Menu
Categories
Норқобил ЖАЛИЛ: МАКТАБ КЎРГАН ОДАМ (Абдусаид Кўчимовга аталган дилрозлари)
05/17/2021 Бош мақола

May be an image of Abdusaid Kochimov
МАКТАБ КЎРГАН ОДАМ
Ҳаммамиз қайсидир маънода, мактаб кўрганимиз рост. Каттами-­кичикми, барибир, нимадир ўрганган бўлсак, ўзимиздан уч-тўртта кўпроқ кўйлак йиртганларга эргашамиз. Уларнинг оила, иш тутуми, феъл-атвори, обрў-эътибори, ҳатто салом-алигигача ҳавас қиламиз. Лекин эплолмаймиз, очиғи, тажрибасизлик панд беради, ҳаёт ташвиш­лари олдида ожиз қоламиз. Улар эса катта авлод вакиллари сифатида эстафета таёқчасини бизларга ишониб топширгиси келади.
Вақтга таъзим қиламиз деймиз-у, уни шамолдай совуриб юбораётганимизни кечроқ англаймиз. Бўлмаса, катта умрнинг етмишинчи пиллапоясини мардона босиб ўтаётган забардаст зиёли, ҳассос шоир ва адиб, ўткир публицист Абдусаид Кўчимов ҳаёти, ижоди ҳақида билганларимдан кўра билмаганларим кўпроқлигини англаб хижолат тортиб ўтирармидим.
Билганим, устознинг биринчи китоби – “Кашфиётчи болалар” 1978 йили чоп этилганида эндигина мўйлаби сабза урган ўспирин эдим, тўққизинчи синфда ўқирдим. Ўша маҳаллари онаизоримдан эрта айрилиб, дунёга сиғмай юрганимда адабиёт ўқитувчимиз шоир Абдулла Орифнинг “Онажон” шеърини қўлимга тутқазганида шу куни… туни билан йиғлаб-йиғлаб ёд олганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Яна қарангки, неча ўн йиллар ўтиб, Абдусаид Кўчимовнинг Абдулла Ориповга бағиш­лаб тайёрлаган “Мен шоирман, истасангиз шу” деб номланган ажо­йиб китобини мутолаа қилиб киприк­ларим намланди. Ана шундагина ёнгинамизда юрган тирик даҳолар, ўлмас тоғлар – улуғ шоиру адиблар ҳақидаги тасаввур ва қарашларимиз нечоғлик ғариб ва чала-чулпа эканини англаб етдим. Қойил қолганим, Абдусаид аканинг топқирлиги, тиниқ хотираси ва афсонавий шоир феноменига чексиз эҳтироми, меҳр-муҳаб­батини маҳорат билан чин юракдан битгани эди.
Ёки Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобиловга бағишлаган “Сизни ўйлайман” бадиасини ўқиб… бирданига қабул қилолмадим. Асарнинг хотимасига келганда беихтиёр додлаб юборасан. Мана, биз қандай одам бўлишимиз керак аслида, ўткинчи обрў-мартабалар, ҳою ҳаваслардан маст юрганларнинг кўзини очиб юборишга қодир бу бадиа дегим келади. Рост-да, ҳар бир одамнинг ўзи бир даҳоча, тўрт қатор шеърсифат ё ҳикоянамо қораламаси чиқар-чиқмас, бурнига хода етмай қолиши бор гап-ку, қанчасини кўриб келяпмиз ҳам. Лекин вақт ғалвиридан қай бири эсон-омон ўтишини ёлғиз Худойим билади. Не тонгки, бу оддий ҳақиқатни аллақачонлар англаб етган Абдусаид Кўчимов ўзбек адабиётида мактаб яратган устозлари (уларнинг рўйхати жуда узун ва салобатли)га бир умр таъзим қилиб келаётир ва уларнинг шаън-шавкатини, номию орини муқаддас билиб, ўз эҳтиромини асарлари орқали изҳор қилаётир. Бундай самимий эътироф ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
“Сизни ўйлайман” бадиасининг хотимасини қаранг: “Шоир­нинг бетакрор хис­латларини эслаган сайин юрагим ачишади, дилгирлигим ошади. Ақлим бир нарсани айтса, юрагим бош­қа нарсага ундайди. Инсон зотининг бир-бирига бефарқлигидан, ҳаёт­нинг бераҳмлигидан танг бўламан, эзиламан. Биз гоҳида билиб-билмай қанчадан қанча соф диллар самимия­тини поймол қиламиз. Инсонларнинг қадрига етмаймиз, қадрламаймиз ва кейин афсусланиб юрамиз. Ҳозир мен ҳам ўз вақтида унинг қадрига етмаганимни ҳаётимнинг улкан йўқотишларидан ва энг катта хатоларимдан бири деб биламан. Энди ҳеч қачон Барот Бойқобиловни кўрмаймиз. Бундан бу ёғига бизнинг кўнглимизга тасалли берадиган ҳодиса у қолдирган адабий мерос”.
