 Бош мақола
Набижон Собиров
Набижон ака Фарғона вилоятини беш бармоғидай биларди. Иқтисодни, хўжалик юритувни яхши тушунарди. Шу туфайли таҳририй материалларини худди бир коса сувни ичгандай, осон ўқирдингиз, яхши тушунардингиз. Чигал масалаларни ҳам осон, мураккаб бўлмаган халқона тилда баён этиш истеъдоди бор эди Наби акада.
Шу туфайли у тайёрлаган мақолаларни қайта таҳрир қилишга ҳожат қолмасди.
Газетачилик – оперативчилик ҳам деганидир. Айниқса, “Халқ сўзи”да тепадан тез-тез топшириқлар бўлиб турарди.
Набижон ака бу тизимларни яхши биларди ва ҳеч оғринмай буюртмани қабул қиларди. Бошқа бировга масаланинг моҳиятини тушунтиргунча, Набижон ака мақолани тайёрлаб, таҳририятга жўнатарди. Эҳҳе, бизда қандай оғир замонлар бўлган. Илгари бундай тезкор мақолаларни вилоят мухбирлари автовокзал ёки вокзал ёхуд аэропортга чиқиб, Тошкентга кетаётган кимгадир илтимос қилиб,(эҳтимол, қўлига нимадир тутқазиб) бериб юборишган. Почтани олган одам масъулиятлироқ бўлса, хай-хай, йўқса бир ойдан кейин келади, айримлари мутлақо келмайди ҳам. Мухбир қайта жўнатай деса, қўлёзмани бериб юборган. Мақолани қайтадан ёзишга тўғри келган. Шундай қилиб, мухбирлар емаган сомсаси учун пул тўлаб юрардилар. Фотомухбирларнинг аҳволи бундан ҳам оғир эди. Уларга таҳририятдан плёнка санаб бериларди. Ҳар ойда ёки кварталда улар олган суратлари ва ишлатган плёнкалари ҳақида ҳисоб берардилар. Биздаку плёнка бериларди, кўпгина таҳририятларда шуни ҳам қизғанардилар. Улар ҳам суратларни кимдандир бериб юборар ва орқадан телефон қилгани қилган эди.
Ҳозирги вазият худди эртаклардагидай. Ҳамма нарса битта кнопка билан амалга оширилади. Шундан ҳам, афсуски, нолийдиганлар бор. Набижон ака вазиятни жуда теран ҳис этар, ҳеч қандай савол туғилмайдиган даражада ишни ҳал этарди. Таҳририятда Набижон акага ўхшаш ишончли мухбирлар саноқли эди. Оғир вазиятларда ҳамманинг эсига биринчи бўлиб шу мухбирлар тушарди.
– Мен Набижон ака жўнатган мақолаларни ишлашни яхши кўрардим, – дейди ёш мухбиримиз Дилбар Турғунова. – Мақолаларни машинкачи қизларга шундайлигича берардим. Мақолалари деярли таҳрир талаб қилмасди. Улардан масалага бўлган ижодий ёндошувни ўрганардим, у сўз санъатининг фокусчиси эди. Сўзларни циркдаги шарикотарлар сингари ўйнатарди. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, онаси уни журналист қилиб туққан эди.
Ҳа, Набижон ака журналистиканинг барча азоб-уқубатларини кўрди. Қалами уни республикага Набижон Собир деган ном билан танилишига имкон берди. Таҳририят жамоаси унинг номзодини бир неча бор унвонларга, орден ва медалларга тавсия этди. Афсуски, биз каби унинг ҳам тепада суянчиқлари йўқ эди. Ҳеч ким қўллаб-қувватламади, ҳар йили рўйхатлардан сабабсиз тушиб қолаверди. Мен ишонаманки, Набижон ака нарги дунёдаги улуғ мартабалар рўйхатида энг тепа ўринларда туради. Чунки у томонларда таниш-билишлар бўлмайди, телефон қўнғироқлари эшитилмайди, совға-саломлар қабул қилинмайди.
