Menu
Categories
Фозил Фарҳод: БУЮК МУАЛЛИМ (Баҳодир Йўлдошев вафотига оид)
05/17/2021 Бош мақола

May be an image of 1 person
Буюк муаллим
Юртда театр қолмади. Ҳамма томон енгил томошага тўлиб кетди. Шунда у жамиятга бегоналашди. Худди ер тагига кириб кетадиган риёзатчиларга ўхшаб, “Дийдор” театр студиясини очди. Устоз кўрмаган, муаллимсиз танилган, нима қиларини билмай тентираб юрган артистлар унга интилиб кела бошлади. У ўзида борини уларга қолдириб кетишга уринди.
Мен ҳақиқий театрни “Дийдор”да кўрганман. Ҳақиқий спектаклларни “Дийдор”да кўрганман. Ҳақиқий режисссёрни “Дийдор”да кўрганман. Ҳақиқий актёрлларни “Дийдор”да кўрганман. Актёрларига қўшилиб, кулганман, изтироб чекканман, хурсанд бўлганман, йиғлаганман.
У тартибни қадрларди. “Ўзбекистон 24” телеканалида ишлаган кезларим “Ахборот”га лавҳа тайёрлаш учун Баҳодир аканинг ёрдамчилари Анвар ака билан учрашув вақтини келишиб олдик. Аксига олиб, ўша куни камерани олиш муаммо бўлиб, тасвирга олишга кечикиб бордим. У кишининг шундай жаҳли чиқардики, гўё очун остин-устун бўлган. “Бу съёмка менга керак эмас, сизга керак! Сизни деб болаларимни (талабаларимни) оч ушлаб ўтирибман”, деб бақирарди.
Шу ерда ҳам у ўзини эмас, полопонларини ўйларди. Узр сўрадим. Бироздан сўнг ҳовуридан тушди ва суҳбатни бошладик. Ярим соатдан кўпроқ суҳбатлашдик, тасвирга олдик. Суҳбатнинг беш-олти дақиқасини “Ахборот”га лавҳа қилиб бердим. Қолгани ўттиз дақиқалик кўрсатув бўлди. Телеканалнинг кун раҳбари Маҳмуд Орипов кўрсатувни қисқартирмасдан эфирга берди. “Баҳодир Йўлдошев шунга арзийди”, деди. Лавҳа ҳам, кўрсатув ҳам архивимда бор. Фурсат топсам, уни сизларга улашаман.
Кеча “Маданият ва маърифат” телеканалидан Баҳодир Йўлдошевнинг маҳорат дарсини қўйиб беришди. Кўрсатувни ёзиб олиб, уйда — оида даврасида қайта-қайта кўрдик. У “Маҳорат дарси”да худди охирги гапини айтаётган нуроний инсондай жуда кўп ҳақиқатни, насиҳатни айтди. Кулди, қайғурди, ўкинди, йиғлади, йиғлатди.
Худди олам рангсиз бўлиб қолгандай туюляпти. Эсиз! Театрларда режиссёр қолмади. Ўзбек санъати Баҳодир Йўлдошевидан айрилди.
Худойим, раҳматингга ол буюк муаллимни. У боряпти.
Фозил Фарҳод
@fozilfarhod
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*