Адибнинг “Икки баҳор”, “Қиёфа”, “Ёсуман”, “Баланд тоғлар”, “Муҳаббат боғлари” , “Эл сув ичган дарёлар”, “Сайланма”си яна бошқа ўнлаб китоб ва эссе, бадиаларини ўқиб, адабиётшуносларгаям маломат қилмоққа ҳақлимиз деб ўйладим. Нега дерсиз, ўзбек адабиётида ўзига хос мактаб яратиб кетган неча ўнлаб шоир ва адибларнинг бетакрор ижодини таҳлил ва тадқиқ этишда ҳамон оқсаш кузатиляпти. Шахсан мен замондош ижодкорнинг қаламига мансуб икки асар, яъни “Бу дунёда шундай яшасанг…” ва “Сизни ўйлайман” деб номланган эссе ва бадиасини мутолаа қилиб, ҳатто мустақиллик даврига келиб ҳам ўз мақомини йўқотиш даражасига тушиб қолган ўзбек тилимизга хос, ҳатто унутилаёзган айрим халқона ибора ва сўзлар бўйича алоҳида илмий изланиш олиб бориш мумкинлигини анг­ладим. Эътибор беринг-а, “толтуш”, “ҳаққос рост”, “Ё фалаксан!”, “чоркунжак”, “даггўри”, “панг­лаган”, “алҳайда”, “чилғий”, “нажарам”, “оёқёйди” ёки “гашти пешин”, “эватайи”, “карж-карж тоғлар”, “кимнеччи” каби сўзлар изоҳталаб бўлиши мумкин, лекин улар бой хазинамиздан айрим намуналар, холос. Биламан, бу алоҳида мавзу. Лекин устознинг асарлари баҳонасида кўнгилдаги аламли иштибоҳларни ҳам айтмоқ мавриди ҳозир.
Азим Суюн “Ўзбекистон овози” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган суронли даврда мен фан ва маданият бўлимида мудир эдим. Ўшандаёқ бир оддий ҳақиқатни анг­лаб етганман: яъни ўзига ишонган қаламкаш борки, бирор нарса ёзса, ташлаб кетади ва қайтиб сўрамайди. Энг ёмони, хира пашшадек кунда-шундалардан безор бўлардик, ҳали телефон қилади, ҳали муҳаррир ҳузурига чақиртиради. Ҳозирам бундай тоифалар сероб. Лекин Абдусаид аканинг саҳифа-саҳифа публицистик мақолалари, шеърлари босилган бўлса, бирор марта сўраттирмаган. Бўлмаса, ўша даврдаям акамиз кичкина лавозимда ишламас, “вёрстка” (саҳифалаш жараёни) куни хонамизга келиб, қани, устозлар, биздан не хизмат, деб камтарлик билан кулимсираб ўқиб кетарди. Бу воқеаларга журналист иним Ҳусан Эрмат ҳам гувоҳ.
Раҳматли Азим аканинг бир гапи сира эсимдан чиқмайди: “Абдусаид нега ҳаммага устоз деб илтифот қилади, биласанми? Билмайсан. Сенлар ҳали жудаям ғўр, ё пишасан, ё пишмайсан. У ёшлигиданоқ устозлари этагидан маҳкам тутган пишиққина шогирд, катта мактаб кўрган. Қуддус Муҳаммадийдан тортиб, Толиб Йўлдош, Саид Аҳмад, Шукрулло, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, э, барининг кўнглини олади у. Оқибатли, одам айирмайди. Ҳеч қачон бировга ҳасад қилганини билмайман. Болалар газетасида кўп ишлагани учунми, феълиям болажон. Ёмонлик соғинмайди ҳеч кимга, қанчаси ғийбат қилади ортидан, лекин у шундайларга ҳам қўлидан келгунича яхшилик қилаверади. Ёшу қарини ўзига устоз деб билади, ўргатмаса ҳам ўргатади доим”…
Тақдирни қарангки, устоз Азим Суюн хасталаниб, касалхонада ўлим билан олишиб ётган кезлари Абдусаид ака “Шоирим” деб аталган гўзал ва дардли бир шеър битдики, ўқиган одамнинг юраги ҳаприқади, руҳланади. Бу бағишловни ўзига ўқиб беришганида Азим ака қиёматли дилдоши, елкадошини қанчалар дуо қилган экан…
Қани саргашта қуюн,
Наҳот, ғолиб чиқди дард.
Наҳотки, эгди бўйин,
Азим Суюндай жўмард?
Ярашмайди сизга жим,
Қараб ётмоқ зоғларга.
Туринг, кетдик, шоирим,
Туринг, кетдик, тоғларга!
От қўйиб етгаймиз, шаън,
Накурт деган қишлоққа.
Сиз менга ҳадя қилган
Абдусаид булоққа…
Бугун Абдусаид Кўчимовнинг журналистикамизда ҳам ўзига хос ўрни, нуфузи бор. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларга ҳозиржавоблик билан холисона муносабат билдириб келади. Қалби доимо уйғоқ ижодкор ҳар жабҳада фаол ва кўпчиликка ибрат бўлгулик. “Нима учун биз бир сифатсиз маҳсулот чиқарган одамни қамаймиз, суд қиламиз? У битта одамга зарар етказган бўлади, лекин ёлғон, нотўғри информация бир неча юзлаб ёки минглаб инсонларнинг хаёлини бузиши мумкин. Бу жуда катта жиноят. Буни ҳис қилиш керак. Сўз бу – отилган ўқ. Уни қайтариб бўлмайди, у теккан жойига зарар етказмай қолмайди” дея куйиниб ёзади устоз.
Ҳаёт ва Адабиёт мактабида ўз ўрнини топа олган ва залворли ижоди билан Қалам ва Сўзга ҳамиша содиқ қолиб, юрагидаги бор дарду алам, қувончини дадил ва мардона айтиб келаётган Абдусаид Кўчимовга яхшиликлар ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!
Норқобил ЖАЛИЛ
Манба: “XXI asr” газетаси, 13 май(19-сон) 2021 йил
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*