Эсимда бор, бир сафар Фарғонага командировкага бордим. Ишларимизни битиргач, у мени Андижонга олиб кетди. Жудаям хурсанд бўлдим. Чунки ўша пайтда газетамизнинг Андижон вилояти бўйича мухбири Фозилжон Шодмоналиев транспорт ҳодисасида вафот этган эди. Яқинларига ҳамдардлик билдирдик, мозор бошига бориб тиловат қилдик.
Демоқчиманки, Набижон акада одамийлик хислатлари ҳам устивор эди. У одамнинг кўнглини ўқир эди. Бир куни жамоадан тўрт-беш киши оилавий водий вилоятларидан бирига борадиган бўлдик. Бизнинг бир ўртоғимиз (исми-шарифини ёзсам, ҳамма танийди) ҳаммамизни уйига таклиф этди. Биз уч-тўрт машина савдо қилиб, оилавий йўлга тушдик. Сўраб-суриштириб, уйини топиб олдик. Борсак, э, келдинглармией, мен сизларни келмайди деб, ҳазиллашгандим, дейди. Умуман, ҳеч қанақа тайёргарлик йўқ. Кейин Набижон акага телефон қилдик. У бир соатда етиб келди ва вазиятни дарров тушунди. Ҳаммамизни бир чойхонага олиб бориб, зиёфат қилди. Кейин Шоҳимардонга олиб бориб, катта бир дачада меҳмон қилди. Шоҳимардонни роса томоша қилдик. Ўша куни тоғда жуда чиройли дам олдик. Эртасига шаҳарга тушиб, Фарғона бўйлаб саёҳат уюштирилди. Бир чойхонада тамадди қилиб, қайдасан Тошкент деб йўлга тушдик.
Ёнимизда бошқа меҳмонлар ҳам бор эди. Улар ҳам Наби аканинг тантилигига тан беришди. Агар Наби ака бўлмаганда водийда хор-зор бўлар экансизлар, дейишгани ҳали ҳам ёдимда.
Бунақа воқеаларни санаб адоғига етиш қийин. Икром ака Ўтбосаров билан бориб, Наби аканинг уйида меҳмон ҳам бўлганмиз. Фарзандларини, кеннойини кўрдик. Лаззатли таомлардан тановвул қилдик.
Афсуски, ана шундай олижаноб инсон орамизда йўқ. “Халқ сўзи”дан ишдан кетганлигининг сабабини ҳам билмайман. Эшитишимча, у вилоят газетаси муҳаррири ҳам бўлган. Кейинчалик Марғилон туман газетасига раҳбарлик қилган.
Ажал ҳеч кимни аяб ўтирмас экан. Масалан, мен Фарғонани Наби акасиз тасаввур қилолмайман. Ҳатто бир марта водийдаги қайси бир санаторийда қисқа муддатли дам олиб, Тошкентга қайтганимда, нега бизга айтмасдан чегарани буздингиз, деб жуда қаттиқ хафа бўлган эди.
Набижон Собир бугун орамизда йўқ!
Энди Набижон Собирнинг қаҳқаҳасини, аскияларини бошқа эшитмаймиз!
Энди Фарғонага кираверишдаги дарвоза бизни Набижон Собирсиз сўппайиб кутиб олади.
Энди бизни Шоҳимардон деган жаннатга ким олиб боради?
У чиройли яшади!
У дўстларларининг кўнглини чиройли қилиб олди.
Ҳатто унинг бизнинг хато-камчиликларимиздан ўпкалашлари ҳам чиройли эди.
Мен кеннойимга, фарзандларига сабру бардош тилайман, дўстимизнинг жойлари жаннатдан бўлсин. Назаримда, у гўёки жаннатда бизни кутиб олишга ҳозирлик кўргани кетганга ўхшайди!
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*